Олтин одам, жўмард журналист эди

330

Устоз журналист Қурбон Эшматов пенсияга чиққан бўлса-да, кўнгли ва кўриниши анча ёш, қалби покиза, феъли ҳамон худди қирқ ёшдагидек «қақир-қуқур» эди. Одамзод учун ­олтмишдан кейин ҳам ўттиз беш, қирқ ёшлардаги феъли, жўмардлиги, тантилиги-ю жасоратини сақлаб қолиш жуда мушкул масала.

Бироқ Қурбон Эшматов Яратганнинг шундай буюк марҳаматига, илтифотига эришган инсонлардан бири эди. Менга шундай инсон билан саккиз йил бирга, елкама-елка ишлаш насиб қилди. Беш йил давомида битта хонада ўтириш каминага кўп нарсани ўргатди. Шу йиллар давомида бирор марта устознинг нолигани, кимдандир хафа бўлгани, кимнидир ғийбат қилганини кўрмадим. Устозга шунинг учун ҳам кўпчиликнинг ҳаваси келган бўлса, ажаб эмас.
Устоз-шогирдлигимизнинг дастлабки уч йили «Халқ сўзи» газетаси таҳририятида, сўнги беш йили «Фермер» журналида кечди. У кишининг ёзганларидан кўра кўпроқ бор-йўқлигини сўраб келадиган дўстлари, биродарлари, қадрдонлари ҳайратимни оширарди. Қурбон Эшматов ишда йўқ! Қачон келиши ҳам номаълум. Бироқ у кишини излаб келганлар соат 11га қадар хонани тўлдиради. Сабр-қаноат билан кутади. Шу орада бош муҳаррир ҳам устоз­­ни уч-тўрт марта суриштиради. Дарагини, манзилини тополмагач, устоз бажариши лозим бўлган ижодий ишларни бошқаларга бўлиб ташлайди. Энг қийинини ўзига олади. Мийиғида кулиб, «Шу-да энди, Қурбон акамиз, ҳали келсин, аризасини оламиз», дейди… Аммо ариза ёздириш қайда дейсиз? Устоз ўзининг баҳоналари, жумардлиги, очиқлиги билан бир пасда ҳамманинг кўнглини олади.
Хонага келиб, жойига киргач, сўраб келганлар икки-уч киши бўлиб эшикдан бўй кўрсатаверади. «Акажон, кирсак бўладими, салгина маслаҳатингиз, ёрдамингиз керак эди. Йўқ деманг!» Энг муҳими, устоз кутаётганларнинг ҳожатини чиқаради.
Гоҳида ташқарига чиқиб, бир дона сигарета тутатади. Шу чиқишда хонага қайтиб кирмайди. Ё радио­­га ёки телевидениега кетиб қолади. Кутилмаганда тўппа-тўғри бирон вилоятга ҳам жўнаб юбораверади. Ўзи хон, ўзи бек! Яна бош муҳаррирнинг жаҳли чиқади. «Энди кечирмайман, тамом, ишдан ҳайдайман!» дейди. Орадан бир-икки кун ўтиб, устоз пайдо бўлса, узоғи билан ярим кун худди аразлагандек муомала қилади. Хонасига чақирмайди ҳам, қаерларда юрганини сўрамайди ҳам. Аммо тез орада Қурбон Эшматовнинг ишга келмагани билан боғлиқ баҳоналари барча араз-у гиналарни тарқатиб юборади. Яна қизғин иш куни бошланиб кетади.
Қурбон Эшматовда шундай хислат бор эдики, қаерда ишлаган бўлса-да, бирорта бош муҳаррир ишдан ҳайдамаган, жаҳл устида қаттиқ гапирмаган ҳам. Онда-сонда иш ҳақи кесиб ташланган ҳолатларни эслайман. Устоз бундан ҳам хафа бўлмасди. «Отагинам, мана бир ойга қирқ минг сўм иш ҳақи олдим, сенга қарз керак эмасми? дея шарақлаб куларди. Камсуқум журналистлар учун иш ҳақини кесиб ташлаш жуда катта жазо эди. Аммо устоз бундай жазоларнинг кўпини кўрган бўлса-да, мутлақо пинагини бузмасди. У кишидаги жасорат ҳақиқатан ҳам табиий ва туғма эди.
Мен устознинг хайру-баракасига, тантилигига жуда-жуда ҳавас қилар эдим. «Сизга Оллоҳнинг назирига тушган, ака», десам, устоз «Бунинг сабабини биласанми?» деб сўрайди. Саволига жавоб тополмай елка қисаман. У киши кўзойнагини ўрта бармоғи билан бироз тўғрилаб гап бошлайди: «Ҳар йили қиш фаслида онажонимни Тошкентга олиб келаман. Янганг ҳар куни ювинтириб, сочларини тараб қўяди. Ҳафтасига бир марта мен онажонимни оёқларини тиззамга қўйиб, тирноқларин олиб қўяман, дуосини оламан»…
Қойил қоламан. Гапнинг тўғрисини айтганда, аксарият фарзанд­лар худди шу ишни қилолмаган. Ҳаттоки, айрим замондошларимизнинг хаёлига ҳам келмаган оналарни худди шундай ардоқлаш, уларга меҳр бериш. Ўзим ҳам устозимизнинг онасига кўрсатган мана шундай иззат-икромни онамга қилолмаганман.
Устоз билан орамизда бўлиб ўтган бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Янглишмасам, 2016 йилда «Фермер» журнали таҳририяти биноси чиройли қилиб таъмирланди. Қурбон ака билан бир хонада ишлай бошладик. Кунларнинг бирида устоз­­ни қадрдон дўстлари сўроқлаб келди. Салом-аликдан сўнг устоз менга бир чойнак чой дамлашни буюрди. Миқ этмай бажардим. Чой ичилди, дўстларнинг суҳбати қизигандан-қизиди. Чой дамлашлар ҳам давом этди. Қадрдон меҳмонларининг олдида устозга ҳазиллашдим:
– Менга ҳамиша чой дамла, чой қўй деяверасиз. Аслида мен бош муҳаррир ўринбосари бўлсам, сиз бор-йўғи бўлим бошлиғисиз. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ким-кимга чой дамлаб бериши керак?
Устоз ҳазилни дарров тушунди. Буйруқни авжига чиқарди:
– Иним, ҳали сен бизни зиёфатга ҳам олиб борасан. Аҳмоқ бўлмасанг, мен билан бир хонада ўтирасанми? Тур ўрнингдан, «Миллий таомлар» ошхонасига жўна. Бизга уйғурча лағмон, лимонли чой буюртма қил. Сенга ўн дақиқа вақт бераман. Жўна…
Хонада гуриллаган кулги кўтарилди. Мана шу ҳазилимиз Қурбон аканинг дўстлари Анвар Абдувалиев, Аҳрор Аҳмедов, Қуддус Аъзамов, Норқобил Жалил, Фарҳод Рўзиев ўртасида яхшигина ҳажвияга айланиб кетди. Бу гап тўйларда, туғилган кун базмларида, катта-кичик давраларда кўп бор такрорланди. Ҳатто устоз ёзаётган китобга ҳам киритилди.
Устозимиз Қурбон Эшматовнинг яна бир ёқимли хислати шуки, у киши мутлақо одам танламас, эшикдан кириб келган ҳаммага бирдек муомала қилар эди. Бирорта журналист ишдан ҳайдаладиган бўлса, дарров ўртага тушар, имкон қадар бош муҳаррирларни фикридан қайтарар эди. Шахсан менга ҳам бу борада жуда кўп ёрдами теккан. Баъзида устознинг кўрсатган мулозаматларидан хижолат бўлардим. «Қўйинг, устоз, буниси сал ортиқча бўлади» десам ҳам менга билдирмасдан инсонийлик бурчини ими-жимида бажариб қўяр эди.
Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай бағрикенг, ҳотамтой, мард бир инсон орамиздан кетди. Менимча, устозимиз ёзган минглаб мақола ва очерклар сингари у кишининг беғубор ҳазиллари, маъноли гурунглари ҳам бугунги ўзбек журналистлари қалбида бир умр муҳрланиб қолиши шубҳасиз.

Нормурод МУСОМОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар