Муносиб меҳнат шароити – доимий эътиборда

84

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари иштирокида «Ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлашда касаба уюшмаларининг ўрни» мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълум бўлишича, 2016-2020 йиллар давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ижтимоий-меҳнат соҳасига доир 2000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқиб, таклифлар берган.
Охирги беш йилда амалга оширилган ишлар кўламидан хабардор бўлиш учун рақамларга кўз ташлаш кифоя. Хусусан, барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларига келиб тушган 35 мингдан зиёд мурожаатнинг 7 минг 590 таси қаноатлантирилган бўлса, 18 минг 359 таси бўйича муаллифларга тушунтириш берилган, 599 та мурожаат эса бошқа ваколатли органларга юборилган. Ходимлар ҳуқуқларини тиклаш мақсадида иш берувчиларга 2 минг 295 та тақдимнома ва судга 765 та даъво аризаси киритилган. Бунинг натижасида 13 минг 471 нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланиб, етказилган зарар учун ходимлар фойдасига 13 миллиард 600 миллион сўмдан ортиқ ­маблағ ундириб берилган.
Фуқароларга ижтимоий-меҳнат соҳасига оид масалаларда бепул юридик хизмат кўрсатиш ҳамда ижтимоий-меҳнат соҳасига оид халқаро ва миллий стандартларни тарғиб этиш мақсадида Федерация қошида «Юридик клиника» фаолияти йўлга қўйилган, шунингдек, 1092 қисқа рақамли «Ишонч телефони» ишлаб турибди.
Корхона, ташкилот, муассасаларда ижтимоий шерикликни ривожлантириш натижасида Жамоа шартномаларини тузган юридик шахслар улуши 99,6 фоизга ошди. Ўтган йилда республикада 111,5 мингта жамоа шартномаси амалда бўлиб, уларда 4,4 миллион нафар касаба уюшма ­аъзосининг 99,7 фоизининг манфаатлари ўз аксини топган. Амалдаги жамоа шартномаларининг 97 фоизидан кўп қисмига иш берувчи ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини олиш кераклиги тўғрисидаги банд киритилишига эришилди.
Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масаласи ҳам касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Хусусан, пахта теримчиларининг эркин ёлланишини таъминлаш мақсадида нодав­лат-нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказиб келинмоқда.
«Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ташкил этилган Касаба уюшмаларининг меҳнат-ҳуқуқ инспекциясининг меҳнат техник ва меҳнат ҳуқуқ инспекторлари 6 минг 599 та қурилиш объектида ходимларга меҳнат шароитлари яратилгани бўйича мониторинг ўтказди. Ўрганиш жараёнида меҳнат шароити таъминланмаган, ётоқ жойлари қониқарсиз, махсус кийим, ҳимоя ниқоби, антисептик воситалар йўқ бўлган 3 минг 907 та ҳолат аниқланиб, камчиликлар жойида бартараф этилди.
«Инқирозга қарши курашиш жамғармаси» маблағлари ҳисобидан коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида ишлаётган тиббиёт, ­санитария-эпидемиология хизмати ва бош­­қа ходимларга берилаётган махсус рағбатлантириш тўловларининг амалга оширилиши бўйича тиббиёт муассасалари раҳбарларига киритилган кўрсатмалар натижасида ходимларга 12 миллиард 200 миллион сўмга яқин қарздорлик маблағи ундириб берилди. Айни пайтда, касаба уюшмалари инспекцияси пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун етарли шарт-шароит яратилгани, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширмоқда.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар