Аёллар муаммолари қандай бартараф этилмоқда?

80

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида кун-у тун фаолият кўрсатадиган 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони» орқали фарғоналик хотин-қизларнинг муаммолари ҳам тезкорлик билан ҳал этилаётир.

Марғилон шаҳридаги «Ёрмадўз» МФЙда яшовчи Зумрадхон Мамадалиеванинг мушкули ҳам айнан 1211 рақамли «Ишонч телефони»га қўнғироқ орқали ечим топган.
Боқувчисини йўқотган, ногирон фарзанди бор бу аёл уйининг том қисмини беркитишга ёрдам сўраган эди. Мурожаатдан сўнг Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси вакиллари Зумрадхоннинг уйига бориб, аҳволни ўрганишди. Кўп ўтмай, шифер, ёғоч, тахта ва тарновлар олиб келинди. Қисқа вақтда уй томи ёпилиб, шифер қоқиб берилди.
Марғилонлик Зиёдахон Ҳакимованинг уй таъмири бўйича қилган мурожаати ҳам эътибордан четда қолмади. Зиёдахонга уйини битириб олиши учун эшик, дераза роми, пол учун тахта олиб берилди.
– Яхши ниятда уй қураётган эдик, – дей­ди Зиёдахон Ҳакимова. – Тақдир экан, турмуш ўртоғим оламдан ўтиб қолди. Шундан кейин қурилиш чала қолди. Ёлғиз ўзим ишлаганим учун ­топганим рўзғордан ортмайди. Болалар эса катта бўляпти. Уйни битиришга эса ортиқча маблағимиз йўқ эди. Нима қилишимизни билмай турган пайтимизда, яқинларим Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ташкил этилган 1211 рақамли «Ишонч телефони»ни айтиб қолишди. Шу заҳотиёқ қўнғироқ қилдим. Орадан ҳеч қанча ўтмай, касаба уюшма ташкилотларидан вакиллар келиб, уйни битириш учун керакли материалларни бериб кетишди. Мана энди чиройли уйда яшаяпмиз.
Мактабда фаррош бўлиб ишлайдиган қувалик Манзурахон Турдалиева турмуш ўртоғидан эрта айрилди. Икки нафар вояга етмаган фарзандини тарбиялаш ёлғиз ўзига қолди. Олган маоши бу ойдан кейинги ойга аранг етади. Қўшимча иш қилиш учун қўлидан келадигани тикувчилик. Аммо дурустроқ тикув машинасини олиш учун имкони йўқ эди. Таниган-билганлари унга 1211 рақамига қўнғироқ қилишни маслаҳат беришди. Минг бир хижолатда сим қоқди. Кўп ўтмасдан мурожаат бўйича вакиллар келди. Ҳақиқий ҳолатни ўрганди. Бироздан сўнг тикув машинаси олиб келишди.
– Бундан бошим осмонга етди, – дейди Манзурахон. – Энди менда ҳам қўшимча даромад топиш имкони пайдо бўлди.
Бағдод туманида яшовчи Нилуфар Аҳмедова, Зулфия Мамасолиева ҳамда қувалик Ширмонхон Дадажонова, Иродахон Мирзалиева яшаш шароитлари оғирлиги, яшаб турган уйлари таъмирталаб аҳволга келиб қолганини билдириб, уйларини таъмирлаб бериш­ларини сўраб мурожаат қилган эди. Уларнинг муаммолари ҳам тезда ҳал бўлди.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар