Камбағалликдан чиқариш кампаниябозлик учун эмас!

366

Одамлар ношукурми?

Жойларда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар билан танишиш жараёнида мутасадди раҳбарлардан бирининг куюнчак лик билан айтган гаплари беихтиёр ўйлантириб қўйди.
– Одамлар ношукур бўлиб кетяпти, – деди у. – Кеча қорамол, маиший техника берилган фуқароларни чақириб, йиғилиш қилдик. Уларга камбағалликдан чиқиш ҳақида ариза беринглар десак, 80 фоизи рози бўлмади. Ўзингиз бир мушоҳада қилиб кўринг-а, ҳар бир соғин сигир 7-8 миллион сўмдан кам эмас, улар эса…
Рост-да, давлат томонидан эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликка барҳам бериш борасида қатор чораларнинг жавоби бўлиши керак-ку, ахир?! Шундай эмасми?
– Одамлар тайёрга айёр бўлиб боряпти, – дея давом этди мутасадди. Бунақада иш жойидан силжиши қийин.
Ўйланиб қолдим. Эрталаб ҳаловатимни ўғирлаган телефон қўнғироғи ёдимга тушди. Нотаниш аёл йиғламсираган овозда телевизорда эҳтиёжманд оилаларга бир миллион сўмдан ­маблағ тарқатилганини кўрганини, унинг оиласига кам пул берилганини айтди. Мен унга ёрдам пули оила аъзолари сонидан келиб чиққан ҳолда ажратилганини тушунтиришга уриндим. Аёл эса барибир ноҳақлик бўлаётганидан ёзғириб, оғир шароитда турмуш кечираётгани, ёрдам сўраб юқори ташкилотларга ёзаётган шикоятлари эътиборсиз қолаётганидан нолиди.
Ярим соатдан зиёд мулоқотдан сўнг суҳбатни хаёлан таҳлил қиларканман, мен ҳам аёлни ношукурликда айбладим. «Шу пулни беришмаганда нима бўларди? Нимага бу одамлар норози бўлаверишади?».
Бироқ кун давомида эҳтиёжманд оилалар яшайдиган хонадонларда бўлиб, улар билан мулоқот қилгач, фикрларим ўзгарди.
Назаримда, бугун дунёдаги ижтимоий вазият кимларгадир нисбатан ношукур дея ­айблов қўйишга изн бермайди. Нафақат камбағал инсонлар, балки ўртаҳол яшовчилар ҳам иқтисодий муаммоларни бошдан кечирмоқда. Давлат томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар узлуксиз давом этаётгани бежиз эмас. Қорамоллар, маиший техникалар берилаётгани, мавсумий ишга жалб қилинаётгани эътирофга лойиқ, албатта. Бу эҳтиёжманд инсонларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда ҳеч бир муболағасиз муҳим аҳамиятга эга. Бироқ кеча қорамол бериб, бугун камбағаллар рўйхатидан чиқариш қанчалик тўғри?

Реал фикрлашни ўрганайлик

Чорвачиликдан хабари бор одамлар, қорамол боқишнинг ўзи бўлмаслигини яхши билишади. Бир сигирдан 10 литр сут соғиб олса, ҳар бир литрини 4 минг сўмдан сотса, кунига 40 минг сўм бўлади, дейиш оғиздагина осон. Қишлоқ шароитида сутнинг нархи 2 500-3000 сўм атрофида. Шуниси ҳам борки, сигир ўз-ўзидан 10 литр сут беравермайди. Бунинг учун жилла қурса кунига 3 литр сутнинг пулини жониворга сарфлаш керак. Қишлоқ одамлари билан суҳбатлашганимизда, бир соғин сигирдан кунига ўртача 5-6 литр атрофида сут олишини айтишди. Бу эса қиммат бозорда 20-25 минг сўм дегани. Шунинг ҳам 10 минг сўмни сигирнинг ем-хашагига сарфласа, рўзғорга қоладигани 10-15 минг сўм. Хўш, энди айтинг-чи, 15 минг сўм билан рўзғорни бутлаб бўладими?
Зеро, қорамол берилгани, ҳатто доимий иш билан таъминланган билан ҳам киши дарров камбағалликдан чиқолмайди. Мавсумий ишларга жалб қилишнинг самараси ҳам мавсумий. Рўзғорнинг камини тўлдириб, йиртиқларини ямаш учун вақт керак. Камида бир йил узлуксиз даромад кириб турилгандагина оиланинг иқтисодий аҳволи яхшиланишига умид боғлаш мумкин.
Энг муҳими, ҳақиқатан ҳам камбағалликка барҳам бермоқчи бўлсак, буни асло кампания­бозликка айлантирмаслигимиз даркор. «Фалон одамни камбағалликдан чиқардик», дея ахборот беролмагани учунгина одамларни ношукурликда айбламаслик лозим. Масалага реал ёндашибгина мавжуд муаммога аниқ ечимлар топилади.

Олимлар нима дейди?

Ушбу масала юзасидан иқтисодчи олимлар, кенг жамоатчиликнинг фикр ва таклифларини ўрганиш ўта муҳим. Шу мақсадда Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Президенти ҳузуридаги Давлат ­бошқаруви академиясининг Урганч ҳудудий филиалида бўлдик.
– Камбағалликдан чиқариш қисқа фурсатда ҳал қилинадиган масала эмас, – дейди филиал раҳбари, иқтисод фанлари номзоди Фарҳод Абдуллаев. – Ҳар бир шахсга индивидуал ёндашиб, камида олти ой учун кунма-кун амалга ошириладиган ишлар режасини ишлаб чиқиш, йўл харитаси асосида иш кўриш зарур. Аввало, маҳалла фуқаролар йиғинлари, сектор раҳбарларининг бу масалада тегишлича билим ва кўникмага эга бўлиши тақозо этилади. Хуллас, ҳар бир сектор раҳбарининг ўз ҳудудида нечта камбағал оила борлигини, қайси омиллар таъсирида камбағаллик даражасига тушиб қолганини аниқ билиши, оиланинг ишга яроқли аъзоларининг имкониятлари, дунёқараши билан ҳисоблашиши керак. Маҳалладаги камбағал оилалар рўйхати тўлиқ шакллантирилганидан кейин, бу жараёнга «Лойиҳалар фабрикалари»ни ҳам жалб қилиш мақсадга мувофиқ. Одамлар орасига борганда «Мана сенга қорамол, мана сенга 50 та товуқ, шу билан оилангнинг иқтисодини кўтаришинг керак» демасдан, кичик бизнесни йўлга қўйиш учун камида 100 та лойиҳа тақдим қилиш зарур. Ҳар бир эҳтиёжманд оила ушбу лойиҳалар билан танишиб чиқиши ва ўзига мақбулини танлаб олиши даркор. Шу ўринда эҳтиёжманд оилалар зиммасига ҳам ­масъулият юкланиши, дейлик, 50 та товуқни қандай парвариш қилади, гўшт ёки тухум сифатида пуллаб, қанча муддатда фойда кўришга ўтади – ҳамма-ҳаммаси ҳақида аниқ тушунча ва режага эга бўлиши лозим. Айтайлик, бугун 22 сентябрь. 22 мартда 10 миллион даромад эгасига айланиш учун бугун нима қилиш керак, эртага, индинга, бир ҳафтадан сўнг қилинадиган ишларнинг механизмини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарур. Бунинг учун эса паррандачилик билан шуғулланиб, фаровон турмуш кечираётган тадбиркорлар билан кенгашиб турилса, иш олдига силжиши аниқ. Тикувчилик, қорамолчилик, пишириқчилик, балиқчилик, асаларичилик… қайси йўналишда бўлмасин, ҳаммасини пухта режалаштирган ҳолда, ёрдамни қабул қилаётган оила аъзолари шу йўналишда малакага эга бўлишига ҳам эътибор қаратиш керак. Ҳар бир соҳанинг ўзига хос сирлари, қийинчиликлари бор. Кўпчилик биринчи қийинчиликка дуч келгандаёқ қўлини ювиб, қўлтиғига уради. Камбағал оила вакилларини улар танлаган йўналиш бўйича ўз соҳасининг энг яхши мутахассисларига бириктириш зарур. Акс ҳолда, кутилган натижага эришиш қийин.
– Бир марталик моддий ёрдамлардан кўпчилик норози бўлаёганини инобатга олган ҳолда, уларни нақд пул кўринишида эмас, эҳтиёжманд инсонларнинг пластик карточкаларига ўтказиб бериш мақсадга мувофиқдир, – дейди филиал ўқитувчиси Ғуломжон Сапаев. – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2019 йил 10 майдаги 19-2019-Б-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида»ги низомга ҳам айрим ўзгартиришлар киритишга зарурат бор. Айтайлик, низомнинг 13-бандида «Иш берувчи томонидан ходимнинг касбга тайёрлашдан ёки қайта тайёрлашдан ўтганлиги, шунингдек, унинг малакаси оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини 5 иш куни ичида тегишли АБКМга тақдим этилмаган ҳолларда АБКМ томонидан ходимнинг касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга сарфланган харажатларни қоплаш учун ажратилган ва иш берувчи ташкилотга тўлаб берилган субсидияни қайтариш чоралари кўрилади» дейил­ган. Бизнингча, агар ходимни бир йил ичида ишдан бўшатиб юборса ҳам иш берувчи сарфланган харажатларни қоплаб бериши зарур. Айрим иш берувчилар ходимни бир ойдан кейин ишдан бўшатиб юбориши, шунчаки субсидия учун уни ишга олган бўлиши мумкин-ку? Ушбу масала юзасидан депутатларимиз жамоатчилик назоратини ўтказса, АБКМлар фаолияти танқидий таҳлил қилинса, айни муддао бўларди. Агар касбга тайёрлаш иш берувчи эмас, бошқа корхона томонидан ташкил қилинса, тўрт томонлама шартнома тузиш, бунда ҳар бир тарафнинг вазифа ва мажбурияти, жавобгарлиги масаласи аниқ кўрсатилиши лозим. Токи давлат маблағи беҳуда совурилмасин. Бунда иш берувчи ўз талабларини аниқ баён қилиши, ўқитаётган корхона ҳунарни мукаммал ўргатишга кафолат бериши, ҳунар ўрганаётган шахс, ўқув курсини тамомлагач, унга иш таклиф қилган корхонада камида бир йил ишлаши шарт қилиб қўйилиши керак. Чунки бандлик масаласини ҳал қилмасдан туриб камбағалликдан чиқариш муаммосини тўлиқ ҳал қилиб бўлмайди.

Улар хоҳламайдими?

– Камбағал деган тамғани бир умр кўтариб юришни истамаймиз, – дейди шовотлик Дилафрўз Каримова. – Турмуш ўртоғим сурункали хасталикка чалингани оқибатида оиламиз иқтисодий танг аҳволда қолди. У доимий парваришга муҳтожлиги туфайли мен ҳам бирон жойда ишлашга имконсизман. Яхшики, ёрдам бериб туришибди. Яқинда маҳалла фуқаролар йиғини раиси хонадонимизга келиб, иссиқхона қуриб берилишини билдирди. Тўғриси, иссиқхона ҳақида аниқ тасаввурга эга эмасмиз. Кўплаб инсонлар шунинг орқасидан мўмай даромад кўраётганини биламиз, холос. Шу боис, турмуш ўртоғим балки имтиёзли кредит олиб, қорамол боқармиз деяпти. Мени эса кредитни қандай қайтариш масаласи чўчитяпти.
Дарҳақиқат, Дилафрўз каби қандай йўл тутишни билмаётган юртошларимиз оз эмас. Уларнинг ҳаракатлари ва давлатнинг кўмаги бесамар кетмаслиги учун экспертлар айтганидек, йўл харитаси асосида аниқ режага таяниб иш кўриш керак бўлади. Ҳар қандай вазиятда ҳам «ура-ура»чиликка берилиб, турли «шоу»лар уюштиришнинг оқибати вой бўлишини ёддан чиқармаслик лозим.
Дарвоқе, бу борада энг асосли фикрларни давлатимиз раҳбари 27 февраль куни тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар ­бўйича видеоселектор йиғилишида айтиб ўтган эди: «Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак».

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар