Одобли бола осмондан тушмайди

199

Ҳеч эътибор қилганмисиз – бирон ўсмир жиноятга қўл урса, «Маҳалла қаерга қараган?», «Мактаб қаерда эди?», «Ўқитувчиси нима қилган?» қабилидаги саволлар кўпаяди. Жиноят юз берган маҳалла ва мактаб маъмуриятидан кимгадир «ҳайфсан» берилган, ҳатто ишдан бўшатилган ҳолатлар ҳам учрайди. Бироқ ҳаётий тажрибалар шуни кўрсатяптики, муаммога бу тарзда ечим топиб бўлмайди. Ота-она иштирокисиз болага муносиб тарбия беришнинг имкони йўқ.

«Бола азиз, одоби ундан азиз» дейди халқимиз. Дарҳақиқат, фарзанди келажакда ўзига ғамхўр ва меҳрибон бўлишини орзу қилган ота-она унинг тарбиясига етарлича эътибор қаратиши шарт. Шунчаки қорнини тўқ, устини бут қилиб қўйиш билан мақсадга эришиш қийин. Фарзанди ҳар томонлама комил, соғлом бўлишини истаган ҳар бир ота-она ундан меҳрини, кўмагини аямаслиги керак. Фарзанд тарбиясида ўта синчковлик, ҳар боланинг ўзига хос феъл-атворидан келиб чиқиб, муомала қилиш зарур ҳисобланади. Болалар ўта фаол бўлишади. Абу Али ибн Сино «Ҳар бир ёшнинг ўз қонуниятлари бор, болалик даврининг қонунияти – бу ўйинлардир» деган экан. Дарҳақиқат, ўйинлар боланинг жисмоний ва руҳий ҳолатига ижобий таъсир этади, унинг соғлом ривожланишига кўмаклашади. Бироқ, ҳар нарсада меъёрни унутмаслик керак. Фарзандларимизнинг кун бўйи фақат ўйин билан машғул бўлиши яхшиликка олиб келмайди. Тинимсиз ҳаракат бола организмини чарчатиб қўяди. Бола бетартиб, пала-партиш ҳаёт кечиришга ўрганади. Улғайгач ҳам шу таҳлит ҳаёт кечиришга одатланиб қолади.
Кўп кузатганмиз, телевизорда бирон бир сериал ­бошланди дегунча, оналар болаларини кўчага чиқариб юборишади. Шу кетганча бола уйга қош қорайганда келади. Бу даврда бола кимлар билан ўйнади, нималар қилди – айрим оналар булар ҳақида деярли ўйламайди. Бола ёши улғайиб, гап уқмас бўла бошлагач эса «Мактабда нима ўргатишади ўзи, ўқитувчиси нимага ойлик оляпти?» дея ўзи қолиб, ўзгани айбдор қилади.
Айрим ота-оналар эса «Мен ҳаётда қийналдим, болам қийналмасин» қабилида иш тутиб, фарзандини ниҳоятда аяйди. Бу эса бола келажакда ҳаётда ўз ўрнини тополмаслигига сабаб бўлади. Моддий таъминотни тарбиядан устун қўйиш ижобий самара бермаслигини кўплаб воқеалар мисолида кўриб турибмиз.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, болани ҳақоратлаш, калтаклаш орқали унга тарбия бериб бўлмайди. Умуман, мен яхши сўз ва муносиб тарбия усулини билмайдиган ота-она мана шундай номуносиб йўл тутади деб ўйлайман. Бола билан муомала қилиш лаёқатига эга бўлмагани оқибатида ота-она уни зўравонлик билан бўйсундирмоқчи бўлади. Оқибатда фарзандини ўзидан янада бездиради. Болага руҳий-жисмоний зарар етказади.
Ушбу фикрларни битишдан мақсадимиз, ота-оналарни ёмонотлиққа чиқариш эмас. Зеро, фарзандларига муносиб тарбия бериб, жамиятнинг етук аъзолари қилиб шакллантираётган ота-оналар қанчадан-қанча.
Мақсадимиз фарзанд тарбия­сида «Оила – маҳалла – таълим муассасаси» ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти нақадар катталигини яна бир бор эсга олиш. Салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун мактаб жамоаси ва оила мунтазам равишда ўзаро мулоқотда бўлиб, боланинг ўсиши, юриш-туриши, ёшга доир айрим муаммолари, феъл-атворидаги ўзгаришлар ҳақида фикр алмашиб бориши муҳим. Ҳар бир болага индивидуал ёндашиб, бола ўзини жамоада қандай тутиши, қайси фазилатлари устун, қандай камчиликлари кўпайиб ёки камайиб бораётганини таҳлил қилиш, шунга кўра таъсир чораларини қўллаш зарур. Ўқитувчи ҳар бир ҳолатни тўғри баҳолаши, бошқа муаллимлар билан маслаҳатлашиши, болага унинг кўнглига оғир ботмайдиган қилиб тушунтириши лозим бўлади. Ўқитувчи ота-онага фарзандидаги ўзгариш­лар ҳақида гапирганда, жазавага тушмасдан, тўғри қабул қилиши, «ўқитувчинг ёмонлади» дея боласини койимаслиги керак. Аксинча, ўқитувчи билан суҳбатлашганини сездирмасдан, боланинг нуқсонларини очиқ айтмасдан, турли ривоят ва ҳикоятлар ёрдамида унга таъсир кўрсатиш йўлларини излаган маъқул.
Бола ҳеч қачон ўз-ўзидан одобли, билимли бўлиб қолмайди, одобли бола осмондан тушмайди. Етук инсон муносиб таълим ва тарбиянинг маҳсулидир.
Сентябрь – бошланғич таълим фан ойлиги, деб эълон қилинди. Биз бу ойлик, доирасида маҳалла ва ота-оналар билан ҳамкорликни мус­таҳкамлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Зеро, кўпни кўрган маҳалла фаоллари кўмагига ҳар доим эҳтиёж сезамиз.
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидаги учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани ҳақидаги фикрлар ҳаммамизнинг қалбимизда акс садо берди. Пойдеворнинг ­мустаҳкам бўлиши ва учинчи Ренессанс даврининг қанчалик тез бошланиши нафақат давлат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга, балки ҳар биримизнинг бу ислоҳотлардаги иштирокимизга боғлиқдир. Жумладан, ота-онанинг фарзандига муносиб тарбия беришининг аҳамияти катта. Шундай экан, болаларимиз олдида доим масъулият ҳис қилайлик, эртага улар билан ғурурланишимиз учун бугун муносиб тарбия берайлик.

Зебинисо ҚАЛАНДАРОВА,
Урганч шаҳридаги 93-мактаб интернати бошланғич
синф ўқитувчиси

Бошқа хабарлар