УЛАР БИЗГА БЕГОНА ЭМАС

820

Ёхуд мигрантлар давлат ҳимоясида эканини ҳис этиб яшашлари учун муҳим ҳужжат

Мигрантлар… Бу сўз ҳаётимизга кириб келганига ҳам анча вақт бўлди. Бироқ қонуний миграция оқимини бошқариш, меҳнат мигрантларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш каби масалалар узоқ вақт ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Гўёки тирикчилик важидан Ватандан ташқарига чиқиб кетаётганлар борига қаноат қилмайдиган, енгил пул топишга ружу қўйганлар…

Мусофирчиликда муаммога дуч келганлар, бахтсиз ҳодисалар ёки кўнгилсиз ҳолатлар туфайли ҳалок бўлганларнинг аччиқ қисмати ижтимоий тармоқларни портлатса-да, воқеаларга лоақал муносабат билдирилмаган ҳолатларни ҳам кўрдик.
Шавкат Мирзиёев Президент сифатида иш бошлаган дастлабки кунларданоқ, хорижда меҳнат қилаётган ва маълум сабаблар туфайли у ерда қўним топган Ўзбекистон фуқароларини ҳимоя қилиш, чет элда яшаётган ватандошларимиз билан мулоқот ўрнатиш, улар орасидан етук мутахассисларни юртимизга қайтариш бўйича амалий таклифларни илгари сурди.
Қисқа вақт ичида хорижда ишлаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилиб, чет элда меҳнат қилаётган ва ишлаб қайтиб келган фуқароларнинг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган ипотека кредитларини ажратиш амалиёти йўлга ­қўйилди.
Ҳозирда карантин туфайли Ўзбекис­тонга қайтиш истагида бўлган фуқаролар учун махсус рейслар ташкил қилиниб, жойларда улар учун иш ўринлари яратилмоқда.
Тўғри, бу билан миграция масаласидаги муаммолар узил-кесил ҳал этилди, деб айтишга ҳали эрта. Боиси, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни қисқа фурсатда бартараф этиш имконининг ўзи бўлмайди.
Муҳими, муаммолар тан олингани, давлат ўз фуқароларини дунёнинг қайси манзилида бўлсин ҳимоясига олаётгани, тизим янгиланаётгани. Қолаверса, бутун дунё ишчи кучининг кўчиши, ҳаракатланиши, мигрантлар муаммолари билан дуч келади. Лекин ҳеч бир мамлакат ҳозиргача меҳмонларга дарвозасини батамом ёпиб ёки фуқароларига бошқа давлатга чиқиб кетишни тақиқлаб қўйгани йўқ. Ўзбекистон ҳам жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли ­аъзоси сифатида ­миграция хизматини ривожлантириш, бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратиш йўлидан бормоқда.
Дунё меҳнат бозори конъюктурасида рўй бераётган тезкор ўзгаришлар, пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсири натижасида юзага келаётган муаммолар миграция масаласини давр ва шароит нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишни тақозо қилмоқда.
Президентимиз шу йил 14 сентябрда имзолаган «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ана шу масалаларнинг комлекс ечимига қаратилган десак ­янглишмаймиз.
Қарор билан хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий қилиниб, унинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Айниқса, Ўзбекистон фуқароларини чет элда вақтинча ишлашга ташкиллаштирилган ҳолда юбориш ҳажмини ошириш, ушбу мақсадда вазирлик, идоралар ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг вазифа ва ваколатлар доираси кенгайтирилганлиги кўплаб муаммоларни ҳал этади.
Ушбу ваколатлар соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижга ишлашга кетишдан олдин фуқароларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитишни самарали йўлга қўйиш, уларга халқаро тан олинадиган сертификатлар бериш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришда қўл келади.
Қарорда ҳокимлар ташқи меҳнат миг­рацияси агентлигининг ҳудудий филиалларига умумий раҳбарлик қилиши билан боғлиқ қоиданинг киритилгани алоҳида аҳамиятга эга. Боиси шу вақтга қадар ҳудудий филиаллар раҳбарлари бевосита Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан тайинланганлиги миграция хизматларини ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб ташкил этишга ва фаолиятни холисона баҳолашга тўсқинлик қилар эди.

Аввал тил ўрган, кейин иш…

Маълумки, хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларнинг аксарияти ўзи борадиган давлат тилини билмайди ва маълум бир касб-ҳунарга эга эмас. Шу туфайли кўпдан кўп муаммолар юзага қалқиб чиқади. Ҳатто уларнинг айримлари фирибгарлар домига тушади, алданиб қолади, одам савдоси қурбонига айланади.
Қарорда бу каби муаммоларнинг олдини олиш бўйича ҳам янги тартиблар жорий этилди. Хусусан, 2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хориж­га чиқиб кетаётган шахслар, ишга юборилишдан олдин мажбурий тартибда тил ўрганади ва ўша мамлакатда талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитилади. Бу эса ишчининг, аввало, рақобатбардош­лигини ошириб, маошининг юқори бўлишига замин яратади.
Қарор талабларига мувофиқ, 2021 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳрида Япония иш берувчилари билан ҳамкорликда «Япон тили ва касбий малака» тест маркази, Фарғона шаҳрида Россия Федерацияси билан ҳамкорликда пайвандчилар мактаби, Гулистон шаҳрида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда хизмат соҳасида фаолият кўрсатадиган ишчиларни тайёрлаш ўқув маркази, шунингдек, Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда чет тилларига ўқитиш ва хизмат соҳаси бўйича касбга тайёрлаш ўқув марказлари иш бошлайди.
Айни шу мақсадларда 2020-2021 йилларда Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан 74 минг нафар шахсни касб-ҳунарга ўқитиш учун 95 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.
Эътиборли томони, қарорда жаҳон меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф синчковлик билан таҳлил қилиниб, эҳтиёж юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш, ишчилар меҳнатини халқаро ҳуқуқ нормалари даражасида ташкил этиш билан боғлиқ барча жараёнлар атрофлича қамраб олинган.
Қарорда Россия Федерациясига ишга кетаётган ватандошларимизга янада қулайлик яратиш мақсадида 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонасини очиш, ваколатхонада патент тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш хизматларини ташкил этиш бўйича вазифа қўйилган. Бу ҳам кўплаб оворагарчилик ва сарф-харажатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Қарзни қўшнидан эмас, давлатдан олинг!

Хуллас, ҳужжатнинг ҳар бир банди меҳнат мигрантларини амалий томондан қўллаб-қувватлашга қаратилган. Масалан, 2021 йил 1 январдан бошлаб, вақтинча ишлаш учун хорижга чиқиб кетаётган шахсларга 10 миллион сўмгача микроқарзлар бериш тартиби жорий қилинмоқда.
Микроқарз фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади.
2021 йил 1 январдан бошлаб, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижда вақтинча меҳнат қилиш ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турига тенглаштирилади ва унга нисбатан белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади. Айни шу тартибга ­эътибор қаратадиган бўлсангиз, катта бир муаммо ечимини топганлигини кўришимиз мумкин. Инсон умрининг охирига қадар мигрант бўлиб қололмайди ахир. У куч-қувватга тўлган даврида ишлаши, келажаги учун пойдевор яратиши керак. Кексайганда эса пенсия гаштини суриб, қадр топиши лозим. Шу боис, уларнинг ишлаб турган даврида пенсия учун замин ҳозирлаши ғоятда муҳим омилдир.

Мен, ўзбекман…

Ижтимоий тармоқлар орқали кузатадиган бўлсак, бугун ҳамюртларимиз қадами етмаган қитъа ва давлат қолмаганлигини билиб олиш қийин эмас. ­Эътиборлиси, бундан ўн-ўн беш йил аввал ҳамюртларимиз фақатгина жисмоний кучга таянган ишчи сифатида чет элга кетган бўлса, ҳозирда нуфузли компания ва коорпарацияларда ақлий меҳнат билан фаолият юритаётган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этмоқда.
Маълумотларга кўра, айни вақтда Екатеринбург шаҳрида 90 мингга яқин, Новосибирскда 200 минг, Самара ва Уфада 170 минг, Чимкентда 100 минг, Истанбулда 300 минг нафар юртдошларимиз меҳнат қилмоқда. Қарор билан Россия, Қозоғистон ва Туркия Республикаларида меҳнат қилаётган юртдошларимизга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида адвокатлик фирмалари жалб қилиниб, онлайн платформа яратилади ва Россия Федерация­си ҳудудини доимий хизмат билан қамраб оладиган «Call-марказ» ташкил қилиниши ҳам ҳамюртларимиз учун яхши имкониятлардан бири.

Мусофир бўлмагунча…

Баъзилар хорижга ишлаш учун чиқиб кетаётган фуқаролар сонининг ортиб бораётганлигини бир томонлама талқин қилишади. Лекин, нафсиламбирини айтганда, инсоннинг дунё кезиб, тобланиб, даромад орттириб, ҳаётини яхшилаётганлиги ижобий ҳолат эмасми?
Бугун вилоятларнинг олис қишлоқларида инфратузилма яхши ривожланмаганлиги учун иш ўринларининг етарли эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Шундай шароитда одамлар миграция ортидан уй-жой шароитларини яхшилаяпти, тўй қилаяпти, машина олаяпти…
Қувонарлиси, мигрантлик ҳаётини бошидан ўтказиб қайтган кўплаб юртдошларимиз чет элда орттирган билим ва илмларини ўзимизда қўллаяпти. Тошкент шаҳри ва вилоятларда қурилаётган мураккаб архитектура ва конструкцияли қурилиш иншоотларининг деярли барчасида ўзимизнинг қоракўзлар меҳнат қиляпти.

Ёлғиз эмассиз!

Хулоса қилиб айтганда, қарорнинг ижроси доирасида 2020-2021 йилларда мамлакатимизда 70 минг нафарга яқин шахс касб-ҳунарга ва чет тилларига ўқитилади. 144 минг нафардан ортиқ шахс ташкиллаштирилган ҳолда хорижга вақтинча ишлаш учун юборилади. Хориждан қайтиб келган 148 минг нафарга яқин фуқаронинг бандлиги таъминланади. 120 минг нафарга яқин меҳнат мигрантларининг оила аъзоларига ёрдам кўрсатилади.
Бу эса минглаб ҳамюртларимиз касб-корли, оилалари даромадли бўлади. Муҳими, қаерда бўлмасин, Ўзбекистон фуқаролари давлат ҳимоясида эканини ҳис этиб яшашларидир.

Дилшод БЎРИЕВ,
журналист

Бошқа хабарлар