БУРЧГА САДОҚАТ

93

(Очерк)

Тоғли Бахмал қўйнида ишчи оиласида тарбия топган Ҳамида Бобокелдиева тиббиёт институтини тамомлагандан буён Жиззах вилояти юқумли касалликлар шифохонасида ишлаб келади. 27 йиллик меҳнат фаолияти давомида Қосим Абдусаломов, Алижон Абдуазизов, Саримсоқ Қосимов сингари устозларидан билмаганларини ўрганди. Бугун фарзандлари Камола ва Дурдона Самарқанд тиббиёт институтининг 2-босқич талабалари.

Касалхона деразасидан атрофни кузатиб турган Ҳамида опа бехосдан олтин рангли баргнинг пирпираб ерга тушаётганига кўзи тушди. «Тавба, кечагина яшил тусда эди, қачон сарғайишга улгурди-я. Демак, куз келибди»… Кўринмай қўйган булутлар суруви қайдандир пайдо бўлиб, қуёш юзини тўсаётгани-чи?..
…Кечагина баҳорнинг яшиллигидан завқланган Ҳамида опа бу ҳолатдан бироз маъюсланди. Ўйлаб қараса, инсоният бошига кулфат олиб келган «тож­дор вирус» учинчи фаслнинг ҳам юзини кўрибди. Ўтган ярим йил давомида касалхонага қанчадан-қанча бемор келиб кетмади. Ҳар куни касалхонада қанчадан-қанча беморларнинг илтижоли кўзлари билан тўқнашади. Қани эди сеҳргар бўлса-ю бу кўринмас балони таг-туги билан, бир ишора билан даф қилса. Уруш вақтлари жангчилар дайди ўқдан ўзини ҳимоя қилиш чорасини кўрган. Бугун бу бало қай тарафдан келишини билмайсан киши.
Хаёл суриб турган Ҳамида опа турган хонанинг эшиги очилиб, шогирди Шерзоджон шошилганча кириб келди.
– Ҳамида Эргашевна… Қўшни палатадаги беморнинг аҳволи оғирлашди.
Шахсий ҳимоя воситаларини ечишга ҳам улгурмаган Ҳамида опа тезгина қўшни палата томон йўл олди. Беморнинг аҳволи чиндан-да оғир эди.
– Шерзоджон, беморга сунъий нафас олиш аппаратини уланг. Бемор мустақил нафас ололмаяпти. Коронавирус инфекция­­си ўпкага таъсир қилмоқда…
Ҳамкасбини ҳаяжон босдими ёки ­тажрибасизлик қилдими бироз довдираётганини кўрган Ҳамида опа унга қарата:
– Шифокор ҳар қандай ҳолатда ўзини йўқотмаслиги керак, – дея далда берди.
Даволовчи шифокорларнинг тез-тез алмашиб турилиши беморлар томонидан салбий қабул қилиниши сабабли уларнинг ёнига яна биттадан ёрдамчи шифокор қўйил­ган. Чунки бир шифокор – бу битта фикр, беморга нисбатан биргина нуқтаи назардир. Гарчи, шифокорлар стандартларга мувофиқ даволаса-да, шифокор тез-тез ўзгариб турса, беморларга мослашиш барибир қийин кечади. Шунинг учун, эҳтимол, беморларнинг қулайлиги учун ёрдамчи шифокорларни қўйиш энг мақбул ечим. Буни Ҳамида опа ўз тажрибасидан билади.
Айнан шунга кўра опа Шерзоджонга далда берди.
– Барча беморларда пневмония, турли даражадаги ўпка шикастланиши бор. Баъзилар кислород етказилишига муҳтож бўлади, ана шунда сунъий нафас олиш ускунасини уланг. Нормал ҳолатда одам 100 фоиз нафас олади. Aгар, ўпканинг 80 фоизи зарарланган бўлса, беморда нафас олиш учун кичик бир парча қолади. Бу организм учун етарли эмас, шунинг учун марказлаштирилган кислород таъминоти ўтадиган кислород катетерини улаш керак. Бемор нафас олади, унинг қондаги кислород миқдори кўтарилади, нафас қисилиши камаяди.
Ўтган олти ой давомида ходимлардан ҳеч қандай шикоятлар бўлмади. Уларнинг барчаси: шифокорлар, вирусологлар, юқумли касалликлар бўйича мутахассислар ўз бурч ва мажбуриятларини бекам-у кўст адо этишди. Гарчи, уларнинг кўзларида чарчоқ аломати бўлса ҳам.
Ҳамида опа қўшни хонадаги беморлардан ҳам ҳол сўради. Улар орасида ётган Сайёра исмли жувон бундан ўн кун бурун келган. Келган вақтида тана ҳарорати баланд бўлиб, нафас олиши қийин эди. Шифокор-у, ҳамшираларнинг саъй-ҳаракати билан унинг ҳаёти сақлаб қолинди.
– Ҳароратингиз яхши – 36.60. Сайёрахон ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
Жувон табиатан ўзи шўх эди. эътибордан хурсанд ҳолда:
– Раҳмат доктор. Борларингизга шукр! – дея хушчақчақлик билан жавоб берди…
Йўлак бўйлаб кета туриб бехосдан қўл телефони жиринглади. Қараса, турмуш ўртоғи Холмат ака экан. Юраги алланечук бўлиб, ­кўкрагидан аччиқ бир нарса отилиб кетгандек бўлди.
Ахир у яқинлари билан фақат телефон орқали боғланади. Оила аъзолари билан ҳеч қандай учрашув йўқ. Бу ерда ишловчи тиббиёт ходимларнинг яқинлари ўзларини қандай ҳис ­қилишларини сўраб туришади.
– Онаси, яхшимисан?
– Раҳмат, – дея ўзини бардам тутишга уринади Ҳамида опа.
– Телефоннинг «имо»сини ёқ. Камола билан Дурдона ҳам гаплашмоқчи.
Улар бир-бирини кўриб, гапни нимадан бошлашни билишмади. Боиси, бир-бирларини жуда-жуда соғинишган эди-да…
Қисқа суҳбатда ўзини зўрға тутиб турган Ҳамида опа беморларга қарашини баҳона қилиб, телефонининг ўчириш тугмасини босди. Дераза ёнига келганча унсиз йиғлади. Буни кўрган қуёш юзини тўсган булутлар ҳам унга қўшилиб кўзёшини тўкди…

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар