Келажак – умумий ҳаракатда

59

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Президентимиз давлат тили – ўзбек тилида нутқ сўзлади. Ушбу тарихий нутқ Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият доирасидаги обрў-эътиборини янада ошириш билан бирга ватандошларимиз қалбида ғурур ва ифтихор, фахрланиш туйғусини уйғотди.

Давлатимиз раҳбари нутқида халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз муносабатини билдирди. Унда асосий мавзуларидан бири – коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиш бўлди. Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида гапирар экан, иқтисодиёт тармоқларига ўзининг беминнат ёрдам қўлини чўзган ҳамкорларга ўзининг чексиз миннатдорлигини изҳор этди. Шу билан бирга, ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемия­лар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларга алоҳида тўхталиб, Марказий Осиё давлатлари олдида минтақанинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлаш учун БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклифини билдирди. Дарҳақиқат, ҳукуматимиз сўнгги йилларда транспорт ва юк ташиш ишларига алоҳида эътибор бермоқда. Олис масофаларни бирлаштирувчи янги темирйўл линиялари ишга туширилмоқда. Бунинг натижасида стратегик ахамиятга эга бўлган иқтисодиётнинг турли тармоқлари ривожланиб бормоқда. 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» мавзусида халқаро форумни ўтказиш ҳақидаги таклиф ҳам юртимизга ташриф буюрувчи туристлар сони ортишига сабаб бўлади десак, муболаға бўлмайди.
2018 йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида ташкиллаштирилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари «Тошкент декларацияси»ни қабул қилиб, Афғонистон масаласини ҳал қилишда ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу масалага атрофлича тўхталиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш кераклигини илгари сурди.
Президентимиз узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган экологик муаммоларидан бири – Орол ҳалокатига яна бир бор эътибор қаратиб, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш кералигини билдирди.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратил­япти. Ўзбек халқи ва ўзбек тили мус­тақиллик шарофати билан дунё эътиборида бўлиб келмоқда. Президентимиз Ассамблея сессиясида илгари сурган таклифлар нафақат халқимизни, балки дунё ҳамжамиятининг бирдамликка ва келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаб, улкан режаларни тинч йўл билан рўёбга чиқаришга чорламоқда.

Қутлимурот СОБИРОВ,
Темирйўлчилар ва транспорт
қурувчилари касаба уюшмаси
Республика кенгаши раиси

Бошқа хабарлар