Қурилиш саноатида инсон омили

86

ёхуд меҳнат хавфсизлигининг ижтимоий-иқтисодий асослари нималардан иборат?

Ҳозирги пайтда қурилиш саноати дунё иқтисодиётининг жадал суръатларда ривожланаётган соҳаларидан бири ҳисобланади. Жаҳон умумий ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш таркибида тармоқнинг улуши тобора ўсиб бораётгани бунинг яққол исботидир. Дунё мамлакатлари ялпи ички маҳсулотининг 13 фоизи айнан ушбу тармоқда яратилаётгани эса қурилиш инфратузилмасининг барқарор ривож­ланаётганидан далолат. Айни чоғда мазкур кўрсаткич 4,8 трилион АҚШ долларга етиши тахмин қилинмоқда.

Замонавий илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қурилиш соҳасининг ривожланиши қатор салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқараётгани боис «корпоратив ижтимоий жавобгарлик» деган янги ибора юзага келди. Иш жойларида ижтимоий-иқтисодий самарадорликни оширишга тўсқинлик қиладиган масъулиятсизлик, эътиборсизлик, тартиб-қоидалар ва буйруқларга бўйсунмаслик, билимсизлик, ишни режасиз ва тартибсиз ташкил этиш, сифатсиз бош­қарув ва назорат сабабли ишчиларнинг жиддий зарар кўраётгани, ҳатто, ўлим даражасининг ортиб бориши шулар сирасидан бўлиб, бу эса қурилиш саноатида инсон ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш масаласини янада долзарб­лаштиради. Халқаро Меҳнат ташкилотининг 1991 йил 11 январда кучга кирган 167-сонли «Қурилишда соғлиқ ва хавфсизлик» конвенцияси ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Ушбу конвенцияни 32 мамлакат ратификация қилган. У қурилиш саноатида юқори ижтимоий-иқтисодий натижаларга эришиш омили сифатида ҳам эътироф этилмоқда. Чунки қурилиш саноатининг кўлами кенгайгани сари хавфлар ҳам ортиб боради. Бу эса иқтисодий йўқотишларга ҳам сабаб бўлади.
Масалан, ўтган йили қурилишдаги бахтсиз ҳодисалар туфайли АҚШ 696,771,40, европа иттифоқи 123, 862,20, Янги Зеландия 6,479,1 миллиард АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган.
Эулер Гермес халқаро агентлигининг тадқиқотларига кўра, 2014 ва 2018 йиллар оралиғида жаҳон минтақаларида қурилиш фаолиятида бахтсиз ҳодисалар содир бўлиш хавфи кескин ортишидан Хитой, Россия, Бразилия, Туркия ва араб мамлакатлари ҳам азият чеккан.
Эътиборлиси шундаки, қурилиш саноатининг ривожланиши кўп жиҳатдан муҳожирларнинг меҳнатга юқори ҳақ тўлашга интилиши ёки қулайроқ меҳнат шароитларида ишлашга хоҳиш натижасига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу ҳол уларнинг маҳаллий стандартлар асосида меҳнат муносабатларига таянган ҳолда ишлашига ҳамда турли касб касалликларига чалиниши ва бахтсиз ҳодисаларга учрашига олиб келмоқда. Шу сабабли қурилиш соҳасида меҳнат хавфсизлигини таъминлаш бўйи­­ча миллий қоидаларни зудлик билан халқаро стандартларга мослаштириш зарур. Бу инсонлар соғлиғини асраши баробарида турли бахтсиз ҳодисаларнинг ҳам олдини олади. Қолаверса, иқтисодий зарар миқдори ҳам камаяди.

Азиз ЗИКРИЁЕВ,
Тошкент архитектура-
қурилиш институти докторанти

Бошқа хабарлар