Қорақалпоғистонда ҳаводан ичимлик суви олиш йўлга қўйилди

730

Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» АЖ маълум қилди.

«Ўзгидромет» ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган Чимбой тумани метеостанциясига атмосфера ҳавосидан ичимлик сувини ишлаб чиқариш «атмосфера сув генератори» (Аирақуа — 7-та тозалаш фильтридан иборат) қурилмаси тажриба (синов) тарзида ишга туширилди.

Қайд этилишича, мазкур қурилма ичимлик суви етиб бормаган ва етказиб бериш иқтисодий жиҳатдан қимматга тушадиган ҳудудларга мослаштирилган. Ушбу инновацион технология синов тариқасида йўлга қўйилди ва ундан олинаётган статистик маълумотлардан фойдаланган ҳолда республикамиздаги бошқа метеостанцияларга ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Атмосфера ҳавоси намликларнинг улкан резервуари экани ҳисобга олинса, атмосфера сув генераторини ўрнатиш атмосфера сувини ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг самарали қурилма дейиш мумкин. Шуни таъкидлаш лозимки, ушбу мослама дистилланган сувдан ҳам тозароқ сув олиш имконини беради.

Қурилма атмосфера ҳавоси намлигига ва ҳароратга қараб кунига тахминан 12 литрдан 30 литргача ичимлик суви етказиб бериш имконини беради. Кўп қувват (1 кВт) талаб қилмаслиги, ихчам, экологик тоза, фойдаланишда техник жиҳатдан инсон ҳаётига хавфсизлиги унинг қулай жиҳатларидан биридир.