Сергелида дарё ўртасидаги оролчада қолиб кетган болалар қутқарилди

632

2021 йилнинг 8 июнь куни соат 21:00да Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг навбатчилик қисмига Сергели тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси ўртасида учта вояга етмаган болалар қолиб кетганлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Маълум бўлишича, Чирчиқ дарёсида уч нафар болалар чўмилиш мақсадида дарё ўртасидаги оролчага сузиб боришган. Аммо сув сатҳининг кескин кўтарилганлиги ва оқим тезлашганлиги туфайли орқага қайтишни имкони бўлмай қолган.

ФВВ ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳолат бўйича, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди сувда қидирув-қутқарув гуруҳи қутқарувчилари зудлик билан белгиланган ҳудудга етиб боришди. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида, оролчада қолиб кетган уч нафар болалар махсус кичик ҳажмли кемада қирғоққа олиб ўтилиб ота-оналарига топширилди.