Аёллар кўнглига ёқилган чироқ

125

Хотин-қизлар муаммолари ҳудудлар кесимида ўрганилиб, уларни бартараф қилишга доир манзилли дастурлар ишлаб чиқилгани узоқ йиллар давомида меҳр ва эътиборга муҳтож бўлиб келган опа-сингилларимизнинг қалбидаги умид чироқларининг қайта аланга олишига сабаб бўлмоқда.

Бир муддат аввал Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси бошчилигидаги Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш ишчи гуруҳи Хоразм вилоятида ҳам бўлиб, ҳар бир туман, ҳар бир маҳаллага кириб борган, дилида дарди бор биронта аёл эътибордан четда қолмаган эди.
Ўрганишлар натижаларига кўра, вилоятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг муаммоларини ҳал этиш учун 6 миллиард 705 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилган эди. Ушбу маблағларни манзилли ишлатиш юзасидан ҳар бир шаҳар, туман мутасаддилари билан ҳамкорликда 5 та йўналиш бўйи­­ча режалар белгиланган.

Хўш, ушбу маблағлар чиндан ҳам манзилли ишлатиляптими? Аёллар дардига малҳам бўляптими? Хотин-қизларнинг турмушларида ўзгариш борми? Шу саволларга жавоб топиш мақсадида вилоятнинг Хива ва Янгиариқ туманларида бўлиб, касаба уюшмалари кўмагидан баҳраманд бўлган аёллар билан учрашдик.

Навбаҳор Саъдуллаева уч фарзандини ёлғиз тарбиялаб келмоқда. Ота-онаси гунг-соқов бўлгани сабабли Навбаҳорни ҳаётда қийналмасин деб, чаққон ва меҳнатсевар қилиб тарбиялашди. Бироқ тақдир синовларини енгиш ҳар доим ҳам осон бўлавермайди. У ота-онаси билан Хива туманининг «Дашёқ» маҳалласидаги эски ҳовлида яшаб келаётган эди. Бу орада отасининг устига эски девор қулаб тушиб, ҳаётига зомин бўлди. Мана шундай оғир кунларни бошдан кечириб туришганида уларни касаба уюшмалари фаоллари йўқлаб келди. Навбаҳор кўнглини бўшатишга баҳона топилганидан фойдаланиб, ичидагиларни тўкиб солди.
«Сизга, албатта, ёрдам берамиз» деган ваъдага аёл унчалик ишонмаган бўлса ҳам, дардини айтганидан мамнун эди.
Орадан кўп ўтмай хонадонга туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутасаддилари келишди. Олийҳиммат инсонлар кўмагида ушбу оила учун янги уй қурилиши бошланди. Касаба уюшмалари ҳисобидан соғин сигир берилди.
– Очиғи, ҳаётимиз бунчалик тез ўзгаришини кутмагандим, – дейди Навбаҳор. – Янги йилни янги уйда кутиб олиш ҳаракатидамиз. Қўшниларимиз бизга берилган сигир бозорда 10 миллион сўмдан қимматлигини айтишди. Ҳар куни 6-7 литр сут соғиб оляпман. Рўзғордан ортганини сотиб, кам-кўстимизга ишлатяпмиз.
Ҳа, бир аёлнинг кўзидан ёш, қалбидан ғам аригани эътирофга лойиқ воқеа. Навбаҳор оиласининг яқин йилларда ўз иқтисодий шароитларини яхшилаб олишига ишонади.
Манзилли дастур асосида Хива туманидаги 17 та оилага қорамол, 6 нафар аёлга тикув машинаси, 7 нафар аёлга бир миллион сўмдан кўмак берилди. Бу эса уларнинг рўзғорига барака олиб кирмоқда.
Янгиариқ туманидаги «Ro’za Ro’za Gullari» корхонасига 17 нафар аёлни иш билан банд қилиш шарти билан уч йил муддатга 150 миллион сўм имтиёзли кредит берилган эди. Қисқа муддатда Гулланбоғ қишлоғида корхонанинг янги биноси қуриб битказилди. МЧЖда илгари 4 нафар ишчи фаолият кўрсатаётган бўлса, эндиликда 23 нафар киши иш билан банд. Уларнинг 17 нафари аёл. Ҳозирда улар болалар боғчалари учун кўрпа-­ёстиқ тикишяпти. Корхона ўтган икки ойда 84 миллион сўмлик тикувчилик маҳсулотлари сотишга муваффақ бўлди. Аёллар ишига яраша 700 минг сўмдан 1 миллион 500 минг сўмгача ҳақ олишяпти. Корхонада касаба уюшма қўмитаси ташкил қилиниб, Зуҳра Бобожонова бошланғич ташкилот раиси қилиб сайланди. Жамоа шартномасида хотин-қизлар манфаатларини ифодаловчи қатор шартлар борлиги янги иш бошлаган қишлоқ аёлларини мамнун қилди. Бу аёллар илгари ҳеч қаерда ишламаган, фақат пахта терими мавсумида бир-икки сўм пул топиш имконига эга бўлган. Эндиликда ҳар ойда иш ҳақи олаётгани уларга ўзларини жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ҳис қилиш имконини бермоқда. Улар билан суҳбатлашганимизда, ­оилаларидаги жанжаллар барҳам топганини, ҳам ишга, ҳам рўзғор юмушларига бемалол вақт топишаётганини айтишди.
Корхонада тез орада новвойлик ҳам йўлга қўйилади.
– Биз қадим Хоразм нонларини қайта тик­ламоқчимиз. Момоларимиздан эски рецептларни ўргандик, – дейди Зуҳра Бобожонова.
Ҳа, аёлга имкон берилса бас, янги ғоялар ўз-ўзидан келаверади, қўллаб-қувватланса, бу ғояларни амалга ошириш ҳам опа-сингилларимиз учун қийинчилик туғдирмайди.

Умуман, шу кунга қадар вилоят бўйича ўз-ўзини банд қилиш имкониятига эга хотин-қизлардан 237 нафарининг бандлиги таъминланди. Бунинг учун 1 миллиард 55 миллион сўм маблағ сарфланди. Жумладан, 56 нафар аёлга соғин сигир, 72 нафар аёлга тикув машинаси, 6 нафар аёлга пишириқ ва нон пиширишга мўлжалланган печ олиб берилди. 66 та хонадонга иссиқхона, 10 нафар аёлга новвойхона қурилди.

9 та корхонага 628 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилиб, 66 нафар нафар аёлнинг доимий бандлиги таъминланди. 27 нафар аёлнинг турмуш шароитларини яхшилаш учун маиший техникалар олиб берилди, 167 нафар аёлга соғлиғини тиклаши, коммунал тўловлардан қарзини тўлаши учун моддий ёрдам кўрсатилди, 50 нафар аёлнинг фарзанд­ларига кийим-кечак олиб берилди. 10 нафар аёлга касаба уюшмлари тизимидаги санаторийларда ўз соғлиғини тиклашлари учун бепул йўлланма ажратилди.
– Амалга оширган ишларимиздан қиладиганларимиз кўпроқ, – дейди Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раисининг ёшлар масалалари ­бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Исмоилов. – Тез орада 70 нафардан зиёд опа-синглимиз ўз уйига эга бўлади, 40 дан зиёд аёлларнинг уйлари таъмирланади ва 270 нафардан зиёд хотин-қизларнинг бандлиги таъминланади. Бу хоразмлик аёлларнинг муаммолари ечим топаётганидан далолат бериши баробарида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда касаба уюшмаларининг ҳиссаси ҳам ошиб бораётганининг ёрқин кўринишидир.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар