Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир…

55

Титроқ сездингми ҳеч
бир шум лаҳзада –
хатар-ла юзма-юз турган чоғингда.
Тубсиз жар лабида оний ларзадан
титраб келганмиди жонинг оғзингга.
Нопоклар покларга қилганда туҳмат,
титрамай айтдингми кескир сўзингни.
Болангнинг ёдига не қилдинг туҳфа,
асраб қололдингми ўзинг ўзингни?!
Қалтис лаҳзалар бор –
дош бермак мушкул,
бироқ чидаганлар тирик хотирда,
гоҳо элитарлар – нафаси мушкин,
гоҳо кўринарлар кўзингга тиғдай.
Осмондан келганда тубан одамлар –
бири чиноркесар,
бири кесар тил.
Бутун қилмишларин қарасанг жамлаб,
намоён бўлади суврати қотил.
Қалтис лаҳзалар йўқ,
қалтис умр бор,
мўр-малах ном аро ёлғиз номинг бор.
Лаҳзада титроққа айланиб турсанг,
демакки, ичингда битта хоин бор.
Ўлдир,
ичингдаги хоинни ўлдир,
волида кўзига боқишдан аввал,
маъшуқа қўйнида ётишдан аввал,
зулмат уммонига ботишдан аввал.
Йўлдир бу,
нафснинг ботқоғи эмас,
қиличнинг дамидай чақнаган йўлдир.
Бу йўлга юзингни буришдан аввал,
ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.

Баҳодирлар ҳақида

Жангда ўлган эмас бирор баҳодир,
бари ҳалок бўлган хиёнатлардан,
тошдай ухлаганда тўшларин очиб
ё заҳар қўшилган зиёфатлардан.

Бирор асотирда баҳодирларни
ҳаттоки юз бошли аждар емаган,
минг бир синоатли ялмоғизлар ҳам
тоғларни ўйнаган девлар енгмаган.

Бари ҳалок бўлган хиёнатлардан,
барига орқадан санчилган ханжар.
Шундай бўлиб келган азал-у азал
Мана шу жафокаш, кўҳна Ватанда.

Ҳар гал баҳодирлар йиқилар экан
куракка санчилган номард тиғидан,
қайта тирилгандай бўларди ногоҳ
ҳар бир болакайнинг қорачиғида.

Ишонгил, ҳеч қачон сени алдамас
софдил элатларнинг асотирлари,
бирорта баҳодир ўлганмас жангда,
қўрқоқлар ўлдирган баҳодирларни.

Шавкат РАҲМОН

Бошқа хабарлар