Оддий эмас, ойдин кунлар

138

Жорий йилнинг мартида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан касаба уюшма фаоллари, маҳаллий ҳокимликлар ва ҳудудий маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, кам таъминланган, ногирон, боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилган эди.

Хўш, натижалардан кўнгиллар тўлаяпдими?
Масалан, ушбу манзилли дастурга асосан Қамаши тумани «Гулшан» маҳалла фуқаролар йиғини Гулшан қишлоғида яшовчи Насиба Мусаевага беш хонали уй қуриб берилди.
– Ўтган йили оиламиз бошига мусибат тушган эди, – дейди Насиба опа янги уйнинг калитларини олар экан. – Турмуш ўртоғим ҳаётдан кўз юмгач, олти нафар вояга етмаган болам билан чирқираб қолдик. Аммо ёрдамга муҳтож инсонлар ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги айни ҳақиқат экан. Эски, нураб қолган уйимиз янгилаб берилгани бунинг яққол исботидир.
Бундан ташқари, болаларимга нафақа оламан. Яқинда 3 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Уйимиз обод бўлганидан кўнглимиз ёришди…
Бугина эмас. «Қорасув» МФЙда яшовчи, боқувчисини йўқотган, икки фарзандини ёлғиз катта қилаётган Жамила Бердиёрованинг эски уйи ўрнида икки хонали ихчамгина уй қад кўтарди.
Хайрли чора-тадбирлар бардавомлик касб этиб, касаба уюшма фаоллари Гулистон қишлоғида яшовчи Лобар Қурбонова ҳамда қизилсойлик Маъмура Исмоиловага ногиронлик аравачаси совға қилишди.
– Моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйи­­ча манзилли чора-тадбирлар ижроси ­бўйича ҳозиргача 359 нафар фуқарога соғлигини тиклаш, дори-дармон олиши учун 491 миллион 842 минг 300 сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди, – дейди Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Файзулла Маҳмудов. – 66 нафар хотин-қизнинг уй-жойи таъмирлаб берилган бўлса, 78 нафар аёлга ногиронлик аравачаси, 14 нафарига эшитиш мосламаси ҳамда 6 нафарига қўлтиқтаёқ тақдим этилди.
Тадбирларга биргина Қамаши тумани мисолида ёндашадиган бўлсак, 25 нафар аёлга дори-дармон олиши учун моддий кўмак берилди. Тўртта уй-жой таъмирига 82 миллион 200 минг сўм сарфланган бўлса, яна тўртта уйда таъмирлаш ишлари давом этаётир…
Табиийки, ўрганишлар чоғида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича қилинаётган хайрли тадбирлар бу билан тўхтаб қолмайди.
Маҳаллаларда уй-жойлар обод бўлар экан, инсонлар онгида, ўй-фикрида ҳам ўзгаришлар бўйламоқда. Одамларда ҳаётдан рози бўлиш, фаровон турмуш тарзига интилиш ҳисси ортаётир. Бу эса асосий ютуқдир.

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар