«Оғир шароит» баҳонами?

73

Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги умумтаълим мактабларининг ўқув йили очилишига қай даражада тайёр экани билан қизиқдик.

Туман халқ таълими бўлимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича методисти Шоҳида Имомованинг айтишича, туманда 19 та мактаб бўлиб, халқ депутатлари туман кенгаши, санитария-­эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ўрганишларидан сўнг 4 та мактаб очилишга тайёр эмас, деб топилган. Қолган мактаб­ларда ҳам ўрганиш даврида айрим камчиликлар аниқланиб, уларни тузатишга муддат берилган. Туман ҳокимлиги 15 та мактабни ўқувчи сонига қараб масофадан туриб ҳарорат ўлчайдиган тепловизорлар, термометорлар, гигеник воситалар, хлор, синф хоналари ва коридорларни дезинфекция­ловчи ускуналар билан таъминлаган.
Ўқув йили бошланишидан икки кун олдин тайёргарлик вазияти қандай кечаётгани билан яқиндан танишиш мақсадида тумандаги 125-мактабда бўлдик. Мактаб коридорида болаларни масофа сақлашга огоҳлантирувчи белгилар қўйиб чиқилган, маълум оралиқда ниқобларни алмаштириш вақтлари ёзилган. ­Синфларда ҳам санитария бурчаги ташкил этилиб, тез-тез қўлни ювиш эслатилган. Ишлатилган ниқобларни ташлаш учун махсус идиш, қўл ювиш учун гел ва антисептик воситалари ҳозирлаб қўйилган. Мабодо, боланинг иссиғи чиқиб, ўзини ёмон ҳис қилса, уни бошқалардан изоляциялаш учун махсус изоляция хонаси ташкил этилган. Ҳар бир синфда қўл ювиш жўмраги ишлаб турибди. Дарвоқе, ушбу мактабда 119 нафар педагог коронавирус учун тест топширган ва ҳеч кимда касаллик аниқланмаган.
– Маҳаллий кенгаш депутатлари иштирокидаги ишчи гуруҳ келганида изоляция хонасидаги жўмрак ишламаётгани ва кириш эшиги битталиги аниқланган эди, – дейди мактаб директори Нилуфар Ҳожиматова. – Тегишли тавсиялардан кейин кириш эшигини иккита қилдик. Бири бошланғич синфлар, иккинчиси эса юқори синф ўқувчиларига мўлжалланган. Жўмрак ҳам тузатилди. Халқ таълими бўлими ходимлари дезинфекциялаш ва антисептик воситалар, кам таъминланган оила фарзандларига беришимиз учун ниқоблар келтириб беришди. Коридорларимизда ҳам махсус идишларга антисептик геллар қуйиб чиқилган. Захирамизда бир ҳафтага етадиган миқдордаги – 50 литр антисептик гел, хлор, 500 дона ниқоб мавжуд. Бу масалада ҳозирча муаммо йўқ.
Ҳар бир ўқитувчи термометр билан таъминланган. Уларнинг айримларини синф раҳбарларининг ўзи, бошқаларини эса ҳомийлар олиб беришган экан.
Биринчи синфлардан ташқари қолган барча синф­ларда педагоглар онлайн таълим олаётган ўқувчиларнинг уй вазифаларини текшириши, уларни баҳолаши керак бўлади. Шу боис, биз информатика хонаси, у ерда интернет бор ёки йўқлигини суриштирдик. Мактаб директори бу хонанинг калити информатика ўқитувчисида туришини айтиш билан чекланди. Замонавий русумдаги компьютерлар билан жиҳозланганини, бироқ интернет тезлиги пастлигини таъкидлади. Айтишича, педагоглар онлайн дарсларни текшириш учун ўз телефонларидаги интернетдан фойдаланишар экан. Дарвоқе, биринчи синф ўқувчилари 100 фоиз мактабга қатнаяпти. Муаллимлар эса ўқувчилар орасида масофани сақлаш учун уларни икки навбатга бўлиб ўқитаётган экан. Бу педагог­ларнинг ўзидан чиққан ташаб­бус эмиш.
Она тили, меҳнат, расм каби фанлар вақтинча ўтилмаётгани боис бошланғич синф ўқитувчиларининг дарс соатлари ҳам қисқарган. Бу эса уларнинг маоши миқдорининг камайишига сабаб бўлмоқда. Ажабланарлиси, биринчи синф ўқитувчиларининг масофани сақлаш мақсадида икки навбатда дарс ўтаётгани уларнинг маошига ҳеч қандай таъсир кўрсатмас экан. Икки марта овора бўлаётган педагогларнинг меҳнатини қўшимча рағбатлантиришнинг иложи йўқми? Бу ҳолатни туман халқ таълими бўлими иқтисодчиси «оғир вазиятда ўзаро бир-бирини тушуниш» сифатида баҳолади ва ҳеч қайси ўқитувчи бундан норози эмаслигини маълум қилди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: «Оғир шароитдамиз» деб ўтилмаётган дарсларга пул тўламасликка қарор қилган ­масъуллар қанчалик ҳақ? Ўқитувчининг оғир меҳнатини «оғир шароитда бир-биримизни тушуниш» фонида хаспўшлаш билан иш битадими?

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар