Қимматга тушаётган лоқайдлик

60

Қўшробот тумани марказидаги гавжум бозорда ҳаёт қайнамоқда. Бозор радиоузелида коронавирусдан сақланиш тартиблари хусусида тинимсиз ваъз ўқилмоқда. Аммо бу чақириқлар ҳавога кетаётгандек таассурот уйғотди бизда. Қулоқлар том битган гўё. Бир кунлик бозорга ҳамма от солган. Хавф-хатар унутилган. Ниқобни иягига илдириб олиб, югуриб юрганлар қанча.

– Урганжи қишлоғидан келганман, – дейди бир дунё юкни ортмоқлаб олган аёл. – «Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак», деганларидек, рўзғорга барчаси зарур. Ўзимизни эҳтиёт қилишга интиляпмиз. Аммо одам тирбанд жойда бунинг ҳеч иложи йўқ. Ўзи асрасин ишқилиб…
Айниқса, кийим-кечак бозорида 2 метрлик масофа сақлаш, ўзни яккалаш амримаҳол. Ҳаммада бир ташвиш, Эртароқ бозорлигини олса-ю, уйига қайтса.
– Бир ўйлаб кўринг-а, – ­дейди ўзини Баҳриддин Сапаров, дея таништирган, ёши улуғроқ киши оҳори тўкилган ниқобни оғзидан олиб. – ­Оилада ўн жонмиз. Талаблар бўйича ҳар биримиз ҳар уч соатда ниқоб алмаштирсак, бир кунда 30 та ниқоб кетар экан. Бу 60 минг сўм харажат дегани. Қиш­лоқда бир кунда бунча пул харажат қилишнинг ўзи эмас. 5 метр дока олдим. Энди шундан ниқоб ясаб, амал-тақал қилиб фойдаланиб турамиз.
Бу гапларда гўё жон бордек. Бироқ, биринчи навбатда, соғлиқни ўйлаш керак эмасми?
Наҳотки, қатъий карантин чекловларидан етарлича хулоса чиқара олмаган бўлсак?! Ўзимизнинг қадримизга етишни қачон ўрганамиз? Қачонгача бизни давлат чеклаб, мутасаддилар огоҳлантириб туради? Ўзини асрамаганни ҳеч ким асраб қола олмаслигини унутмайлик.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар