Аҳволингиз қандай, теримчи?

103

Олий Мажлис Сенати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Президент ҳузуридаги давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Данғара туманидаги пахта далаларида бўлиб, теримчиларга яратилган шароит билан танишди.

«ДАН ҳосил» фермер хўжалиги тумандаги илғор фермерлардан. 44 гектар майдонга экилган пахта майдонда 120 нафар теримчи меҳнат қиляпти. Уларнинг ҳар билан меҳнат шартномаси тузилган. Пахта пуллари ўз вақтида тўлаб келинмоқда.
– Теримчиларнинг шижоати зўр, – дейди «ДАН ҳосил» фермер хўжалиги раҳбари Маъмуржон Фармонқулов. – Улар ёрдамида биринчи теримнинг ўзидаёқ режани 92 фоизга бажардик. Яна 24 гектар майдонда биринчи терим пахтаси турибди. Тез орада режани ортиғи билан уддалаймиз.
– Ҳар уч кунда терим пулларини оляпмиз, – дейди Жамилахон Муталиева. – Яратилган шароитдан нолимаймиз. Тушликка мазали овқатлар тайёрлаб беришмоқда.
«Олтиқуш замини» фермер хўжалигида 130 нафар теримчи билан меҳнат шартномаси тузилган. Бу ерда пахта йиғим-терими ишлари санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилмоқда. Теримчилар учун тиббий ниқоблар, антисептик васиталар захира қилиб қўйилган. Ишчи гуруҳ вакиллари теримчилар билан суҳбатлашар экан, шароитлардан мамнунлиги, пахта пулларини ўз вақтида олаётганини маълум қилишди.
– Ҳар куни 100 килограммдан кам пахта термайман, – дейди Хуршида Юсупова. – Бу юз минг сўмдан кўп маблағ дегани. Ҳозиргача анча-мунча пул жамғариб қўйдим. Яқинда тўй қиламан.
«Маматқулов Нурилло Фазилати» фермер хўжалигида яратилган шароитдан ҳам теримчилар мамнун. Бу ерда меҳнат қилаётган 105 нафар теримчининг ҳар бири билан меҳнат шартномаси тузилган. Тушликдаги таом эса пахтакорларнинг талабига қараб тайёрланади. Пахта пулларининг тўланишида узилиш йўқ.
Ишчи гуруҳи вакиллари Бувайда, Учкўприк, Бағдод ва Риштон туманидаги дала майдонларида ҳам бўлиб, теримчиларга яратилган шароит билан танишди.
– Шу кунгача салкам 2 миллион сўмдан кўп пахта пули олдим, – ­дейди Бувайда туманидаги «Оқтом файз Миришкори» фермер хўжалигида пахта тераётган Санамхон Маткаримова. – Пахта пулининг ўз вақтида тўланаётгани, шароитнинг яхшилиги теримчиларга қўшимча куч бермоқда. Шу боис, барчамиз катта қизиқиш билан пахта теряпмиз.
Учкўприк туманидаги «Шароф Шамсиддин МГС» фермер хўжалигида пахта тераётган 170 нафар теримчининг ҳам яратилган шароитдан, пахта пулларининг ўз вақтида тўланаётганидан кўнгиллари тўқ.
– Бугун тушликда палов тайёрланди, – дейди Насибахон Умарова. – Бизни ҳар куни шунақа «меҳмон» қилишади. Кеча 139 килограмм пахта терган эдим. Бугун 150 килограммга етказишни мўлжал қилганман. Чунки қанча кўп терсам, шунча кўп даромад топаман.
Риштон туманида ҳам терим жараёни қизғин давом этмоқда. Ишчи гуруҳи аъзолари «Эрали ўғли Шерали», «Пахтакор иқрор» фермер хўжаликларида ихтиёрийлик асосида пахта териб, каттагина даромад эгаси бўлаётган теримчилар билан дилдан суҳбатлашишди. Илғор теримчиларга эсдалик совғалари берилди.
– Қайси фермер хўжаликларига бормайлик, теримчилар мароқ билан пахта теришаётганига гувоҳ бўляпмиз. Уларнинг қай бири билан гаплашмайлик, пахта теримига ўз ихтиёри билан чиққани, пахта териб яхшигина даромад топаётганини билдиришди, – дейди Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари Маҳмуд Парпиев. – Муҳими, ҳеч ким пахта теримига мажбурлаб чиқарилгани йўқ. Барчаси яратилган шароитдан мамнун ҳолда, юқори кайфиятда пахта термоқда.
Айни пайтда ишчи гуруҳи ўрганишлари давом этмоқда.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар