Қодирий даҳосига эҳтиром

50

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Давлат божхона қўмитаси ва Божхона институти ҳамкорлигида ўзбек романчилигининг асосчиси ­Абд­у­лла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, улуғ адибнинг миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш мақсадида «Адибимиз – фахримиз» мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Адиблар хиёбонида ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар адибнинг ҳаёти ва ижоди, ватанпарварлиги, маърифатпарварлик ғоялари ҳақида сўз юритишди.
Эътироф этилганидек, Абдулла Қодирийнинг тенгсиз ва гўзал образлари бутун борлиғимизни мафтун қилиб, унга оромбахш илиқлик, туганмас ҳаяжон олиб киради. Ёзувчи ўзининг нурга йўғрилган беғубор ва ҳароратли ижоди билан бутун ўзбек адабиётини ўтган асрнинг биринчи чорагидаёқ юқори босқичга кўтарди. Адиб ана шу юксак чўққидан туриб, бугунги авлодларнинг миллат тақдирига, унинг шаффоф кўзгуси ҳисобланган адабиётига, бадииятига нечоғлик содиқ эканини ва шу билан ўзининг абадиятга дахлдорлигини қай даражада муҳрлаб қўяётганини кузатиб тургандек гўё.
– Абдулла Қодирий ҳақиқатнинг кўзларига тик қараган инсон эди. Бу зот ҳақгўйлик билан шуҳрат топди. Қодирий ижодининг аҳамияти унинг миллий роман яратгани билангина чекланмайди. Улуғ адиб ўз романларида биринчилардан бўлиб ўзбек халқи ҳаётининг ёрқин манзараларини ҳам чизиб берди, миллий характерни мукаммал намуналарини яратди, – дея таъкидлади тадбирда филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов.
Маърифий тадбирда иштирок этган Абдулла Қодирийнинг набираси Хуршид Абдуллаев бугунги кунда адибнинг номини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни эътироф этиб, бир умр миллат дарди билан ёниб яшаган миллат қаҳрамонига кўрсатилаётган эҳтиром учун давлатимиз раҳбари ва халқимизга Қодирийлар авлоди номидан миннатдорлик билдирди.
Тадбирда Божхона институти курсантлари адиб ҳаёти ва ижоди ҳақида саҳна кўринишларини намойиш этишди.

Ҳабибулла АЗИЗОВ,
Давлат божхона қўмитаси раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

Бошқа хабарлар