Халқ ишончини қозониш масъулияти

113

Қарши шаҳрида Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг конференцияси бўлиб ўтди. «Zoom» дастури асосида ташкил этилган анжуманда сўнгги беш йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Таъкидландики, касаба уюшмалари афзалликларини тарғиб қилиш юзасидан амалга оширилган тизимли ишлар натижасида ҳисобот даврида 16157 та нодавлат секторига мансуб ташкилот касаба уюшмасига жалб этилиб, уларда меҳнат қилаётган 68854 нафар ходим ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий муҳофазага олинди. Касаба уюшма фаоллари ўқувига, айниқса, биринчи бор сайланган ва янгидан касаба уюшмаси тузилган ташкилотлар фаолларининг малака ва тажрибасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Жойларда ташкил этилган ўқув-семинарларда 14 минг нафардан ортиқ етакчи иштирок этди.
Бундан ташқари, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2015 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича қарийб 11 миллиард сўм миқдорида ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи тўлаб берилишига эришилди. Аммо мазкур муаммо ҳали тўлиқ ўз ечимини топгани йўқ. Шу йилнинг 1 август ҳолатида вилоят бўйича 4 миллиард 937,1 миллион сўм муддати ўтган қарздорлик аниқланди. Шундан «Косон нефт-газ қудуқларини синаш» АЖда 2186 миллион, «Қашқадарё технологик транспорт» АЖда 1520,2 миллион, «Қашқадарё пармалаш ишлари» АЖда 1200 миллион ва «Минора қурилиш экспедицияси» АЖда 1250,4 миллион сўм, вилоят «Иссиқлик манбаи» ОАЖда 562,5 миллион сўмлик иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик сақланиб қолмоқда.
Ушбу муаммога янгича ёндошиш мақсадида иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликка йўл қўйган нефт-газ ва геология тармоғининг вилоятдаги корхоналари иш берувчилари билан қарздорликни қисқартириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари тармоғи тизимидаги вилоят «Иссиқлик манбаи» АЖда ходимларга ўз вақтида тўланмасдан келинаётган иш ҳақини суд тартибда ундириш чоралари кўрилмоқда.
Қайд этилдики, ҳар йили ўтказиб келинаётган «Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови»нинг тармоқ босқичида вилоятдан 80 та корхона, ташкилот ва муассаса иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллади.
Ҳисобот даврида ходимлардан тушадиган мурожаатларни кўриб чиқиш самарадорлиги ҳам ошди. Яъни, бирлашма кенгаши ҳуқуқшунослари томонидан 1100 га яқин корхона, ташкилот ва муассасада меҳнат қонунларининг бажарилишига риоя қилишнинг аҳволи ўрганилиб, қайд этилган камчиликларни бартараф этиш бўйи­­ча амалий ёрдам кўрсатилди. Ўтган давр мобайнида бирлашма кенгашига фуқаролардан 2755 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 1909 таси қаноатлантирилган бўлса, 785 таси бўйича ҳуқуқий маслаҳат берилди, 61 таси эса тегишлилиги бўйича бошқа органларга юборилди. Ғайриқонуний тарзда ишдан бўшатилган 1926 нафар ходим қайта ишга тикланди. Меҳнаткашларнинг 535 миллион 435 минг сўм иш ҳақлари ва бошқа тўловлари ундириб берилди.
Корхона ва ташкилотларда ишловчи 21134 нафар ходим ва уларнинг яқин қариндошлари санаторийларда имтиёзли дам олдирилди. Вилоятда ҳар йили ёзги соғломлаштириш мавсумида фақат стационар типдаги оромгоҳларнинг фаолияти йўлга қўйилгани эътиборлидир. Жумладан, ҳисобот даврида меҳнаткашларнинг 112796 нафар фарзанди соғломлаштирилди.
Оромгоҳлар йўлланмаларининг асосий қисми хўжалик ташкилотлари ҳисобидан кам таъминланган, кўп болали ва муҳтож оилаларнинг фарзандларига бепул берилди. 1030 нафар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси бепул дам олдирилди.
Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига қарашли «Зиё чашмалари» оромгоҳида 2018-2019 йиллар давомида 17 миллиард сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилиб, оромгоҳ бутунлай янги қиёфага келтирилди.
«Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшовчилар ҳолидан доимий равишда хабар олиниб, уларга сўнгги беш йилда 23,5 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди.
Жамоа шартномаларига имтиёзлар киритиш орқали ҳисобот даврида 121 минг 223 нафар ходимнинг диққатга сазовор жойларга саёҳатлари уюштирилди.
Мазкур мақсадлар учун иш берувчилар ва касаба уюшмалари ҳисобидан 3 миллиард 336 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Эътироф этиш ўринлики, сўнгги йилларда касаба уюшмаларининг фаолияти шаклан ва мазмунан кенгайди. Масалан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида бир қанча ишлар амалга оширилди.
2017 йилда вилоят бўйича 90 нафар фуқарога 293 миллион 159 минг сўмлик тиббий хизмат кўрсатилиб, 1665 та оилага 1 миллиард 678 миллион 167 минг 500 сўмлик маиший техника воситалари олиб берилган бўлса, 150 та оиланинг уй-жойини таъмирлаш учун 1 миллиард 482 миллион 26 минг 500 сўм сарфланди. 2017 йилги манзилли дастурга киритилган 27 та оила уй-жой билан таъминланди. Бу каби хайрли ишлар 2018 ва 2019 йилларда ҳам изчил давом эттирилди.
Бундан ташқари, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича шаҳар ва туманлар дастурлари ижросида ҳам касаба уюшмалари фаоллари камарбаста бўлишмоқда.
Ўз навбатида вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг сўнгги беш йилдаги фаолияти бўйича тафтиш комиссиясининг ҳам ҳисоботи ­тингланди.
Шундан сўнг ҳар иккала ҳисобот юзасидан музокаралар жараёни бўлиб ўтди.
Сўзга чиққан таълим, фан маданият ходимлари касаба уюшмаси ­Республика кенгашининг вилоят ­бўйича масъул ташкилотчиси Шодмон Кубаев бирлашма фаолиятига қониқарли баҳо бериб, педагогларни соғломлаштириш самарадорлигини янада ошириш учун Федерация кенгаши раҳбариятига вилоятда дам олиш маскани қурилишига эҳтиёж борлигини таклиф сифатида айтиб ўтди.
Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг масъул ташкилотчиси Илҳом Сабдаров кластер хўжаликларининг агросаноат мажмуи тармоғида бирлашиши борасидаги таклифини билдирди.
Шундан сўнг конференция ишида қатнашган Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев сўз олиб, сўнгги йилларда касаба уюшмалари мамлакатдаги жамоат ташкилотларининг локомотивига айланганини эътироф этди.
Вилоят ҳокими ўз навбатида кўп йиллардан буён соҳа ривожига бемисл ҳисса қўшиб келаётган Эсон Ражабовни эҳтиром ва миннатдорлик белгиси сифатида тўн ва қимматбаҳо совға билан тақдирлади.
Конференция ишида қатнашган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев вилоятда касаба уюшмалари томонидан амалга оширилган ишлар бошида турган Эсон Ражабовга ЎзКУФКнинг фахрий ёрлиғи ҳамда совғасини топширди.
Ўз навбатида Эсон Ражабов ҳам юксак эътибор учун миннатдорлик билдирди.
Анжуманда делегатлар вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг янги таркибини ҳам сайлаб олишди.
Бахтиёр Жўраев бир овоздан Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раислигига сайланди.
Бахтиёр Жўраев 1962 йилда Косон туманида туғилган. Меҳнат фаолияти давомида Косон тумани ёшлар қўмитаси йўриқчиси, ташкилий ва кадрлар иши бўлими мудири, қўмитанинг биринчи котиби вазифаларида ўз ташкилотчилигини намойиш этган. 1993-1996 йилларда Косон тумани касаба уюшма кенгашини бошқарган.
1996-1998 йилларда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ташкилий ва кадрлар иши бўлими мудири ўринбосари, мудири, 1998-2008 йилларда Қарши темир йўл фуқаро иншоотларини қуриш ва таъмирлаш корхонаси бошлиғи, 2005-2006 йилларда «Қарши-Термиз» минтақавий темир йўл узели капитал қурилиш бўлими бошлиғи, 2006-2009 йилларда шу темир йўл узелида касаба уюшма ҳудудий қўмитаси раиси бўлиб ишлаган.
2009-2017 йилларда Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «Омонхона» бальнеологик даволаш маскани директори сифатида ишлаб, шифобахш сиҳатгоҳнинг нуфузини оширган, бу ерда аҳоли саломатлиги учун қулай шарт-шароитларни яратишга ўз ҳиссасини қўшган.
2017-2018 йилларда «Қашқадарё йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси директори лавозимида ишлаган бўлса, 2018 йилдан ҳозирги вақтгача эса Қашқадарё йўл қурилиш таъмирлаш унитар корхонаси раҳбари сифатида иш юритган.

Вилоят касаба уюшмаларининг фидойи кайвониси Э.Ражабов раис маслаҳатчиси сифатида фаолият юритадиган бўлди.
Конференцияда ЎзКУФК Қурултойи­­га делегатлар ҳам сайланди.

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар