Ижтимоий адолатни қарор топтириш – энг муҳим масала

92

Тараққиёт шиддати касаба уюшмалари зиммасига ҳам йил сайин янгидан-янги вазифаларни қўймоқда. Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимояси уларнинг хизмат ва мажбуриятларига нечоғли мослиги, меҳнат хавфсизлиги даражасини юксалтириш, иш жойларининг санитар-гигиена ҳолатига эътибор, маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатлаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўқитиш, зарарли меҳнат шароитлари учун имтиёз ва компенсациялар ўрнатиш каби қатор масалалар жамоа шартномаларини муттасил тарзда янгилаб, бойитиб боришни тақозо этади. Бу жиҳатлар, табиийки, транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари Андижон вилояти бирлашган касаба уюшма қўмитаси учун ҳам жуда муҳим. Нега?

Аввало, тармоғимиз таркибидаги соҳалар хилма-хиллигига кўра бош­­қа йўналишлардан бирмунча мураккаброқ. Айни пайтда автойўл тизимига кирувчи йўллардан фойдаланиш, кўкаламлаштириш, кўприкларни сақлаш корхоналари, қурилиш ташкилотлари, халқ тилида «автоуюшмалар» деб ном олган – аҳолига пулли транспорт хизмати кўрсатувчи масъулияти чекланган жамиятлари, лойиҳалаштириш ташкилотлари, архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, бир қатор ўрта махсус, касб-ҳунар коллежлари ҳамда давлат архитектура назорат инспекцияси тизимидаги корхона ва ташкилотлар бирлашган қўмитамизга ­жипслашган. Санаб ўтилган йўналишлар мутахассисларининг вазифа ва ваколатлари жиҳатидан бир-биридан анчайин фарқ қилади. Демакки, тузилаётган жамоа шартномаларининг мазмуни, имтиёз ва кафолатлар, меҳнат шарт-шароитлари билан боғлиқ жиҳатларда анчагина тафовутлар бор.
Шу жиҳатлардан келиб чиқиб, бошланғич қўмиталар билан алоқани мустаҳкамлаш мақсадида ойнинг ҳар учинчи чоршанбаси «Касаба уюшмалари куни» этиб белгиланган. Айнан шу кунлари барча қуйи бўғин етакчилари муайян бир ташкилот касаба уюшма қўмитаси фаолияти билан яқиндан танишади. Ушбу мулоқотларда, албатта, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасидан масъул ходим иштирок этиши анъанага айланган. Амалий ёрдам тадбирларида иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги муносабатларда юзага келаётган айрим зиддиятли масалалар, хусусан, раисларни ўйлантираётган баъзи муаммолар юзасидан зарур тушунча ва тавсиялар бериб борилади. Мухтасар ­айтганда, мулоқотларнинг асоси ҳар қандай шароитда ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтиришга қаратилади.
Сўнгги икки йил ичида қўмитамиз аъзолари сони борасида бир қатор ўзгаришлар юз берди. Аввало, 2018 йилда касб-ҳунар коллежлари такомиллашиши натижасида 462 нафар ўқитувчи ҳамда 12 минг 175 нафар талаба аъзоларимиз сафидан қисқартирилди. Шунингдек, ўтган йилнинг январь-февраль ойларида қўмитага бирлашган аъзо ташкилотлар хатловдан ўтказилди. Натижада бош лицензияси муддати тугагани сабабли фаолияти тўхтаб қолган бир қатор хусусий транспорт корхоналари ҳам касаба уюшма аъзолигидан чиқарилди. Ҳозирги кунда 118 та ташкилот ва муассасаларнинг 13 минг 462 нафар касаба уюшма аъзосининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатлари муҳофаза қилиб келинмоқда.
Санаторийларда қўмита аъзоларининг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг фарзандларини болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олдириш, юртимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан илгари сурилаётган турли маданий-маърифий, спорт тадбирларида, мутахассислар салоҳияти ва зеҳнини синовдан ўтказувчи танловларда фаоллик кўрсатиш, қўйингки, ҳисобот даври учун тузилган ҳамда йиллик дастур ва режалардан ўрин олган барча тадбирлар ўз вақтида ташкил этилаётир. Ходимлар манфаатларига путур етказилаётган вазиятларда иш берувчиларга тақдимнома йўллаш орқали, айрим ҳолларда эса уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари судда ҳимоя қилиб келинмоқда.
Барча кенгашларда ҳисобот-сайлов конференциялари якунланиб, сўнгги беш йиллик фаолиятга тегишлича баҳо берилган, ҳамкасбларимиз яқинда ўтадиган қурултойга жуда катта ва астойдил тараддуд кўраётган айни паллада бир муҳим жиҳатга алоҳида урғу бермоқчиман. Бу ҳам бўлса, иш фаолиятимизда «навигатор» вазифасини бажарувчи асосий ҳужжат – янги таҳрирда қабул қилинган «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонундир. Янгиланган ҳужжатдан тизимда сочи оқарган ­кўплаб мутахассисларни анчадан буён ўйлантираётган бир қатор масалалар ҳам ўрин олганлиги, айниқса, қувончлидир. Жайдари тилда айтсак, касаба уюшмаларининг ваколатлари янада кенг кўлам касб этганлиги иш фаолиятимизда жуда асқотади.
Тармоғимиздаги асосий бошланғич ташкилотлар «автоуюшмалар»дан иборат. Автомобиль сони соат сайин кўпаяётган бир шароитда турли йўналишларда пулли транспорт хизмати кўрсатувчи хусусий корхоналар сафи ҳам кенгайиб бораётир. Шундан келиб чиқиб, қўмитамиз фаоллари Андижон вилояти транспорт бошқармаси билан ҳамкорликда бошқарма махсус тендер комиссияси томонидан ўтказилаётган танловларда доимий иштирок этиб келаётир. Бунда асосий эътибор яратилаётган иш ўринлари сонигагина эмас, уларнинг сифатига ҳам қаратилади. Жумладан, иш берувчининг бўлажак ходимлар олдидаги мажбуриятлари эслатилади, меҳнат муносабатларига оид жиҳатлар билан таништирилади.
Бугунги кунда вилоятда киракашлик фаолияти билан мунтазам шуғулланаётган ўн минг­лаб енгил автоулов эгалари бор. Уларнинг аксарияти гарчи иш фаолият билан шуғулланаётган бўлса-да, статистик маълумотларда ишсизлар сифатида қайд этилиши мантиқан тўғри эмас. Транспорт бошқармаси ҳамда қўмитамиз ҳамкорлигида уларни қонуний фаолият билан шуғулланишга жалб этиш, касаба уюшма аъзолигига таклиф қилиш, шу йўл орқали ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш зарур. Қурилиш корхоналарида ишлаётган мутахассисларнинг барчаси ҳам қонуний фаолият кўрсат­япти, деб айтолмаймиз. Гарчи иш билан банд бўлса-да, «конверт» усулида маош олиб юрганлар бор. Аммо бу – иш берувчилар томонидан айни тоифадаги ишчи-ходимларнинг меҳнат муҳофазаси, ҳуқуқий ҳимояси кафолатланган, деган хулосани бермайди. Шу маънода мазкур муаммолар ечимини топиш – келгуси фаолиятимизнинг асосий йўналиш­ларидан бири бўлиб қолади.

Назокат ҚЎЗИБОЕВА,
Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари Андижон вилояти бирлашган касаба уюшма
қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар