ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИ БОШЛАНДИ АММО ВАЗИЯТ МАСЪУЛЛАР ЎЙЛАГАНДЕКМИ?

100

14 сентябрь куни 2019-2020 ўқув йили ёзги таътили якунланиб, 2020-2021 ўқув йили бошланди. Аммо пандемия сабаб режалар ўзгарган…
Юртимиздаги 2 минг 635 та умумтаълим мактаби ўқувчиларни қабул қилиб олмоқда. 329 та мактаб 7 сентябрдан иш фаолиятини бошлаганди.

Мактабларнинг анъанавий ­шаклда очилиши тўғрисидаги қарорлар ҳар бир мактаб бўйича индивидуал тарзда маҳаллий кенгашлар депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилинади. Бунда уларнинг ҳақиқий тайёргарлиги, ҳудуддаги ёхуд мактабдаги санитария-эпидемиологик вазият, ўқитувчилар орасида коронавирус касаллигининг қайд этилиши ва соғлиқни сақлаш тизими хулосалари ҳисобга олинади. Шу боис, мактаблар вазиятдан келиб чиқиб, босқичма-босқич фаолиятини тиклайди.
Баъзи мактабларда дастлабки ҳафталарда асосан бошланғич синф ўқувчилари анъанавий таълим шаклига жалб қилинмоқда, айрим вилоятларда эса синфларнинг турли вақтда ва навбатда ўқиши ташкил қилиняпти.
Мактаби фаолияти тикланмайдиган ёхуд анъанавий ўқишлар ­бошланиши учун тайёргарлик кўрилаётган бўлса, ўқувчиларнинг «Онлайн-мактаб» лойиҳаси доирасидаги телевизион дарслар орқали дарс­ларда қатнашиши белгиланган.
Умуман олганда, ўзгарган режалар таълим тизимига қандай таъсир қилмоқда? Фаолияти талабга жавоб беради, деб анъанавий дарс­лар бошланган мактаблар ҳолати қандай? «Онлайн-мактаб» ­лойиҳаси доирасидаги ишлар кўнгилдагидекми?
Мана шундай саволлар билан «Ishonch» мухбирлари юртимиздаги баъзи мактаблар, ўқув даргоҳлари фаолияти билан танишди, ота-­оналар, масъуллар билан мулоқот қилди.
Келинг, мулоҳазалар билан танишамиз:

Жараён ҳамон ўлда-жўлда

Бундан бир неча кун илгари Намаган вилоятидаги 12 та мактабда синов тариқасида ўқув дарслари бошланган эди. Анъанавий машғулотларга 4,5 минг нафардан ортиқ ўқувчи қатнашган. Вилоят халқ таълими бошқармаси берган маълумотларга кўра, 9 сентябрда яна 16 та мактаб ўз фаолиятини бошлаган бўлса, 11 сентябрда уларнинг сони 24 тани ташкил этган.

Аммо… Ўқув йили бошланишига икки кун қолганида айрим ота-оналарнинг қўл телефонига «Коронавирус билан касалланганлар сони бирдан кўпайиб кетгани туфайли анъанавий ўқиш тизими номаълум муддатга қолдириладиган бўлди, душанба, яъни 14 сентябрдан онлайн дарслар бошланади», деган хабар келди.
Нега ўқув йили, барибир, онлайн тарзига бориб тақалди?
Касаллик авж олган бир паллада чекка ҳудуд мактабларида анъанавий ўқиш учун шароитлар етарли эмаслиги кундек равшан. Ҳатто, вилоят марказидан унчалик узоқ бўлмаган Тўрақўрғон тумани «Ибрат» МФЙ аҳолиси ҳануз ичимлик суви йўқлигидан шикоят қилиб юрган бир пайтда, энди туман мактабларидаги ҳолатни тасаввур қилиш қийин эмас. Поп туманининг «Пилол» МФЙ аҳолиси эса «Ҳозирги шароитда интернет жуда керак. Ўтган ўқув йилида ҳам болаларимиз онлайн дарсларни ўтказиб юбориб, умуман ўқишгани йўқ. Мурожаатларимизга интернетга улаш учун сим йўқ, одам йўқ, вақт йўқ, деган баҳоналар билан улаб беришмаяпти», дея онлайн ўқишдан «безишган»ини баён қилса, Уйчи туманидаги Ёркатай қишлоғи аҳли чироқ номига борлигидан, қишин-ёзин кечаси шам ёруғида ўтиришидан мунтазам шикоят қилиб келишмоқда. Энди ўзингиз ўйланг, шундай шароитдаги ҳудудларнинг мактаблари карантин талабларига жавоб бериши мумкинми?
14 сентябрь куни Наманган шаҳридаги 9 та умумтаълим мактабида ўқув йили дарслари ­бошланди. Ушбу мактабларнинг санитария ҳолати, дарсларда ўқувчилар карантин талабларига риоя қилишяптими, йўқми, синф хоналарининг умумий аҳволи билан танишиш мақсадида ушбу мактаб­ларнинг айримларида бўлдик. 4-, 31-, 40- ва 45-умумтаълим мактабларининг кириш эшигида дизенфекция воситалари қўйилган, аммо ҳеч бир синф хоналарида қўл ювиш учун махсус бурчаклар йўқ. Синфларда ўқувчилар якка тартибда, оралиқ масофа сақлаган ҳолатда ўтириши керак, дейилишига қарамай, ўриндиқлардан икки киши жой олган. Мактаб ташқарисига эса номига қўлни ҳўллаб олиш учун ювиш воситалари ўрнатилган.
Зўрма-зўракилик билан бош­ланган ўқув йилида ҳали-ҳануз дарсликлар билан тўлиғича таъминланмаган Наманган шаҳридаги 1-мактаб ўқитувчилари эса ота-оналарга электрон дарсликлардан бўлак китоб бера олишгани йўқ.
Хуллас, ечимини кутаётган муаммолар кўп. Ўйлаб қоласан киши – бу аҳволда болаларнинг билим савияси қандай бўлади?

Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар