Кун қаҳрамонлари учун саёҳат

55

Пандемия шароитида аҳоли саломатлигини ­мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ хоразмлик тиббиёт ходимларининг Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига ­саёҳати ташкил қилинди.

– Бугун юзага келган аҳвол барча учун ўзига хос синов даврига айланди, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича ­масъул ташкилотчиси Рашид Йўлдошев. – Шифокорлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари фидойилик намуналарини кўрсатмоқдалар. Халқимиз уларни бежиз «Кун қаҳрамонлари» дея эътироф этмаяпти. Биз бундай фидойиларимиз меҳнатларини қадрлаймиз ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ташкил этган саёҳатидан иш берувчилар ва ҳамкасбларимиз бениҳоя мамнун бўлди.
Қадим ва ҳамиша навқирон Бухородан руҳий-маънавий куч-қувват олган соғлиқни сақлаш ходимлари навбатдаги манзил Шарқ гавҳари саналмиш – Самарқанд томон ошиқдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига қарашли «Нодир Самарқанд» меҳмонхонаси жамоаси сайёҳатчиларни иззат-ҳурмат ила кутиб олдилар. Тунги Самарқанднинг жозибага тўла кўриниши барчани ҳаяжонга солди.
Кейинги кун Имом Бухорий ҳазратлари мақбараси зиёратидан бошланди. Ҳазрати Дониёр мажмуаси, Гўри Амир мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда, Ҳазрати Ҳизр ­мажмуалари, Регистон майдони билан танишувлар барчада катта таассурот уйғотди. Учинчи куни тиббиёт ходимлари Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳида бўлди. Йўл-йўлакай бундай саёҳатларнинг инсон саломатлигини мустаҳкамлашда, узоқ умр кўришда аҳамияти катталиги такрор ва такрор эътироф қилинди.
– Бугунги саёҳат кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшди, – дейди Қўшкўпир тумани тиббиёт бирлашмаси шифокори Тўхтажон Собирова. – Ушбу ­саёҳатни уюштирган касаба уюшмаларидан миннатдормиз. Ғуборларимиз ариди, саёҳатдан улкан руҳий-маънавий қувват олдик.
– Сафаримиз бошқача кечди, – дейди Боғот тумани тиббиёт бирлашмаси лаборатория бўлими мудири Дилором Тожиева. – Аввало, вақт тўғри тақсимланган, ҳам руҳий, ҳам маънавий озуқа олишимиз учун барча шароит яратилган. Сафар давомида Бухоро ва Самарқанднинг ўзига хос таомларидан баҳраманд бўлдик.

Таъкидлаш жоизки, Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари карантин қоидалари юмшатилганини инобатга олган ҳолда аъзоларни мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари билан янада кенгроқ таништиришга қарор қилди. Шу мақсадда бирлашма қошида «Касаба саёҳат Хива» МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар