Хўжайлининг янги дарвозасида кўҳна тамаддун акси

72

Хўжайли туманига кирган жойда янги рамзий мажмуа очилди. Унда туманнинг 2400 йиллик узоқ тарихига оид кўргазма ўз аксини топган.
– Бу орқали биз бутун дунёга мамлакатимизнинг бетакрор маданий меросларини, очиқ осмон остидаги ниҳоятда беқиёс тарихий ўтмишини танитиб, туризмнинг ривожланишига кенг йўл очишни мақсад қилганмиз, – дейди Хўжайли тумани ҳокими Женгис Ермашев. – Ушбу тарихий кўргазма мажмуасини яратиш ғоясини туманимизнинг ёшлари илгари сургани янада аҳамиятли.

Хўжайли Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳарларнинг бири ҳисобланади. Ўрта аср ёзма манбаларида Хўжайли шаҳри Миздакхан деган ном билан машҳур бўлган. У ҳақда X асрда истиқомат қилган араб географлари Ибн Русте ҳамда ал-Истраҳий маълумот қолдирган. Яна бир араб географи ал-Мақдисийнинг қайд этишича, Миздакхан 12 мингта феодал қалъанинг марказий шаҳри бўлган.
Шаҳарнинг энг қадимий қисми Гауир қалъа деган ном билан маълум бўлиб, у тўққиз гектардан ортиқ майдонга эга бўлган табиий тепалик саналади.
IX-XI асрларда ­қалъада янги қўрғон деворлар қад ростлаб, саройлар қурилган. Шу жойдан Хитой тангалари, Ўрта Ер денгизи бўйи халқларига оид чинни буюмлар топилган. Демак, Миздакхан Шарқ билан Ғарбни боғлаб турган.
Хўжайли – Оролбўйи­даги машҳур бешта шаҳарнинг биридир. Бу ерда одамларнинг доимий яшаётгани 2400 йилдан ошди, деган илмий тахминлар мавжуд. Хўжайли номи XVII асрда пайдо бўлган. Тарихда Хўжайли Гауир, Антакия, Миздакхан номлари билан машҳур бўлган. Хўжайлининг устидан Буюк Ипак йўли карвонлари шарқ давлатларига бетиним ўтиб турган. Шу вақтлардаёқ маҳаллий аҳоли маданият ва савдо-сотиқни ўрганган.
1221 йилда Чингизхон истилоси Хоразм юртига катта талафот келтириб, минтақадаги халқ турмушини издан чиқариб юборди. Хўжайли (Миздакхан) ҳам маълум вақт ривож­­ланишдан тўхтаб қолди.
XIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ғарб ва Шарқни боғловчи Буюк Ипак йўли фаолияти тикланди ва Хўжайлида ҳаёт ўз маромига қайта бошлади. Шу даврларда Хитой, Ҳиндистон, Иран, Сурия давлатлари, Волга бўйи ва Қора денгиз соҳилларидаги шаҳарларнинг савдогарлари, саёҳатчилари шу жойда тўхтаб ўтган.
Шаҳар аҳолиси заргарчилик, тўқимачилик, қурилиш, деҳқончилик, чорвачилик ва балиқчилик каби 60 га яқин ҳар хил ҳунармандчилик турлари билан шуғулланган.
Ривоятларга кўра, қадим замонларда Хўжайлида нон ёпадиган тандирлар жуда кам бўлган. Битта кўчага атиги битта тандир хизмат қилган. Бу Хўжайли халқининг бирдамлигини, тотувлигини англатган. Одатда душманлар бирон шаҳарни босиб олмоқчи бўлса, шу шаҳарда қанча тандир борлигини текшириб чиқишар экан. Агар тандир кўп бўлса, демак у ерда халқнинг бирдамлиги йўқлиги маълум бўлган.
Хўжайли тарихини эслатувчи ушбу ­мажмуада Миздакхан эсдаликлар мажмуаси ҳамда унга кирувчи Мазлумхан сулув мавзолейи, Шамун Наби мақбараси, Жўмарт қассоб тепалиги, Ережеп халфа уйи ва бош­­қа ёдгорлик­лар ҳам ­тасвирланган.
Деворга «Хўжайлига пиёда келган, от миниб кетади» деб ёзилган. Ушбу ибора минг йиллардан буён бизнинг давргача етиб келган. Бу Хўжайлига ҳеч нарсасиз келган киши ҳам бойиб кетади, деган маънони англатади. Чунки Хўжайли – савдо карвонлари ўтадиган, ҳаёт қайнаган шаҳар бўлган.
Хўжайли тумани 1927 йилда ташкил топган. Айни пайтда аҳолиси 123 минг нафардан ортиқ. Туманда саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳалари жадал суръатда ривожланмоқда.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар