Равон йўлдаги «қудуқлар»

83

Кенг кўламли бунёдкорлик ишлар натижасида Риштон тумани марказининг қиёфаси тубдан ўзгарди. Тор, ўйдим-чуқур йўллар ўрнида олти қаторли йўллар барпо этилди. Аммо йўл остидан ўтказилган коммуникация тармоғининг қудуғи қопқоқ билан ёпилмагани, қопқоқ ўрнига учига қоп кийдирилган ёғоч калтак солиб қўйилганини қандай изоҳлаш мумкин? Агар салгина ҳушёрликни йўқотсангиз, қудуққа тушиб кетишингиз ҳеч гап эмас.

Ўзбекистон туманининг «Конизар» МФЙ ҳудудидаги автомобиллар ҳаракатини тартибга соладиган айлана йўлда ҳам шу аҳвол. Риштон тумани марказида бўлгани каби, бир неча ойдирки, йўл ўртасидаги оғзи очиқ қудуққа қопқоқ топилмаяпти. Қудуққа калтак солиниб, учига лента илиб қўйилган. Ваҳоланки, маҳаллий аҳоли вакилларининг гапига кўра, бу йўлда эрта-ю кеч автомобиллар қатнови бир зум тўхтамайди.
Қўқон шаҳрида ҳам бундай манзарага дуч келасиз. «Қозиёғлиқ» МФЙ ҳудудидан ўтган автомобиль йўли анчагина серқатнов. Бироқ супурги ва дарахт шохлари солинган оғзи очиқ қудуқлар ҳеч кимни ташвишлантиргани йўқ. Хуллас, бу ердан ҳаракатланганда эҳтиёткорликни юз карра оширишга тўғри келади. Ҳар ҳолда «инновацион» усулдаги «белгиларни» яхши билиш зарар қилмайди.
Вилоят марказининг Мураббийлар кўчасидаги пиёдалар йўлагидан юрганингизда асло ҳушёрликни бой берманг. Бу ердаги усти очиқ қудуққа қопқоқ тугул шох-шабба ҳам солиб қўйилмаган. Бундан сал нарида Истироҳат кўчасидаги қудуққа ҳам кўринар-кўринмас тарзда тошдан, дарахт шохидан белги қилиб қўйилган.
Кузатувларимиздан шу нарса аён бўлдики, усти очиқ қопқоқсиз қудуқларга дарахт шох-шаббаларини солиб «белги» қўйиш оддий ҳолга айланиб қолган. Умид қиламизки, масалага алоқадор ташкилот раҳбарлари мазкур ҳолатга томошабин бўлиб турмайдилар. Ахир йўллар эгасиз эмас-ку?!

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар