Диққат: таълимда янгиликлар бисёр(ми?)

163

Мактабга илк қадам қўйган ўқувчи таълим-тарбия жараёнининг муҳим воситасидан бири – дарслик орқали дунёни танийди. Бугунги кунда Халқ таълими ваъзирлиги ва Республика таълим маркази асосий эътиборини дарсликларнинг мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб беришига қаратмоқда.
– Жорий йилдан 1-9-синфлар учун “Тарбия”, 5-, 8-, 9-синфлар учун “Информатика”, 4-,5-синфлар учун “Технология”, 4-синф “Ўзбек тили”, 10-11-синфлар учун “Она тили” ва “Ўзбек тили” ўқитувчилар учун методик қўлланмалар яратилиши асосий янгиликлардан ҳисобланади, – дейди Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов. – Дарсликларни нашрга тайёрлашда биринчи навбатда ўқувчиларнинг ёши ва психофизиологик хусусиятлари инобатга олинди. Яна бир эътиборли ҳолат – фанлар кесимида фанлараро боғлиқлик ҳамда синфлараро узвийлик таъминланади.
Дарсликлар инновацион ёндашув асосида тайёрланди. Бунда ўқувчиларда мантиқий фикрлашга йўналтирилган таълимий ўйинлар, машқлар, масалалар ва топшириқлар амалий кўникмаларни ривожлантиришга йўналтирилади. 4-, 5-синф “Технология” ва 5-, 8-, 9-синф “Информатика” дарсликлари мазмуни ўқувчиларнинг техник қобилиятини ривожлантиришга оид амалий, креатив, мантиқий ёндашувга асосланган топшириқлар билан бойитилди. 5-синф “Она тили”, 4-5-синф “Технология” дарсликлари учун илк бор ўқитувчи китоби ва мультимедиа иловалари тайёрланди.
Кўзи ожиз ўқувчилар учун чоп этилаётган брайл алифбосидаги дарсликларга бўртма шаклдаги расмлар ва хариталар киритилди. Илк бор 10- ва 11-синфлар учун 9 номдаги брайл дарсликлари ҳамда кар ва заиф эшитувчи ўқувчилар учун 4 номдаги янги дарсликлар тайёрланмоқда.
Яна бир янгилик мавзуларни қўшимча маълумотлар билан бойитиш мақсадида дарсликларга QR-код ўрнатилди.
“Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳукумат қарори билан янги “Тарбия” фани жорий этилди. “Тарбия” дарслиги “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” ҳамда “Дунё динлари тарихи” фанларини бирлаштирди. “Тарбия” дарсликларида “роле-модель”, яъни намуна келтириш замонавий педагогик методидан унумли фойдаланилган. Унда миллий ва халқаро миқёсда юксак натижага эришган инсонлар ютуқлари таҳлил қилинади. “Тарбия” фанининг аҳамиятли жиҳати шуки, у босқичма-босқич болада ўз олдига мақсад қўйиш ва унга интилиш кўникмасини шакллантириб боради. Дарслик ёрқин, рангли, иллюстрацияларга бой ва ҳар бир бўлими ўзига хос фон, миллий ва умуминсоний хулқ, ижтимоий малакани ифода этган расмлар билан таъминланган. Ҳар бир дарслик учун видео, аудио, медиа материаллар жамлашган диск берилади.
Дарсликларни чоп этиш “Ўзбекистон”, “Ғофур Ғулом” каби нашриётлар билан бир қаторда илк маротаба хусусий сектор вакиллари томонидан ҳам амалга ошириляпти. “KOLORPAK” ва “GREDO PRINT GROUP” МЧЖларда Германия ва Италиядан келтирилган энг сўнгги технологиялар, зарур жиҳоз ва ускуналар дарсликларнинг сифатли чоп этилишига хизмат қилмоқда. Ушбу босмахоналар технологиялари янгилиги эвазига кунига 10 минг (бир ойга 300 минг) китоб чоп этиш қувватига эгалиги билан ҳам аҳамиятли.

Муқаддас РАЗЗОҚОВА,
“Ishonch”

Бошқа хабарлар