Яхши кунларга буюрсин!

137

Аёллар муаммолари изчиллик билан ҳал қилинаётгани мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги хотин-қизларнинг руҳиятини кўтариб, иштиёқларига иштиёқ қўшмоқда.

Урганчлик Индира Бекжонова вояга етмаган тўрт фарзанднинг онаси. Улар тарбиясидан ортиб, бирон жойда ишлаш имконияти йўқ. Қўлидан тикиш-бичиш келса-да, тикув машинаси олишга қўли калталик қилаётгани панд бераётган эди. Аёлнинг иштиёқи касаба уюшма вакилларининг ­эътиборидан четда қолмади. Хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш мақсадида шакллантирилган рўйхатда унинг ҳам исм-шарифи акс этди.
Куни кеча урганчлик 12 нафар хотин-қизга замонавий тикув машиналари совға қилинди. Улар орасида Индира ҳам бор.
– Кўрпа-тўшак жилдлари тикмоқчиман, дастлабки харидорларим ҳам кўз тикиб ўтиришибди, – дейди аёл. – Бир вақтнинг ўзида ҳам фарзанд­ларим билан шуғулланиш, ҳам ишлаш, тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйиш имконига эга бўлганимдан хурсандман.
Болалигидан миллий либослар тикишни орзу қилиб, иқтисодий имкониятлари туфайли эришолмай келаётган Динора Бекпўлатова, аёллар сумкалари тикиш ҳадисини олган Ферузабону Дўсчонова ва бошқалар уларга туҳфа қилинган тикувчилик дастгоҳларидан самарали фойдаланишга ваъда бердилар.
– Яхшиликка буюрсин, – деди тикув машиналарини топширар экан Урганч шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаев. – Сизнинг мўъжизакор қўлларингиз ушбу дастгоҳлар ёрдамида гўзал санъат асарлари яратишига ишонамиз. Меҳнатингиз хонадонингизга барака олиб кирсин.
Тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш истаги пайдо бўлганларни ҳокимият қўллаб-қувватлашга тайёр эканлиги ҳам айтиб ўтилди.
12 та аёлга берилган замонавий тикув машиналари 12 та хонадоннинг иқтисодий шароитларини яхшилаш билан бирга, аҳолига кўрсатилаётган маиший хизмат сифатининг ошиши ва арзонлашувига ҳам хизмат қилса не ажаб.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар