Йўқолсин бюрократия

558

Қонунларнинг муаллифи халқ бўлиши керак. Президентимизнинг ушбу фикрида демократиянинг муҳим ва ажралмас қоидаси ўз ифодасини ­топган. Чунки халқ қарорлар қабул қилинишида иштирок этса, унинг ижросидан хабардор бўлсагина улар фаровонликка ва жамиятда адолат қарор топишига хизмат қилади.

Мамлакатимизда айни шу тамойилга амал қилинмоқда. Қонун олдида барчанинг тенглигини таъминлаш, унинг бошқача талқин қилинишига йўл қўймаслик, айрим амалдорларнинг манфаатларига хизмат қиладиган ва бюрократияга йўл очадиган бўшлиқларни бартараф этиш қонун ижодкорлигининг асосий принципига айланиб бормоқда.
Шу йилнинг 28 сентябрь куни имзоланган «Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун бу борадаги ислоҳотларнинг ортга қайтмас тус олганидан далолатдир.

Халқ хоҳиши – амалда

Шу вақтгача Маъмурий жавобгарлик кодекси талабларига кўра, ҳайдовчининг мажбурий суғурта полиси ёнида бўлмаганида ва муддати ўтганида автомашина жарима майдончасига жойлаштирилар эди. Бу ҳолат ортиқча оворагарчилик ва кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлиб келгани ҳеч кимга сир эмас.
Шу йилнинг 3 август куни фуқаро Умид Икромов meningfikrim.uz порталига айни шу масала бўйича жамоавий мурожаат жойлаштирди. Халқчил мурожаат бир кун ичида (рекорд даражада) 13294 та овоз йиғди ва масала белгиланган муддатда Олий Мажлисда кўриб чиқилди. Шу тариқа ўн минг нафардан зиёд фуқаронинг ҳаққоний талаби инобатга олинди.
Янги қонун билан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда уларнинг автотранспорт воситаларини ушлаб туриш тартиби бекор қилинди.
AҚШ, Германия, Aнглия, Беларусь ва Россия каби мамлакатлар қонунчилигида ҳам фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш полиси бўлмаган ҳайдовчилар автомобилини жарима майдонига жойлаштириш каби амалиёт учрамайди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу масаланинг ижобий ҳал этилишида депутатлар ёки ижтимоий тармоқда нолиб ўтирадиган фуқаролар эмас, айнан давлат раҳбарининг ғояси билан очилган жамоавий мурожаатлар портали ва фаол фуқаролар муҳим роль ўйнади.
– Порталнинг очилиши мен каби оддий одамларга катта имконият яратди. Агар мен бу ҳолатнинг қонунчиликка тўғри келмаслиги, уни тўғрилаш лозимлиги ҳақида бирор раҳбарга мурожаат қилганимда, ҳеч қандай натижага эриша олмас эдим. Балки мени ўша идоралар йўлагига ҳам йўлатишмас эди. Мана, натижага эришдик. Бундан руҳланиб, газ ҳисоблагичлар ва яна бир қанча муаммоли масалалар ­бўйича янги мурожаатларни шакллантираяпман, – дейди жамоавий мурожаат муаллифи Умид Икромов. – Қонунчиликдаги ортиқча тартибнинг оддий фуқаро мурожаати билан бекор қилинишини, тўғриси, яқин вақтгача тасаввуримга ҳам сиғдира олмас эдим. Жамоавий мурожаатлар портали бугун шундай муҳим таъсир воситаларидан бирига айланиб бораётгани қувонарли, албатта.

Ҳокимнинг ваколати чекланди

«Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун асосида бир қатор ҳужжатларга ҳам ўзгартиришлар киритилиб, маҳаллий ҳокимиятнинг бюрократияга йўл очувчи ваколатлари кескин қисқартирилди.
Хусусан, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 42-, 98- ва 103-моддаларига киритилган ўзгартириш­ларга мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан технологик, ўрмон-мелиорация, агротехник, гидротехник, санитария-техник тадбирларни келишишни назарда тутадиган вазифа ва ваколатлар чекланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 6-моддасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қарорлар қабул қилиш борасида ваколатлари чиқариб ташланди.
«Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига ва «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 34 ва 45-моддаларига ҳам худди шундай халқчил ўзгартишлар киритилди.
Бюрократияга асосланган эски тартиб­ларни қумсовчи, бу тартиблардан наф кўрувчиларга ушбу қонун катта тўсиқ қўйди. Уни айланиб ўтишга бўлган ҳар қандай уриниш жавобгарликка сабаб бўлади.

Қоғозбозлик, навбатбозлик, мажлисбозлик…

Ёдингизда бўлса, бундан 5-6 йил аввал турли маълумотнома сўраш қанчалик авж олиб кетган эди. «Маълумотнома саноати» маҳалла раислари ва котибларини «муҳим» раҳбарга айлантирган, бир парча қоғозга муҳрини босиш учун очиқ-ойдин пул сўраш оддий ҳолга айлангани кўпчиликнинг эсидан чиқмаган бўлса керак. Қизиғи, вазият маълумотномани тасдиқлаш учун маълумотнома сўраладиган даражагача етиб борди.
Мисол тариқасида талаб қилинган айрим маълумотномаларни келтириб ўтамиз: «Оила аъзоларининг пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб тургани ҳолатини тасдиқловчи», «Вафот этган ходим билан қариндошлиги даражасини тасдиқловчи», «Марҳумнинг ходим билан қариндошлиги даражасини тасдиқловчи», «Туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномаларни олиш учун вояга етмаган шахснинг ёки паспорт олмаган шахс­нинг фотосурати ёпиштирилган», ҳатто «Дафнни ўтказганлик ҳолатини тасдиқлаш учун» маълумотнома…
Ҳозир архивларда бундай қоғозларни тонналаб топиш мумкин. Эссиз, вақт, қоғоз, чатнаган асаблар..

«Маълумотнома саноати» инқироз ёқасида

Ўтган йилнинг 9 декабрь куни қабул қилинган «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бош­қарув тамойилларини жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори «маълумотнома саноати»га дастлабки ва ҳал қилувчи зарба бўлганди.
Ушбу қарор асосида жорий йилдан ­бошлаб давлат органлари ва ташкилотларининг фуқаролардан 28 турдаги маълуотномаларни талаб қилиши ва уларни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилиши бекор қилинди.
Қолаверса, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг айрим функция ва ваколатлари тегишли давлат бошқарув органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилиб, 29 та идоралараро коллегиал орган тугатилди.
Меҳнат ва Уй-жой кодекслар, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги, «Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритилиб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан маълумотнома талаб қилиш билан боғлиқ қоидалар бекор қилинди.

Энди томошабин бўлмайлик

Қабул қилинган янги қонун мазмун-моҳияти билан ўзида бюрократияга нисбатан тоқатсиз ва муросасиз муносабатни акс эттирган. Шу нуқтаи назардан ёндошилса, уни ҳаётий эҳтиёж ҳосиласи дейиш мумкин.
Энди қолган гап ўзимизда. Ахир, жамоатчилик назоратисиз бюрократиянинг асоратларидан қутулиш амримаҳол. Бу йўлда жамият аъзоларининг ҳар биридан фаоллик талаб этилади. Демак, томошабинлик ва бефарқликнинг мавриди эмас.

Дилшод БЎРИЕВ,
журналист

Бошқа хабарлар