Қувонч улашаётган ташаббус

126

Ижтимоий мураккаб аҳволга тушиб қолган оилалар, иш ахтараётган хотин-қизлар Каттақўрғон туманида ҳам анчагина. «Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли тадбирлар» дастури асосида уларнинг муаммоларига ечим топилмоқда.

– Уйма-уй юриб ўрганиш асносида тумандаги ўнга яқин оилаларнинг бошпанага эга эмаслиги аниқланди, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Туман ҳокимлиги билан бамаслаҳат чора-тадбирлар изланди. Қўли калта, ночор оилаларга янги уй қуриб беришга келишилди.

Ўтган олти ойда Каттақўрғонда чинакам ҳаёт қайнади десак, асло муболағага йўйманг. Қурувчилар кунни тунга улаб меҳнат қилишди. Савобли-хайрли ишнинг баракаси бўлади, деганларидек, «Боғот» маҳалласига файз бағишлайдиган даражадаги, ҳар жиҳатдан шинам ва замонавий 10 та ҳовлили уй қад ростлади. Ҳокимлик ва касаба уюшмалари тамал тошини қўйган бу тураржой мажмуалари «Темир рўйхат»га олинган, қийналган оила соҳибаларига бепул тақдим этилди.

– Замонавий уй-жойлар қурилишига бюджет маблағларини жалб этмаган ҳолда 1 миллиард 600 миллион сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилди, – деди Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромов янги уйларни ўз эгаларига топширишга бағишланган тадбирда. – Туманимиз тадбиркорлари, саховатпеша инсонларидан беҳад миннатдормиз. Касаба уюшмаларининг 643 миллион сўмлик мадади аёллар муаммосига ечим топишимизда қўл келди. Хонадонларнинг барчаси туман «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан жиҳозланди. Ҳар бир оилага бекаму-кўст яшаш имкониятини яратиб беришга интилдик.
Туманнинг «Найман» маҳалласи, Қиймадўз қишлоғида яшовчи Меҳринисо Эшмуродова ҳаётда қийналганлардан бири. Қисмати азалми, уч нафар фарзандидан икки нафари ногирон туғилди. Ўз ёғига ўзи қоврилиб юргани етмаганидек, турмуш ўртоғи ногирон фарзандларни рўкач қилиб, оиласини ташлаб кетди. Осмон узоқ, ер қаттиқ. Яхшики, олижаноб инсонлар кўп бу дунёда. Ишчи гуруҳи у яшаётган хонадонда бўлишди. Уй-жойсиз, уч бола билан қолган ёлғиз аёл дарди тингланди.
– Ғойибдан келадиган бахт афсона эмас экан, – дейди Меҳринисо Эшмуродова. – Тўғриси, уч хонали бундай замонавий уйнинг бепул берилишини сира кутмагандик. Бошимиз осмонга етди.
«Боғот» маҳалласининг Тегирмонбоши кўчасида яшовчи Нафиса Маъруповага ҳам бахт кулиб боқмади. У саломатлигини йўқотиб қўйгач, турмуши ҳам дарз кетди. «Касал хотин кимга керак?» қабилида иш тутган турмуш ўртоғи ундан юз ўгирди. Ўрганиш­лардан сўнг ҳокимлик Нафисани шундоқ ташлаб қўймади. Унинг ҳунарини ҳисобга олиб, ота ҳовлиси олдидан новвойхона қуриб берди. Янги хонадоннинг калити топширилганида эса Нафисанинг севинч ёшлари яноқларини ювди.
– Жигар, қавм-қариндошнинг ҳам ўз ташвиши бор, – дейди Нафиса Маърупова. – Улар тиргак, суянч бўлса ҳам бирибир бу дунёда ўзингни ёлғиз сезар экансан. Аммо бугун бу ҳолатни хаёлимдан ҳайдадим.
Сутхур қишлоғида яшовчи Шаҳноза Ортиқова 20 йилдан буён уйсиз. Уч нафар фарзанди билан турли хонадонларда ижарада яшаб келаётгани оиланинг ўзи уй қуриб олишига имкони йўқ эди. Турмуш ўртоғи Марат Ҳаитов ногирон. «Темир дафтар»га киритилган бу оилага ҳам замонавий уй калити топширилди.
Каттақўрғонда аёллар ва ёшлар муаммоларига алоҳида ёндошилмоқда. Туманда ижтимоий муаммолар қуршовида қолган, ишсиз, низоли оилалар, ҳатто хорижга ишлаб кетган аёллар муаммоларини ўрганиш мақсадида «Аёллар дафтари» юритиб келинмоқда. Ана шу дафтарда туманда яшаётган барча аёлларнинг турмуши ўз аксини топмоқда. «Ёшлар дафтари» да эса ёшлар муаммолари акс эттирилмоқда. Ҳоким ташаббуси билан аёллар таклифлари асосида қатор маҳаллаларда айнан хотин-қизларни иш билан таъминлашга йўналтирилган корхоналар фаолияти йўлга қўйилмоқда.

«Бургансой» маҳалласида барпо этилган «Жасуржон мубина» МЧЖда 50 нафар хотин-қиз ишли бўлди. Тадбиркор Мафтуна Абдувалиева ўзи ишлаб топган 100 миллион сўм ­маблағни ана шу корхона қурилишига йўналтирди. 50 миллион сўм банк кредити ва 100 миллион сўм миқдордаги Бандлик жамғармаси субсидияси кооператив йўналишдаги янги ташкилотнинг иш бошлашига имкон туғдирди.

Мирзо Улуғбек номидаги маҳаллада яшовчи тадбиркор Шаҳноза Ўролова 40 ўринли «Пайшанба текс­тил-80» МЧЖга асос солди. Бу корхона 50 миллион сўм тадбиркорнинг маблағи, 100 миллион сўм банк кредити, 200 миллион сўм касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан оёққа турмоқда.
– Янги корхона очиб, одамларни иш билан таъминлаш ниятимни касаба уюшмалари қўллаб-қувватлаганидан жуда мамнунман, – дейди тадбиркор Шаҳноза Ўролова. – Иш бошлаб юборишга деярли тайёр бўлиб қолдик. Насиб бўлса, маҳалламиз ва ёндош маҳаллаларда истиқомат қилаётган хотин-қизлардан иборат жамоамиз билан катта ютуқларга эришамиз, деб ният қилганмиз.
Хуллас, Каттақўрғон туманида ҳам ҳаёт яхши томонга ўзгариб бормоқда. Ҳовли тўйлари яхши қўшничилик ришталарига боғланмоқда.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар