Ихтиёрийлик асосида

74

Инсонни хоҳиш-иродасига зид ишларни бажаришга мажбурлаш унинг ҳуқуқларини чеклаш билан баробар. Мамлакатимизда мажбурийлик касб этадиган ҳар қандай фаолият турига қарши кескин кураш олиб борилаётгани ҳам бежиз эмас.

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш тадбирларида касаба уюшмалари ҳам мутасадди ташкилотлар билан қизғин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўтган фурсатда ҳудудий банд­ликка кўмаклашиш марказлари, давлат меҳнат ҳуқуқи инспекторлари билан ҳамкорликда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унинг турли кўринишларига барҳам беришга оид 42 та семинар, треннинг шаклидаги тадбирлар уюштирилди. Ушбу жараёнда мажбурий меҳнатни қораловчи тарғибот воситаларидан кенг фойдаланилмоқда. Вилоят туман ва шаҳарларида, аҳоли гавжум масканларда меҳнатга мажбурлаш ҳолатларини қораловчи плакат ва кўргазмали воситалар кўринарли тарзда жойлаштириб чиқилди.
Амалга оширилган саъй-­ҳаракатлар натижаси ўлароқ мажбурийлик касб этадиган ҳолатларнинг олди олинмоқда. Хусусан, вилоятимизда бултур жамоатчилик назорати асосида 18 та ташкилот, муассаса ва корхонада мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари мониторинги ўтказилган эди. 13 ҳолатда меҳнатнинг мажбурий кўриниши аниқланиб, масъул идоралар томонидан айбдор шахсларга нисбаттан қонуний чоралар қўлланилди.
Маълумки, катта меҳнат, катта куч талаб этиладиган мавсум – куз палласида қатор йиллар мобайнида ходимларни пахта йиғим-теримига жалб этишда қонундан чалғиш ҳолатлари юз берди. Эндиликда, далада ишлаётганлар шарт-шароити ҳамда уларнинг ихтиёрийлик асосида меҳнат қилиб келаётгани ўрганиб борилмоқда. Эътиборли жиҳати, далада ишлаётганлар меҳнатига ўз фурсатида ҳақ тўланмоқда. Оиласига қўшимча даромад келтиришга интилган ҳар бир киши ўз ихтиёри билан бу имкониятдан фойдаланишлари мумкин. Ҳеч ким мажбурий равишда теримга жалб этилмайди.

Зуҳра МАМАТҚУЛОВА,
Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши «меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш» бўлими мудири

Бошқа хабарлар