Очиқ қолаётган масала

73

Сирдарё вилоятида 22 та мактабда анъанавий тарзда ўқув мавсуми бошланди. Қолган умумтаълим мактаб­лари очилиши 28 сентябргача босқичма-босқич етказилиши маълум қилинган. Унга қадар дарс машғулотлари телевизион дарс­лар орқали амалга оширилади.

Шу муносабат билан вилоятнинг йирик тумани Боёвутда бўлиб, халқ таълими бўлими мутасаддиларининг фикрини олдик:
– Аввало, мактаб фаолиятини давом эттириши учун ходимлар, хусусан, ўқитувчилар саломатлигини аниқлашни муҳим деб ҳисобладик, – дейди туман халқ таълими мудири ўринбосари Фарҳод Атоуллаев. – 54 та мактабда 2 минг 66 нафар ўқитувчи ишлайди. 11 сентябрь санаси маълумотида барча ўқитувчилар вирусга текширув тести топширган. Ҳозирда 1 минг 31 нафарининг жавоблари чиққан бўлиб, 3 та мактабнинг 5 нафар ходимида мусбат натижа қайд этилган.
Туманда 7-8 сентябрь кунлари синов режими ўтказилиб, 9-санада 4 та, 10-сентябрь куни 5 та мактабда тажриба сифатида дарс­лар бошланди. Тузилган режага мувофиқ, мактаб­лар очилиши сони ошиб бораверади.
Дастлаб мактабларнинг янги ўқув йилига одатдаги тайёргарлик ишлари қандай бажарилгани билан қизиқдик. Маълумотлар шундай: 52-умумтаълим мактабида реконструкция ишлари давом эттирилмоқда. «Ширин» МФЙда жойлашган 51-умумтаълим мактабига қўшимча янги бино қурилган. Қолган мактаблар ҳам таъмирланган.
Туманнинг янги аҳоли массиви – «Қаробчи» ҚФЙ учун 315 ўринли 55-мактаб биносини қуриш ишлари давом эттирилмоқда. «Бобоюрт» ва «Ифтихор» МФЙ ҳудудидаги 19-, 39-мактабда сув таъминоти йўқ. Туман ҳокимлиги аралашуви билан қувур тортилиб, таъминотга уланди. Бироқ таъмирлаш ишлари ҳали охирига етмаган. Мутасаддилар бу иш ўқув жараёнига халақит бермаган ҳолда давом эттирилаётганини таъкидлашди.
Боёвутда 21 минг 548 нафар мактаб ўқувчиси бор. Уларнинг 481 нафари сурункали касаллик билан туман тиббиёт бирлашмаси рўйхатига олинган. Уларнинг ота-оналарига масофавий таълим олиш тўғри йўл экани ҳақида тушунтириш берилган. Пандемия хавфи юқори бўлган айни пайтда ёндош касаллиги бўлган, гипертония касаллигига чалинган ишловчи ходимлар ва ўқитувчилар ҳақида суриштирганимизда уларнинг кўнглига тегмайдиган тарзда тушунтириш бериш билан нафақага кузатиш таклифи берилгани маълум бўлди. Айрим мактабларда уларнинг дарс соатлари қисқартирилиб, оммавий тартиб сақлашга жалб қилинган.
Муқимий номидаги МФЙга қарашли 11-умумтаълим мактаби 2015 йилда капитал таъмирланган. Бу йил ўқув йилига тайёргарлик кўриш давомида бўёқлар сурилиб, пардоз ишлари амалга оширилган. Айниқса, ўғил ва қиз болалар ҳожатхонаси гигиеник талабларга мослаштирилган. Мактаб биноси маҳалла ичида жойлашган. Ўқувчилар қатнаб ўқиши учун анча қулай. Икки бинодан иборат мактаб 610 ўринга эга бўлиб, айни пайтда 516 нафар ўқувчи рўйхатга олинган. 2 навбатда ўқиш ташкил этилиб, ҳар навбат учун 12 та синф тўғри келмоқда. Ўқувчиларнинг 248 нафари ­бошланғич таълим олади. Уларнинг 49 нафари 1-синфга қабул қилинган.
– Мактабимизда 48 нафар ўқитувчи бор, уларнинг вирусга текшириш натижалари манфий чиқди. Бирорта зарарланган ходим аниқланмади, – дейди мактаб директори Жўрабек Эгамбердиев. – Маҳаллада зарарланиш ҳолатлари учраб турибди. Шунинг учун мактабда назорат тиббий постлари ташкил этдик. Мактаб ҳамшираси шу кунгача 0,5 ставкада ишлаган. Кун давомида олиб қолсак ҳам барча назоратни олиб бориш имконсиз. Ҳозирча ўтилиши тўхтатиб турилган 5 та фан ўқитувчиларини бунга жалб қилганимизда ишимиз бироз осонлашиши мумкин. Лекин тиббий кузатувни «эгалари»га топширган маъқул. Туман тиббиёт бирлашмасига сўров юборганмиз. Бу масала тез орада ҳал бўлса, ажаб эмас.
Ўқувчи мактабга кираётганида тана ҳароратини ўлчаш учун 3 дона янги тепловизор мавжуд. Ўқувчилар «синф режими» тартибида ўқиши, кўчиб юрмай дарслар бир синфда ўқитилиши тайёргарлик ҳолати яхши. Оралиқни сақлаган ҳолатдаги юриш йўлаклари чизмалар билан белгиланган. Антисептик ва бошқа воситалар билан таъминланган. Синфхоналарга совун ва қўл ювиш анжомлари қўйилган. Тоза ичимлик суви захираси яратилган. Дарслар оралиғидаги танаффус давомида ҳар бир синф учун мактаб ҳовлисида алоҳида майдонлар ажратилган.
Мактабнинг кириш қисмига кузатув камераси ўрнатилган. Бироқ камералар синф хонаси, бино йўлакларининг барча қисмларини кузатиш имконига эга эмас.
Ўқувчиларнинг 6 нафарида сурункали касаллик мавжуд бўлиб, уларга ҳозирча масофадан ўқиш усули тавсия қилинган. Мактабда ўқиш услубини тиклаш мақсадида ўтказилган сўровномаларда бор-йўғи 32 нафар бола масофадан ўқишни танлаган.
Туман халқ таълими мудир ўринбосари Ф.Атоуллаевнинг айтишича, борди-ю, синф ўқувчиларининг кўпчилиги анъанавий таълимни танлашса, биринчи куни синфнинг ярми ўқитилиб, қолган ярми иккинчи кунда дарс машғулотларига келади. Мавзудан ортда қолмаслик учун келмаган кунларда онлайн дарс тингланиб, баҳолаш давом эттирилади. Айрим хоналардаги парталарга бир хил рангдаги мато тўшаб қўйилганига гувоҳ бўлдик. Матони ҳар куни ювиб тайёрлашганида ҳам иккинчи навбатда ўқийдиган болалар учун катта хавф туғдириши мумкин. Партанинг ўзи бўлганида-ку, ҳар соатда ишлов бериб ­тозалашга имкон бўларди. Мактаб жиҳозини асраш яхши, аммо ўқувчи саломатлигини биринчи ўринга қўйиш керак эмасми?
Онлайн дарслар ташкил этишда мактаб устозлари қанчалик тайёр?
Маълум бўлишича, тумандаги ўқитувчилар ноутбук билан таъминланган. Қисқаси, марказдан четда бўлган оддий қишлоқ мактабида ўқув йилига яхши тайёргалик кўрилган. Лекин амалда булар нечоғли фойда бериши, кафолат беришини вақт кўрсатади. Чунки захира қилинган тиббий ниқоб етишмай қолганида, ҳарорати аниқланган болани тиббий пункт ёки ота-­онасига ўз вақтида топширишда, ходимларни қайта тестдан ўтказиш, натижасини узоқ кутиб қолмаслик, сув, электр таъминотида узилиш билан талаблар бажарилмаслиги каби муаммолар чиқмаслиги учун кимдир ­масъулиятни ўз зиммасига олиши, кафолат бериши зарур. Ҳозирча бу масала очиқ қолмоқда.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар