«Мен тадбиркор бўлдим»

157

Наманган вилоятида касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан бир қанча ҳудудларда янги ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятини бошлади.

Уйчи туманидаги Жийдакапа қишлоғида «Мусохон-­Асолат келажак» масъулияти чекланган жамияти 30 нафар аёлни иш билан таъминлади. Айни пайтда бир неча турдаги трикотаж маҳсулотлари, болалар кийимлари, кўрпа-ёстиқлар тайёрланаётган кичик корхона қошида ўқув курслари ҳам ташкил қилинган.

Йилига 300 нафар хотин-қизга тикувчилик, пазандачилик, компьютер технологияси, дизайнерлик соҳаларини ўргатишни мақсад қилган корхона раҳбари Моҳидил Исоқова тадбиркорликни бошлашига беминнат ёрдам бериб келаётган касаба уюшмалари кўмагидан бағоят мамнунлигини билдирди.
Ички бозорга арзон ва сифатли трикотаж буюмларини етказиб бераётган кичик корхона келгусида ўз фаолиятини кенгайтириб, экспортга ҳам маҳсулотларини йўналтиришни мақсад қилган.
– Қишлоғимиз аёллари байрам арафалари ва тўй-ҳашам тадорагини кўриш зарурати туғилганда сочиларини турмаклаш, пардоз-андоз учун ҳам туман марказларига йўл олишади, – дейди Моҳидил. – Шу камчиликни бартараф этиш ниятида айни пайтда кўп тармоқли корхона қошида гўзаллик салонини очдик.
Ҳали ёш бўлишига қарамай, қишлоқда ишсиз юрган аёлларни иш билан таъминлаган, шу орқали ўз бизнесини яратиб, кўплаб оилаларга моддий томондан кўмак беришга интилаётган Моҳидил сингари ёш тадбиркорларни касаба уюшмалари мунтазам қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар