Тўғри талқин у меҳнат муносабатларида муҳим аҳамиятга эга

88

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда «санитария-эпи­демиология хизмати ходимлари ёппасига ишдан бўшатилди ва уларнинг манфаатлари поймол этилди» деган мазмундаги гап-сўзлар кўпайди. Бу гапларда нечоғли асос бор? Хабарларнинг манбалари қаерда? Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши шарҳида шу саволларга атрофлича жавоб берилди.

Президентимизнинг шу йил 25 июндаги «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-­эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари тугатилиб, санитария-эпидемиология хизмати ташкил этилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур фармоннинг 14-бандида Санитария-эпидемиология хизмати ташкил этилаётгани муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари «тугатилсин» дейилган. Лекин шу билан бирга «Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари тегишинча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-­эпидемиологик осойишталик агентлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ­Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, шунингдек, уларнинг ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйи­­ча ҳуқуқий ворислари ҳисобланади» деб белгилаб қўйилган.
Қонунчиликда қайд этилганидек, корхона бутунлай тугатилган ҳолларда унинг ҳуқуқий вориси бўлмайди. Корхонанинг ҳуқуқий вориси бўлганда эса у тугатилмаган, балки қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган ҳисобланади. Аммо ўрганиш жараёнида фармоннинг тегишли банди нотўғри талқин этилиши натижасида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси тизимидаги муассасаларда «муассаса тугатилди» важи билан барча ходимларга улар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилгани аниқланди.
Табиийки, бу ҳолат тизимда меҳнат қилаётган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузиши баробарида пандемия шароитида коронавирус инфекцияси билан кураш майдонининг энг жанговар қисмида фаолият юритаётган санитария-эпидемиология тизими ходимлари кайфиятига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Бу эса турли хабарларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Тизимда меҳнат қилиб келаётган салкам 17 минг нафар ишчи-ходимнинг ҳуқуқлари тўғрисида гап кетаётганда эса муаммо кўлами янада кенгайиши, шубҳасиз.
Аслида Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари тегишинча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик ­осойишталик агентлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, шунингдек, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланиши инобатга олинса, ушбу мажбурият ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларига ҳам тегишли экани аён бўлади. Бу эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларида меҳнат муносабатларида бўлган ходимлар билан амалда бўлган меҳнат шартномалари Меҳнат кодексининг 98-моддаси 1-қисмига асосан корхона қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган, қайта тузилган, ажратилганда) меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этиши лозимлигини англатади. Соддароқ қилиб тушунтириладиган бўлса, амалдаги қонунчиликда ташкилот бутунлай тугатилган ҳолатда унда ишловчи барча ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилиниши, ташкилот қайта ташкил этилган ҳолатда эса ҳозирда меҳнат қилаётган ходимлар ўз меҳнат фаолиятини давом эттиравериши, фақатгина лавозими қисқараётган ходимларга бу ҳақда огоҳлантириш хатлари берилиши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, қонунчиликда ташкилот қўшиб юбориладиган ҳолатда қонун қарамоғида икки ва ундан ортиқ киши, оиласининг якка-ёлғиз боқувчиси ва кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлганлар, шу корхонада меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинганлар ва бошқа бир қатор имтиёзга эга бўлган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга умуман йўл қўйилмайди.
Кўриниб турибдики, амалдаги қонунчиликда «корхонанинг тугатилиши» билан «корхонанинг қайта ташкил этилиши» тушунчаси ўртасида меҳнат муносабатларини қўллашда жуда катта тафовут мавжуд.
Шу сабабли Республика кенгаши Соғлиқни сақлаш вазирлигига бу жараённи «ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқаргани» деб таснифлаш ва ходимлар билан боғлиқ барча меҳнат муносабатлари ушбу тасниф талаблари асосида амалга оширилиши устидан назорат ўрнатиш бўйи­­ча тавсия киритди.
Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясига «ходимларга муассаса тугатилди» деган важ билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида берилган барча огоҳлантириш хатларини қайтариб олиш, шунингдек, Қорақалпоғистон Респуб­ликаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик ососйишталик ва жамоат саломатлиги ­бошқармалари ва бўлимларининг таркибий тузилмалари, хизматнинг марказий аппарати ҳамда таркибий муассасалари штат жадваллари тасдиқлангандан кейин фақатгина ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ­ҳажми қисқарган ходимлар билангина меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкинлиги ва бундай ҳолларда Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига асосан имтиёзга эга бўлган ходимларнинг меҳнат хуқуқларига қатъий амал қилинишини назорат қилиш юзасидан тақдимномалар юборилди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, эндиликда қонун ҳужжатини нотўғри талқин қилиш оқибатида юзага келган хавотирларга ўрин йўқ. Барча соҳалар сингари санитария-эпидемиология ходимлари ҳам касаба уюшмалари эътиборида. Уларнинг қонуний манфаатларини бузишга асло йўл қўйилмайди.

Фарҳод ҲАНАПИЯЕВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари
касаба уюшмаси Республика
кенгаши раиси

Бошқа хабарлар