Самарали фаолият эътирофи

221

Етакчи ҳалол, адолатли, ғамхўр ва ҳамкасбларига елкадош бўла олсагина иш бароридан келади, ходимларнинг эртанги кунга ишончи ортади. Аксинча бўлса-чи? Истаймизми-йўқми, ўша ­масканда меҳнат муносабатларига дарз ета бошлайди.

Куни кеча Олмалиқ кон-металлургия комбинатида бундан беш йил муқаддам 40 минг нафар ишчи меҳнат ҳимояси учун бир овоздан ишонч билан сайланган Касаба уюшмаси кенгаши раиси ва фаоллар томонидан амалга оширилган 5 йиллик фаолият юзасидан ҳисобот эшитилди. «Zoom» платформаси орқали онлайн тарзда ўтган конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Ёрқин Файзуллаев, Федерациянинг юридик бўлими мудири Ҳамидулла Пиримқулов, Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов ҳамда унинг ўринбосарлари, комбинат корхоналари раҳбарлари, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича масъуллар, касаба уюшма қўмиталари раислари иштирок этди.
Конференция кун тартибига кўра, дастлаб «Олмалиқ КМК» АЖ ходимлари касаба уюшмасининг 2015-2020 йиллардаги фаолияти бўйича комбинат ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раиси Абдурашид Ҳайдаров маъруза қилди.
Таъкидландики, касаба уюшмаси ўз фаолиятини комбинат жамоа шартномасига таянган ҳолда, иш берувчи билан шериклик тамойиллари асосида ташкил этаётгани ўз самарасини бераётир. Хусусан, жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун комбинат бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга 2019 йил давомида сарфланган маб­лағ 12,9 миллион сўмни ташкил қилиб, 2018 йилга нисбатан 117,3 фоизга етган.
– Биз учун меҳнат муҳофазаси, ходимларнинг хавфсизлиги ва уларнинг саломатлиги ҳамиша устувор масала ҳисобланади, – деди А.Ҳайдаров. – Ҳисобот даврида меҳнатни муҳофаза қилиш юзасидан бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларида 218 маротаба меҳнат муҳофазаси ҳолатлари ўрганилиб, 361 та қоида ва меъёр талаблари бузилиши аниқланди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича 56 та тақдимнома киритилди ва барча камчиликларнинг ўз вақтида бартараф этилишига эришилди. Бундан ташқари, меҳнатни муҳофаза қилиш комиссияси вакиллари 72 маротаба ишлаб чиқариш воситаларини синаш ва фойдаланишга қабул қилиш, 66 марта ишлаб чиқаришдаги ­бахтсиз ҳодисаларни текшириш комиссияларида ва 11 та тиббий меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) мажлисларида иштирок этди. Ҳисобот даври мобайнида жамоатчи вакиллар томонидан 31 360 маротаба уч поғонали маъмурий жамоатчилик назорати ўтказилиб, текширувлар натижасида 44 318 та меҳнат хавфсизлиги талаб­ларининг бузилиш ҳолатлари аниқланди ва тегишлилиги бўйича тақдимномалар киритилиб, мавжуд камчиликларни пешма-пеш бартараф этишга эришилди.
Комбинатда меҳнат муҳофазаси бўйича тарғибот ишларини таъминлаш ва ходимларнинг касб маҳоратини ошириш мақсадида «Ўз касбининг моҳир устаси» кўрик-танловларини ўтказиш йўлга қўйилган бўлиб, ҳисобот даврида 360 дан ортиқ касблар бўйича кўрик-танловлар ташкил этилди, ғолиблар касаба уюшмаси Кенгашининг махсус диплом ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
«СOVID-19» касаллигининг аҳоли ўртасида тарқалишига қарши кураш кетаётган бир вақтда корхоналарда карантин талабларига қатъиян риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган бўлиб, ижтимоий назорат ишлари талаб даражасида амалга ошириб келинмоқда. Корхоналарга кириш йўлаклари, ишчилар ошхоналари ва иш тақсимлаш хоналарида тарғибот-ташвиқотга қаратилган кўргазмалар, антисептик воситаларидан фойдаланиш ва ходимларнинг ҳароратини ўлчаш каби профилактик ишлар ташкил этилган.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш, меҳнат ҳуқуқлари бузилгани ҳолатларини бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўриш касаба уюшмаси фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, Меҳнат кодексининг 101-моддасига асосан «Олмалиқ КМК»АЖ тизимидаги бошланғич ташкилотлар касаба уюшмаси қўмиталарида иш берувчининг ташаббуси билан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш юзасидан 508 та тақдимнома кўриб чиқилди. Касаба уюшмаси қўмиталари мазкур тақдимномаларнинг 199 тасига розилик бермаган ва ходимлар ўз иш жойида қолдирилган.
Ҳисобот даврида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишларни амалга оширишда ходимларни соғломлаштириш ва уларнинг дам олишини ташкил этиш муҳим ўрин тутади. Шу ўринда ҳисобот даврида дам олиш сиҳатгоҳ (санаторий)ларида 3659 нафар ходим соғломлаштирилди. 1632 та йўлланма касаба уюшмаси бюджетидан, 2027 та йўлланма ижтимоий суғурта ҳисобидан ва 136 та йўлланма бепул тарқатилди. Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги санаторийларда 263 нафар ходим, ОКМК санаторий-профилакторийсида 19 038 нафар ходим (1611 нафари бепул) соғломлаштирилди. Кўп тармоқли «Янгийўл» кардиологик санаторийсида 1605 нафар ва «Аппартак» сиҳатгоҳида 402 нафар ходим ўз соғлигини тиклади.
Меҳнаткашларнинг фарзандларини ёз мавсумларида болалар оромгоҳларида дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳисобот даврида «Гулзор», «Металлург», «Истиқлол», «Тонг» ва «Хандиза-Парвоз» каби болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 18 160 нафар 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар мароқли хордиқ чиқарди. Кам таъминланган, кўп болали ходимларнинг 1518 нафар фарзандларига бепул йўлланмалар берилди. Ҳар йили ёзги мавсумда Бўка ва Чирчиқ шаҳридаги Меҳрибонлик уйларида тарбияланувчи 40 нафар болалар учун бепул дам олиш ташкил этиб келинмоқда.
Меҳнаткашлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиб, меҳнат жамоалари ўртасида бу йўналишда кенг тарғибот ишларини амалга ошириш ўта муҳим масалалардан бўлиб, бугунги кунга қадар касаба уюшмаси Кенгаши жисмоний тарбия ва спорт бўлими қошида 16 хил спорт тури бўйича (баскетбол, гандбол, бокс, шахмат, сузиш, футбол, эркин кураш, кураш, стол тенниси, оғир ва енгил атлетика, таэквандо, велоспорт, дзюдо, каратэ ва бошқалар) 16 та секция ва 47 та гуруҳ ташкил этилган. Уларда 600 нафардан ортиқ болалар ва ёшлар машғулотларда мунтазам қатнашиб келмоқда.
Конференцияда комбинат ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши таркибига сайланганларнинг ваколатини тасдиқлаш, назорат-тафтиш комиссиясининг таркиби, «Олмалиқ КМК» АЖ ходимлари касаба уюшмаси кенгаши раисини (ўринбосарини) сайлаш, назорат-тафтиш комиссияси раисини сайлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қурултойига делегатларни сайлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши таркибига номзодлар кўрсатиш каби ташкилий масалалар кўриб чиқилди. «Олмалиқ КМК» АЖ ходимлари касаба уюшмасининг беш йил давомидаги фаолияти қониқарли деб топилиб, «Олмалиқ КМК» АЖ ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раислигига Абдурашид Ҳайдаров бир овоздан қайта сайланди.
Конференцияда сўз олган Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов комбинатда амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришлар ҳақида тўхталиб, бунда касаба уюшмаси Кенгашининг алоҳида ўрни борлигини эътироф этди.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар