Ижарада сарсон сағирлар

86

Аслида, инсонга бахтли яшаш учун кўп нарса керак эмас. Тинчлик-хотиржамлик, соғлик ва беминнатгина уй-жойинг бўлса, Худойим солиҳ ва солиҳа фарзанд-у аржумандлардан баҳраманд этган бўлса… Қолгани секин-аста рўёбга чиқаверади.

Чироқчи туманининг «Олтин бошоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Зебинисо Нурматова Мансур Бойсариевга турмушга чиққанида дили олам-олам орзуларга тўлган эди. Кейин бахтга лиммо-лим хонадонда фарзандлар туғилди: 2010 йилда Зарина, 2011 йилда Эъзоза, 2013 йилда Ҳасан ва Зуҳра…
Аммо 2014 йилда оила бошлиғи Мансуржон оғир хасталикдан сўнг вафот этди. Зебунисо бир этак боласи билан бўзлаб қолди.
Ҳар қандай дардни вақт даволайди, дейишади. Бироқ ёш онага болаларини отасиз ўстириш осон эмас. У қайнонасининг каталакдай ҳовлисида тўртта рўзғор яшаши туфайли секин-аста овсинлар гоҳо қайнона-келин, гоҳо қайноға-келин ўртасида майда-чуйда ғиди-бидилар чиқа бошлади.
Боз устига, кичик ҳовлида бир этак болаларнинг арзимаган жанжали ҳам гоҳида катталарнинг бақир-чақиригача бориб етадиган бўлди.
… Ўзи иккинчи гуруҳ ногирони, турмуш ўртоғи вафот этган. Қолаверса, шифокорлар қизи Эъзозага «Умуртқа поғонаси туғма аномалияси» ташхисини қўйишган. У ҳам ногирон. Қизлари Зарина ва Зуҳра ҳам кўз касаллиги бўйича муолажа олиб туришади…
Ана шу омиллар Зебинисони қўлга олишга мажбур қилди. Тўрт боласи билан онасиникида яшаётганини билдириб, давлатдан уй-жой қуриб беришда ёрдам сўради.
Давлат идораларига қилинган мурожаатлар бесамар кетмади. 2019 йилнинг 19 декабрь санасида Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жўраев имзоси билан Зебинисо Нурматовага «Олтин дала» МФЙ ҳудудидан ер майдони ажратилиб, уй-жой қуриш учун рухсат берилди.
– Оилам учун уй-жой қуришда кўмаклашишни сўраб, ёзмаган ташкилотим қолмади. 2019 йилда ўша вақтдаги вилоят ҳокими Зафар Рўзиев Чироқчи тумани ҳокимига бизни уй билан таъминлаш бўйича топшириқ берди, – дейди биз билан суҳбатда Зебинисо Нурматова. – Бу ўртада касаба уюшмалари шафелигида аҳолининг кам таъминланган қатламларини уй-жой билан таъминлаш, уй-жойларини таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Аммо бизга уй қуриб беришмади.
– Нима, сизни унутишдими ёки хабар олишмадими?, – дея сўрайман умидвор онадан.
– Келишди, ўрганишди. Касаба уюшма фаоллари уйимизни таъмирлаш учун дастурга киргизишмоқчи бўлишди. Мен эса эътироз билдириб, «Йўқ уйнинг нимасини таъмирлайсиз? Аввал уй қуриб беринг. Вилоят ҳокими шунга кўрсатма берганди-ку?» дедим…
Хуллас, Зебинисо Нурматова ўзи учун ажратилган ер майдонига уй-жой қуришда ёрдам сўраб, жорий йилда ҳам ўз мурожаатларини тўхтатмади ва шу йил 21 июль санасида Чироқчи тумани ҳокими ўринбосари, бўлим бош­лиғи Ш.Чоршанбиев имзоси билан қуйидагича жавоб олди:
– Фуқаро Нурматова Зебинисонинг уй-жой учун қилган мурожаати тегишлича ўрганиб чиқилди ва 2020 йил февраль ойида туман касаба уюшмасида 35-рақам билан уй-жой учун навбат асосида рўйхатга қўйилгани фуқарога тушунтирилди…
Маҳалла – халқ дарди ва ташвишини теран ўрганадиган, керак бўлса, ечимига кўмак берадиган етакчи ташкилотлардан бири. Хўш, Зебинисо Нурматованинг муаммосига у яшайдиган маҳалла раиси қандай муносабат билдирар экан?
Шу савол билан «Олтин бошоқ» МФЙ раиси Ваҳоб Муродовга юзландик.
– Зебинисонинг аҳволини тўғри тушунаман. Яқинда болалари билан ижара уйга кўчиб ўтди. Ойига 150 минг сўмдан тўлаб, яшашяпти, – дейди раис. – Ўзи ва қизи ногиронлик нафақасини, яна боқувчисини йўқотганлик нафақасини олади. Аммо, барибир, ўз уйи бўлмаса қийин.
2017 йилда маҳалламизда яшовчи Акмал Муҳаммадиевга давлат ҳисобидан уй қуриб берилганди. Акмалнинг ўзи ва хотини ногирон, икки нафар фарзанди бор.
Зебинисога ҳам ер ажратилди, уй-жой масаласи ­навбатга қўйилди. Демак, давлат эътибори остида бу оила албатта, уйли бўлади. Биз маҳалла фаоллари ҳам қараб турмаймиз. Уни қўлдан келганча қўллаб турамиз.
«Темир дафтарга» киргани учун яқинда бу оилага давлат томонидан ажратилган маблағларни ҳам топширдик…
Ишонамизки, ногирон ва боқувчисини йўқотган, бир этак сағир боласи билан ижарама-ижара юрган Зебинисонинг ҳам муаммолари тез орада барҳам топади.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар