Қанд қоғозига ўралган заҳар

141

Соат сайин эмас, дақиқа сайин янгиланаётган, ўзгараётган дунё ва рақобат майдонида яшаб қолиш, бизнеснинг давомийлиги шартларидан бири бўлиб, ҳатто мўмай даромад маҳсулот истеъмолидан инсон саломатлигига етадиган салбий таъсир ёки ножўя таъсир эҳтимоллари ҳам бироз четга суриб қўйилади. Ёки бошқа бир асосли сабаб билан ниқобланади. Қарабсизки, сифат назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказлари ҳам бундай маҳсулотлар савдосига қаршилик кўрсата олмайди.

Бугун дўконлар ва дорихоналарда думалоқ бежирим идишчаларда пайдо бўлган «никотинли қопчалар»га кўзингиз тушган ёки хабар топган бўлсангиз керак, албатта. Қадоқда кўрсатилган «20 ёшдан катталар учун», «Маҳсулот никотинaни ўз ичига олади, у ўзига қарам қилади» деган огоҳлантирувчи ёзувлар киритилгани аслида ёш ўсмирларни ушбу маҳсулот истеъмолидан ҳимоя қилувчи ёрлиқдек туюлса-да, амалда эса ишлаб чиқарувчиларни «Мана биз маҳсулотимиз қадоғига унинг зарари ҳақида огоҳлантирувчи ёзувларни киритганмиз» қабилида иш тутиб, бемалол қонуний савдо фаолиятини йўлга қўйишига шароит яратади. Афсуски, шу пайтгача хорижда кенг тарқалган ушбу никотинли қопчалар ва ундан аввал пайдо бўлган никотинли конфетларни билиб-билмасдан истеъмол қилувчилар ва жабрланувчилар 20 ёшга ҳам тўлмаган ўсмир ёшлардир.

Бирининг ўрнига бошқаси…
Никотинли конфетлар ва сақичлар илк бор Швецияда пайдо бўлиб, 2000 йилларда Россия бозорларига ҳам кириб келди. Оқибатда истеъмолчи организми сигаретга нисбатан икки уч баробар кўпроқ никотин билан зарарланишни бошлади. Энг хавотирлиси, конфет ва сақичларга ҳушбўйлантирувчи моддалар қўшилганлиги боис, ота-оналар фарзанд­лари никотинли тамаки истеъмол қилаётганлигини билмасликлари ҳам мумкин. Фақатгина бироз муддат ўтгач, никотиндан заҳарланиб бораётган боланинг сирли ҳаракатлари, рангу рўйи ва руҳий ҳолатидаги ўзгаришлар барчасини «сотиб қўяди».
– У оғиз бўшлиғида шимилганлиги боис, ошқозон орқали сўрилади ва кейинчалик ошқозон яраси ва ракини пайдо қилиши мумкин, – дейди Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология бўлими мудири Неъмат Эшбоев. – Мунтазам истеъмол қилиш организмда никотинга кучли қарамликни чақиради ва ўсмир олдинги дозага қаноат қилмай, уни ошириб боради. Узоқ муддат истеъмол қилиш натижасида ошқозон, ошқозоности бези ва ўпка раки касалликлари келиб чиқиши мумкин. Оғиздан бадбўй ҳид келадиган бўлиб қолади ва милк ўзгаришга учраб, тишлар жойлашувида қийшайиш ҳамда муаммолар пайдо бўлади. Бундан ташқари, ўсмирда юрак етишмовчилиги, қон босими ошиши каби касалликлар ҳам келиб чиқиши мумкин.
Россия ва бошқа МДҲ мамлакатларида ўсмирлар катта қизиқиш билан ушбу сақич ва конфетларга ружу қўйгани, бу улар ўртасида «мода»га айланиб кетгач, 2015 йилда ҳукумат даражасида бундай конфет ишлаб чиқарувчи фирмалар фаолияти тўхтатиб қўйилган эди. Аммо кўп ўтмай бозорда унинг ўрнига «Тамакисиз никотинли аралашмалар» ёрлиғи остида кашандалар учун мўлжалланган янги маҳсулот – никотинли қопчалар пайдо бўлди. Улар тамаки ва алькогол маҳсулотлари сотиладиган дўконларда эркин сотила бош­ланди. Хавотирлиси, бир пачка сигарет маркасига қараб 10мг.дан 20 мг.гача никотин сақласа, бир шайба идишда 24 та никотинли пакетчалар мавжуд бўлиб, улар турига қараб 20 мг.дан 30, 40 мг. никотинни ўзида сақлайди. Катта ёшдаги киши никотинли қопчалардан таъбига қараб истеъмол қилиши мумкин, аммо ўсмирлар тез ривожланувчи никотинга бўлган қарамликни бошқара олмайди, оқибатда дозани ошириб юбориши натижасида ўзини ҳалокатга маҳкум этади.

Мамлакатимизда
вазият қандай?
Мавзуни ўрганиш аввалига «Бу қопчалар ҳали пойтахтимиздаги айрим дўконларгагина кириб келган бўлса керак» деган хаёл менга тасалли бергандек эди ва ҳар эҳтимолга қарши пойтахтимизнинг Миробод туманида жойлашган, уйимизга яқин ҳудудлардаги дўкон ва дорихоналарга бирма-бир кириб чиқа бошладим. Тўртта дорихонанинг ҳеч бирида маҳсулот сотилмаётган экан. Ҳатто дорихонада ишлаётган аёл сотувчилар бундай маҳсулот ҳақида билмаслигини айтишди. Аммо озиқ-овқат, салқин ичимликлар сотиш билан шуғулланувчи 9 та дўконнинг 3 тасида бежирим идишчаларга жойланган никотинли қопчалар сотилаётганининг гувоҳи бўлдим. Сотувчилар маҳсулотга «Сигаретнинг носга ўхшаб тайёрланган замонавий варианти» дея таъриф беришди. Тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи дўкон сотувчиси эса янги турдаги маҳсулотни 20 ёшдан кичикларга сотмаётганлигини, ўз вазифасига хилоф иш тутмаслигини билдирди. У никотинли қопчалар асосан аёл кашандалар томонидан сотиб олинаётганини, бу қопчалар сўрилгани боис, ўзидан ҳеч қандай ҳид қолдирмаслигини, аёлларга эса чекканда тамаки ҳиди қолиб кетмаслиги ҳар жиҳатдан қулайлигини айтди.
Шу ўринда маълумот учун айтиб ўтсак. Мамлакатимизда «LYFT» номи билан қадоқланган никотинли қопчалар кенг тарқалган бўлиб, у Тошкентдаги British American Tobakko компанияси томонидан ишлаб чиқилган. 2019 йил сентябрь ойида пойтахтимизда илк презентацияси ўтказилган. Маҳсулот маҳаллий корхоналардан бири AJ QK «UZBAT A.O» томонидан бозорга чиқарилади. Қадоқдаги ўзбекча ёзувлар орқали маҳсулот таркибига қўшилган моддалар, огоҳлантириш маълумотлари, шикоятларни қабул қилиш манзили билан танишиш мумкин. Шунингдек, ҳар бир қопча 0,7 мг. оғирликка эгалиги қайд этилган. Бироқ унинг таркибида никотин неча мг.ни ташкил этиши ҳақида маълумот берилмаган.
Шунингдек, бу каби бошқа ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг ҳам мамлакатимизга ноқонуний олиб кирилиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича Республика божхона қўмитаси билан боғланганимизда, улар бундай ҳолатлар аниқланмаганини айтишди. Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология бўлими ва Тошкент шаҳар норкология диспансерига ҳам никотинли пакетчалар истеъмоли билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар ва мурожаатлар бўлмаганини аниқладик. Аммо маҳсулот савдоси билан боғлиқ айрим кузатувлар хотиржамликка берилишимизга асос йўқлигини кўрсатди.

Хурсанд бўлишимизга
асос йўқ
Миробод туманидаги бекатлардан бирининг биқинида салқин ичимликлар дўкони жойлашган. Манзилдан 200-250 метр узоқликда иккита мактаб ёнма-ён. Бу икки ўқув масканида уч мингга яқин ўқувчилар таҳсил олади. Уларнинг кўпчилиги шу бекатдан уйларига йўл олишади ва бекат биқинидаги дўкондан ул-бул нарса ҳарид қилаётган болаларга тез-тез кўзим тушади. Буни қаранг-ки, шу дўконда ҳам никотинли қопчалар эркин сотувда экан. Дўкондан тамаки сотиб олган 40 ёшлар чамасидаги юртдошимизни саволга тутиб, уларнинг никотинли қопчалар ҳақида нималар билиши билан қизиқдик.
Қисқа суҳбатда юртдошимиз бу дўкондан мунтазам тамаки сотиб олишини, «LYFT» идишчаларидан бир неча бор мактаб ўқувчилари сотиб олаётганига кўзи тушгани, унинг қандай маҳсулот эканига қизиққани ва ич-ичидан сигаретнинг ўрнига чекиладиган қандайдир нарса бўлса керак, деб ўйлаганини яширмади.
Албатта, никотинли қопчалар бугун ўзбек бозори учун янги маҳсулот. Ёшлар эса табиатан янгиликка ўч бўлишади. Норкология диспансери ёки шошилинч тез тиббий ёрдамга мурожаатлар бўлмагани яхши, аммо бир кунлик ўрганишимиз давомида мактаб ўқувчилари томонидан бундай қопчалар сотиб олингани ҳақидаги далиллар билан юзлашдик. Жойларда эса қанчадан-қанча шундай дўконлар мавжуд ва уларда ҳам бундай маҳсулотлар ёш ўсмир болаларга сотилмаётганига ҳеч ким кафолат беролмайди. Аксига олиб унинг савдосига мамлакатимизда ҳеч қандай чекловлар ҳам йўқ. Демак, бу хурсанд бўлишимизга асос йўқлигини, аксинча, маҳсулот ёшлар орасида оммалашиб кетмаслиги, заҳри қотил оилаларимизнинг келажак умидларини сўндирмаслиги учун ўз вақтида чора кўриш зарурлигини англатади.

Маълумотларга кўра, Беларус, Қозоғистон, Россия каби давлатлар никотинли қопчаларнинг сотувини 2019 йил охири ва 2020 йилнинг бошларида тақиқлашга эришди. Бинобарин, бизда ҳам дўконлар ва айрим дорихоналарда (ўрганишларимиз давомида суҳбатдошларимиз айрим дорихоналарда ҳам сотилаётганлигини айтишди) сотилаётган бундай маҳсулотларга ўрин бўлмаслиги керак. Қайсидир бир гуруҳга мансуб тадбиркорларнинг моддий фойдасини деб халқимизнинг қора кўз фарзандларининг саломатлик кушандаси бўлган никотин домига ирғитишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аксинча, ўз вақтида уларни бу каби офатлар таъсирига тушиб қолишдан асраш, қўшни давлатларда бўлгани каби бундай маҳсулотлар савдосини қонуний йўл билан тақиқлаш чораларини кўришимиз лозим.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар