Фидойилик фурсати

92

Шу йил август ойида республикамиздаги барча мактабларда ота-оналар иштирокида сўровномалар ташкил қилиниб, уларнинг фикри ўрганилди. Ушбу сўровномада Яккабоғ тумани аҳолисининг 98,8 фоизи дарсларнинг анъанавий тарзда ўтилишини ёқлаб муносабат билдирди.

Албатта, кўпчиликнинг якдил фикри Халқ таълими вазирлиги мутасаддиларини ҳам беэътибор қолдирмади. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Яккабоғ туманида бўлганида ўқитувчилар билан учрашди. Баъзи мактаблардаги шарт-шароитлар билан танишди.
– Бугунги кунда туманимиздаги 102 та мактабнинг 16 тасида янги ўқув йили анъанавий ўқитиш усулида бошланди, – дейди туман халқ таълими бўлими бош методисти Муҳиддин Мирзаев. – Дастлаб 11 та мактабда синов тариқасида анъанавий ўқиш бошланган бўлса, 14 сентябрь санасида яна 6 та таълим муассасасида дарслар йўлга қўйилди.
Шу кунларда эса қолган мактабларда ўқишни ­бошлаш учун ҳамкор ташкилотларнинг хулосалари ҳамда туман кенгаши депутатларининг фикр билдириш­ларини ­кутяпмиз…
Чекка қишлоқларда интернетнинг яхши ишламаслиги сабабли ўқитувчи ва ўқувчилар учун онлайн услубдаги сабоқ қийинчилик туғдирди.
Вазият билан яқиндан танишиш мақсадида Ғуржоб қишлоғида бўлиб, 37-мактабда тиббиёт ходимлари мактаб дарвозаси олдида ўқувчиларнинг иссиғини ўлчаб, ичкарига киргизишаётгани устидан чиқдик.
Мактаб педагоглари билан суҳбатда шу нарса аён бўлдики, таълим муассасасидаги 784 нафар ўқувчининг 50 нафари онлайн тарзда таълим олишни ёқлаган. Қолганлар эса белгиланган тартиб-қоидалар асосида анъанавий тарзда ўқишни бошлаган.
Биз дарс жараёнлари билан ҳам танишдик. Ўқувчилар ниқоб тақишган. Ўзлари билан антисептик восита ҳамда қайнаган сув олиб келишганини ҳам кўрдик.
Танаффус вақтида синфхоналарни шамоллатиш, ўқувчиларнинг қўлларини дамба-дам мактаб ҳовлисида жорий қилинган қўл ювгичларида совунлаб ювиши, юрганда оралиқ масофани сақлаш бўйича мунтазам назорат ва тушунтириш ишлари давом этаётганини кузатдик.
Қаердаки бир ишга ҳамма жипслашиб ёндашса, кўзланган мақсадига албатта эришилади. Меҳнатнинг самараси эса кўрсаткичларда намоён бўлади.
Кўпчилик яккабоғлик ота-оналарнинг нега анъанавий дарс ўтиш жараёнини ёқлаб, муносабат билдиргани сабабини ҳам тушунгандек бўлдик. Чунки улар боласи сифатли билим олиши учун карантиннинг қатъий тартибига риоя қилишга рози…
– Ўқитувчиларнинг пандемия даврида дарс ўтиши – бу шифокорларникидан кам бўлмаган жасорат, – ­дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Яккабоғ тумани кенгаши раиси Алишер Хонназаров. – Улар нафақат ўз дарсини ўтиши, балки шогирдларининг юриш-туришини, карантин қоидаларига тўлиқ риоя этишини назорат ҳам қилиб боришади. Шуларни ҳисобга олиб, тумандаги таълим муассасаларига 2000 дона тиббий ниқоб, қўлқоплар ҳамда антисептик воситалар тарқатдик. Бунда бизга жойлардаги бошланғич ташкилотларимиз талабномалари асос вазифасини ўтади. Ижтимоий шерикликда гап кўп. Бизнинг ташаббусдан руҳланган туман халқ таълим бўлими ҳам таълим муассасаларига 736 та антисептик восита ҳамда 226 та ҳарорат ўлчайдиган «тепловизор» воситаси олиб берди…

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар