«Сариқ»лар ўрнига «қизил»лар…

102

ёхуд ўқув йили очилишидаги пала-партишлик хусусида

Мактаблар сентябрдан ўз фаолиятини анъанавий шаклда тиклашини истайсизми? Айни саволга Андижон шаҳридаги 10-мактаб томонидан ўқувчиларининг ота-оналари ўртасида ўтказилган сўровномада иштирокчиларнинг 71 фоизи «Ҳа!» деб жавоб қайтаришди. Қолганлар эса фарзандлари ҳозирча онлайн шаклда таълим олиб туришини маъқуллашди.

Таъкидлаш жоизки, мактаб маъмурияти фаолиятини пандемия даврида ишлаб чиқилган вақтинчалик санитария-эпидемиологик талаб­лардан келиб чиқиб ташкил этишга пухта тараддуд кўрди. Таълим даргоҳида 649 нафар ўғил-қиз таҳсил олади. Аввало, муассасага қатнаш истагини билдирган ўқувчиларни икки навбатда ўқитиш режаси тузилди. Ҳар бир синфда ўртача 15 нафардан ўқувчини ўқитиш, уларни парталарга якка-якка ҳамда зиг-заг тарзида ўтқизишнинг ҳисоб-китоби олинди.
Ўқув йили бошланиши олдидан маҳаллий ҳокимлик ҳисобидан 45 литр миқдорида антисептик воситалар, икки дона пирометр, хлор ҳамда кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун маскалар етказиб берилди. Мактаб жамоаси эса касалликдан сақланиш учун мутахассислар ниманики тавсия қилишаётган бўлса, барча зарур жиҳатларга чора кўрди ҳисоб. Асосийси, дарвоза олдида жойлашган қоровулхона белгиланган тартибда жиҳозланиб, махсус изоляторга айлантирилдики, эрта-бир кун эшик олдида фильтрдан ўтаётган ўқитувчи ё ўқувчилардан бирида касаллик аломатлари сезилгудек бўлса, улар ичкарига қўйилмай дарҳол изоляторга олинади. Айни пайтда муассаса уч хил тоифанинг ўртасида – «сариқ» мактаб мақомида турибди. Яқиндагина коронавирусга тест топширган педагог ва техник ходимларнинг таҳлил натижаларига қараб «яшил» ёки «қизил» тоифага ўтказилади ҳамда мактабни очиш ёки очмасликка қарор қилинади. Қисқаси, мактаб ўқув йилига шай.
Шаҳардаги 25-мактабда эса қизиқ жиҳат кузатилди. Муассасада 841 нафар ўқувчи таҳсил олади. Ўқитувчилар шу йил 3 сентябрь куни ёппасига тест топширишган. Устозларнинг 3 нафарида касаллик аломатлари сезилаётгани боис, уларга уйида ўзини яккалаши ва мактабга келмаслик тавсия этилган. 5 сентябрь куни таҳлил натижалари эълон қилиниб, мактабни очиш мумкин, деган хулоса берилган. Шунга кўра, ҳар бир секторда намуна тарзида иш бошлаган муассасалар қатори 25-мактабда ҳам 7-12 сентябрь кунлари қарийб барча синфларга дарс ўтилган. Бугунга келиб эса мактаб «қизил» тоифага ўтказилди ҳамда фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришига қарор қилинди. Чунки 3 сентябрь куни тест топширган ва мактабга келмаслик тавсия этилган ўша 3 нафар ўқитувчи чиндан-да коронавирусга чалинган экан… Куласизми, куясизми?
Ростанам ажабланарли-да: дарс жараёнлари бошланишидан аввал жамоада аъзоларидан касаллик чиқиб, «қизил» тоифага ўтказилса-ю шунга қарамай ўқишга рухсат берилса?! Тағин бир ҳафтадан сўнг мактаб ёпилса?! Намуна сифатида очишга қарор берганлар хавф билан ўйнашиш ўрнига «яшил» тоифадаги бошқа бир муассасани тавсия қилишса бўлмасмиди?
Шунга қарамай, бир ҳафта давомида мактабга ўқувчиларни қабул қилиш жараёнида белгиланган тартиб-қоидаларга оғишмай амал қилинди. Антисептик ҳамда бошқа зарур воситалардан ўрни-ўчоғида фойдаланилди.
– Ота-оналар ҳам масъулиятни ҳис этишлари, фарзандлари ва атрофдагиларни хавфга қўймаслигига ҳам кўп жиҳатлар боғлиқ эканини тажрибадан ўтказдик, – дейди 25-мактаб директори Дилфуза Аҳмадалиева. – Қай бир куни эрталабда дарвоза олдида тиббиёт ходими «фильтр»дан ўтказилаётган бош­ланғич синф ўқувчиларидан бирининг иситмаси баланд эканини айтиб қолди. Ўқувчини мактабга бувиси кузатиб келган экан. Дарҳол ортга қайтариб, полик­линика билан боғландик. Суриштирсак, боланинг онаси уйида икки-уч кундан бери иситмалаб ётган экан. Шунга ўхшаш ҳолат ҳафта давомида бошланғич синф ўқувчилари орасида яна икки марта кузатилди…
Ота-оналардан фарзандлари маска тақишлари ва ёнида антисептик суюқлик олиб юришлари талаб қилинмоқда. Хусусан, ҳар бир ўқувчи кунига уч марта ниқобни алмаштириши қоида сифатида жорий қилиняпти. Битта ниқоб нархи ўртача 1 минг 500 сўм экани инобатга олинса, ота-она бир ойда бир ўқувчи учун фақатгина ниқобнинг ўзига ўртача ҳисобда 120 минг сарфлайди. Йўғон чўзилиб, ингичка узилаётган айни шароитда кам таъминланган оилаларга шугина харажат ҳам оғирлик қилиши табиий. Ахир, мактабда икки-уч нафардан фарзанди ўқийдиганлар камми? Бизнингча, маҳаллий бюджет ҳисобидан мактаб­ларга – кам таъминланган оилалар фарзандлари учун етказиб берилаётган ниқоблар сонини кескин кўпайтириш зарур. Касалликнинг олдини олишнинг бирламчи омили ниқоб тақиш ва ижтимоий масофа сақлаш эканини ҳисобга олсак, мутасаддилар айни таклиф учун бизни айблашмаса керак?!
Ўқув йилига тайёргарлик арафасида мактаб раҳбарларининг бошини қотирган яна бир масалага тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Қарийб барча ҳудудларда тараддуд жараёнини ўрганган санитария-­эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутасаддилари деярли ҳар бир синфда қўл ювиш мосламаси бўлиши шарт, деган қоидани оғзаки равишда жорий қилди. Шундан кейин Андижон вилоя­ти марказидаги қадимий темирчилик расталаридаги ҳунарманд-дўкондорларнинг иши юришди-юришди-ей: баҳоси ўртача 130 минг турадиган – рух тунукадан ясалган мосламаларнинг нархи бир хилда – 230-250 минг сўмга чиқиб кетсами? Қўли-қўлига тегмай қолган темирчиларнинг «мис товоққа чиққани»ни айтинг: «Вақтим йўқ! Келаси ҳафта келинг! Нархини бир сўм ҳам туширмаймиз… »
Топшириқ бажарилмаса бўлмайди: қай бир директор чўнтагидан, яна кимлардир ота-оналарнинг ҳомийлиги асосида мосламаларни харид қилишга мажбур бўлди.
Мана, қарангки, пандемия даврида мактаблар фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ санитария-эпидемиологик талабларида айнан ҳар бир синфда қўл ювиш воситаси бўлиши шарт, деган қоида йўқ экан. Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси ҳам бундай талаб қўймаган. Фақат «1-синф ўқувчилари учун хоналарга ўрнатилса маъқул бўлади, бу уларни соғлом турмуш тарзига ўргатишда қўл келиши мумкин», деган мазмунда тавсия берилган, холос.
Кузатувлар вазирлик ҳамда ҳамкор идоралар томонидан ўқув йилига тайёргарлик олдидан барча учун бирдек – пухта ўйланган, яхлит, ўзгартирилмайдиган, умумлаштирилган тартиб-қоидалар ишлаб чиқилмаганини кўрсатмоқда.
Хулоса эса ўзингиздан…

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар