Мактаб кўрмаган киночилар

214

Кимнингдир айби ёки хатоси деб бошқаларнинг жабр чекиши, шундай вазиятларнинг экранда меъёрдаги табиий ҳолдек талқин этилиши нечоғли тўғри, нечоғли адолатли? Бир неча йил олдин юртимиз кино­ижодкорлари суратга олган «Билимлар қироли» номли ­фильмни кўриш асносида шу каби саволлар туғилди.

Ўрта яшар мактаб ўқувчиларига мўлжалланган бу киноасарда айни шундай «мантиқ»қа асосланган эпизодлар борки, улар ғоя даражасига кўтарилган. Аввало Хислатилла Пўлатов режиссёрлигида яратилган, фантастик воқеаларга бой фильм тафсилотларига тўхталсак.
7-синфда ўқийдиган уч нафар «иккичи» ва тўполончи барча синфдошлари ҳамда муаллимларини хуноб қилиб юборади. Бир куни улар мактабдан қочиб, ўқув дарслик­ларини ерга ташлаб кетади. Бундан қаттиқ ранжиган дарс­ликлар «Билимлар қироли»нинг ҳузурига арз қилиб боришади. Уларнинг шикоятлари қондирилади ва сеҳр кучи билан болалар турли жазоларга йўлиқади. Чунончи, тўполончилардан бири география дарсида «Ҳиндистон шимолий қутбда жойлашган» дегани учун уч оғайни ­Арктикага, сўнг у ердан Хитойга жўнатилади. Алгеб­ра дарсида эса бир ўқувчи (ҳа, биргина бола!) икки поезднинг ҳаракат йўналиши билан боғлиқ масалани нотўғри ечгани учун бутун синф ва шу фан ўқитувчиси сира тўхтамайдиган қандайдир тезюрар поездда пайдо бўлиб қолишади. Рўпарадан эса бошқа бир поезд яқинлашиб, тўқнашув хавфи туғилади. Гап шундаки, ҳалиги боланинг хатоси учун «Билимлар қироли» унга қўшиб қолганларни ҳам сеҳр-жоду воситасида жазолайди. Агар ўқувчи масалани қайтадан тўғри ишламаса, фалокат юз бериши муқаррар эди. Хуллас, охирги сонияларда хато тўғриланиб, фожиа­нинг олди олинади. Ўз навбатида, тарих дарсидаги биргина янглиш жавоб янада антиқа ҳодисага сабаб бўлади. Ҳалиги тўполончилардан бири «Ибтидоий одамлар динозавр­лар замонида яшаган» дегани туфайли тарих муаллими ва унинг ўқувчилари ибтидоий одамлар билан Юра даврига тушиб қолишади. Кўпдан-кўп хавф-хатарлардан сўнг бу оғир ҳолатдан ҳам чиқиб кетилади.
Энди шу тафсилотлардан келиб чиққан эътирозларимизни баён этсак. Собиқ шўро даврида «Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун» деган тамойил ҳукмрон бўлганини кўпчилик билади. Худди шундай адолатсиз ва мантиқсиз тутум «Билимлар қироли»да билиб-билмай тарғиб қилинган. Билимлар қиролининг мана бу гаплари ҳам ажабланарли: «Уларни (яъни уч тўполончини) ўз вақтида тартибга чақирмагани учун синф­дошлари ва ўқитувчиларини оғир аҳволга соламиз». Хўш, нега қайсидир болаларнинг айби деб ўқитувчи ва синфдош­лари ҳам азият чекиши, ҳатто ҳаётлари хавф остида қолиши керак? Нима, ҳар бир ўқувчининг зиммасида синфдошларининг юриш-туриши, хулқи, ўқишига нисбатан масъулият юклатилганми? Таълим тизимида борми шундай жавобгарлик? Шу ўринда қадимги юнон ҳикматини эслаш жоиз: «Барча одамлар фақат ўз ишлари билан шуғуллансагина, олам ­гулистон бўлади».
Бу фильмда биз мантиқ топмаган бошқа жиҳатлар ҳам бор. Жумладан, «Билимлар қироли»га кимё, она тили, чет тили, физика дарсликлари ҳам шикоят қилишади-ю, аммо негадир уларга дахлдор воқеа ва эпизодлар йўқ. Бундай тимсоллар шунчаки бекордан-бекорга тасвирланган. Қолаверса, тарих дарсида ибтидоий тузум ҳақида гап кетади-ю, боя айтганимиздек, ўқувчи айнан ўша давр ҳақидаги саволга хато жавоб беради. Ҳолбуки, 7-синфда ибтидоий жамоа тузуми мавзуси умуман ўқитилмайди. Устига-устак, география ўқитувчиси Ҳиндистон қаерда жойлашгани ҳақида савол беради. Аслида 7-синфда жаҳон география­­си эмас, Марказий Осиё ва Ўзбекистон географияси ўрганилади. Буни изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Фильм ижодкорлари булардан бехабар, шекилли? Улар арзимас туюладиган бундай муҳим деталларга ­эътиборли бўлиши лозим эди. Ҳар ҳолда, томошабинлар орасида 7-синф ўқувчилари кам эмас.
Фильмдаги бундан бошқа техник хатолар, мазмундаги ғализликлардан кўз юмиш мумкиндир… Аммо ўзбек боласи учун хос бўлмаган эпизод – бир боланинг синфдош қизни кўтариб олиши саҳнасини «ҳазм» қилиш жуда мушкул.
Яқинда «Билимлар қироли» «Bolajon» телеканалида намойиш қилинди. Бир азамат синфдош қизни қўш қўллаб кўтаргани акс этган бундай сифатсиз фильм кичкинтойларга, ёш томошабинларга, фарзандларимизга нима беришини телеканал маъмурияти тузукроқ ўйлаб кўрса, яхши бўлар эди.

Рустам ИБРОҲИМОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар