ВАТАН ВА МИЛЛАТ ҚАЙҒУСИ

492

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан кейинги ўйлар…

…Тарихни худди сиз-у бизга ўхшаган оддий одамлар қурган, ўзгартирган.
Бундай шахслар одатда қатъиятли, фидойи, миллат ва юрт ори, бахт-у саодати учун керак бўлса, ширин жонидан кеча оладиган мард ўғлонлар бўлгани равшанлашади тарих китобларини варақлаганингизда. Бугунги серташвиш ва долғали кунларимизда ҳаётимизга ўша олис ўтмишдаги буюк уйғониш насимлари эсмоқда, миллатнинг мард бир фарзанди муборак байроғимизни кўтариб, дунё саҳнасига чиқмоқда дейилса, мен бунга ишонаман. Зеро, ҳар бир қаричи бир азиз авлиё, бир улуғ аллома, ёки бўлмаса Тўмарис-у Широқдай бир ёвқур ватанпарварларнинг хоки покини бағрига босган шу мўътабар замин ва улуғ миллатимиз минг бора бунга ҳақлидир!

Наполеон Бонапартнинг бир гапи мени кўп мулоҳазаларга чорлагани билан ёдимда муҳрланиб қолган. У тахминан шундай эди: дунёда икки куч бор – қилич ва ақл-идрок. Улар доим маҳорабада, бироқ мени ҳайратга соладигани шуки, охир-оқибат мудом ақл қилич устидан ғолиб келади.
Бундай хулосага келган одам умри қилич кўтариб жанг-у жадалларда ўтган, музаффарият ва шон-шараф байроғига бурканган машҳур саркарда эканини ҳисобга олсак, ўша ҳикматомуз гапнинг мағзи тўқ, чуқур ҳаётий маънога эга экани янада ойдинлашади. Дарвоқе, қилич қанчалик кучли бўлмасин, яратувчилик қудратига эга эмас, вайронкорлик ва талафотдан бўлак берадиган нарсаси ҳам йўқ…

Бонапартнинг гапига басма-бас келадиган яна бир фикр бор. Инсоният тарихи урушлар тарихидир, дейишади муаррихлар. Ўтмишга тийран назар солсангиз, бу гап бекор айтилмаганига гувоҳ бўласиз. Бироқ дунёда бир куч борки, фақат у инсоният ҳаётини роҳат ва фароғат, тинч­лик-хотиржамлик, юксалиш ҳамда тараққиётга ундаб келган. Уруш ва қирғинбаротлар кулфатлари-ю култепаларини боғ-у ­бўстонга айлантирган, ер юзида ҳаёт чироғини қайта нурлантирган. Бу – илм-маърифат зиёсидир!
Лекин тарих чархпалаги бардавомлигини таъмин этувчи ким, унинг қуриб-қақшаб қолаётган тегирмонига сув қуйиб, унга илҳом ва шавқ бераётган куч қандай куч?! Эҳтимол, айнан мана шу хаёлий саҳна Наполеонни ҳайратга солгандир?..
Ҳа, илм-маърифат ва жаҳолат дунё бунёд бўлибдики, ёнма-ён юради. Бири бузади, иккинчиси ҳаёт эликсири каби жонларга қувват ва шавқ олиб киради, дунёни, инсоният ҳаётини гулларга буркайди…
Тарихдаги бундай ўзгариш-у юксалишлар, тараққиётлар ва ниҳоят, тамаддунлар хронологиясини ўргансангиз, улар бошида жўмард, ўз ҳаётини ўша эзгу мақсадларга бахшида этган фидойи шахслар турганига гувоҳ бўласиз. Бундай одамлар бутун фаолиятини, умрини, ва ҳатто ширин жонини шу маслак билан боғлайдилар, ўзларига буни шараф деб биладилар. Лекин ҳаёт шундайки, доим ҳам қўл узатган, кўзлаган маррани осонликча олиб бўлмайди. Бунинг машаққатлари, синовлари кўп.
Шу маънода бугун биз яшаётган кунларимиз, таҳликали ва нотинч асримиз ҳам қайсидир маънода илм-маърифатга, зиёга эҳтиёж сезаётгандек. Зотан, тараққиётнинг чўққисига чиқдик, дейилаётган айни дамларда ҳам ер юзининг баъзи жойларида уруш олови кўзга кўринади. Ирқчилик, миллатчилик, диний радикализм балолари бот-бот саҳнага чиқади. Албатта, бундай таҳликали замонда тўғри йўлни топиш, мамлакат ва халқ фаровонлигини ўйлаб, ҳузур-ҳаловатдан кечиш, инсонга муносиб ҳаёт барпо этиш ва бу йўлда одамларни ўз ортидан эргаштира олиш кишидан катта масъулият, билим ва фидойилик талаб этади. Зотан, замоннинг ­бунёдкори – инсоннинг ўзидир.
Бу ўринда бир вақтлар «Биз замоннинг наинки жону дили, балки байроғидирмиз» деган Мавлоно Румий мутлақ ҳақ эди. Қарангки, буюк бобомиз қарийб минг йил олдин айтиб кетган гап ҳамон ўз долзарблигини йўқотган эмас. Мавлононинг ушбу сўзидан англашиладиган ҳикмат битта – замоннинг жонига айланиш, элнинг корига яраш, жонфидолик ва бу йўлда байроқдай собит бўлиш. Юқорида қисқагина тўхталганимиздек, инсоният тарихидан хабардор киши одамзод бугунги кунларга ўз ўтмиши давомида кечирган минглаб қийинчилик­лар, урушлар, очарчиликлар, қақшатқич ўлатлар гирдобидан омон чиқиб келганини яхши анг­лайди ҳамда бундан ҳайратланади. Агар ўша солномаларни жиддий ўргансангиз, машъум офатлардан омон қолиш йўлида жонфидолик қилган қаҳрамонларнинг сурати-ю сийрати тафаккурингизда балқиб чиқади…
Бугун мамлакатимиз ва халқимиз кечираётган оғир ва синовли кунлар ҳақида гапириб ўтириш, менимча, ортиқча. Чунки буни ҳаммамиз кўриб турибмиз. Қисқа бир давр – 9-10 ой ичида бошдан ўтказган оғир кўргуликлар, албатта, ҳаммамизнинг қалбимизни яралади. Бироқ дилда умид, ишонч, қатъият ва жасорат бор экан, ирода букилмайди, балки тобора тобланади. Биз бугун шуни ўз ҳаётимизда кўриб турибмиз.
Президентимизнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқини тинглаб, хаёлимдан беихтиёр шу ўйлар кечди. Қалтис замон, мураккаб шароитлар, оғир синовлар ва уларга ­басма-бас букилмас бир ирода, эртанги кунга комил ишонч, байроқдай мўътабар ва собит бир эътиқод…
Бугунги оғир кунларда бундайин улуғ мақсадларни кўзлаш, эртанги порлоқ кунлар ҳақида гапириш баъзи одамлар хаёлида нокеракдай туюлган бўлиши ҳам мумкин. Нафсиламбрини айт­ганда, ҳақиқатдан ҳам бу – моҳиятан парадоксал бир саҳнадир. Назаримда, буни Президент ҳам пайқаган. Бироқ у ўз эътиқодига содиқ қолиб, бундай ўй-фикрларга қарши қарашларини қатъий тарзда баён этди:
«Баъзи одамлар, пандемия даврида шу ­гаплар зарурми, деб ўйлаши ҳам мумкин. Бундай тор қараш билан яшайдиган кишилар ­янглишади. Худо хоҳласа, коронавирус пандемияси ҳам эртами-кечми, албатта тарихга айланади.
Бу касаллик бош­ланган март ойидаёқ биз ушбу оғир синовдан муносиб ҳолда, янада кучли бўлиб ўтишимиз керак, деб ўз олдимизга улкан вазифа қўйган эдик. Бугун ана шу мақсадларимиз аста-секин амалга ошмоқда. Биз барчамиз улуғ аждодларимиздан ибрат олиб, уларга муносиб бўлиб, доимо эзгу орзу-интилиш­лар билан яшашимиз керак.
Бугунги фурсатдан фойдаланиб, мен йил бошида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномадаги бир фикрга эътиборингизни қаратишни ўринли, деб биламан. Яъни: «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир».
Чиндан ҳам, бугун биз улуғ ниятлар билан пойдевор қўяётган янги Уйғониш даври мамлакатимизда мана шундай улкан бойлик яратишга, халқимизнинг ҳаётини фаровон қилишга ва келгуси авлодларга ўзимиздан муносиб мерос қолдиришга хизмат қилади.
Ишонаманки, ўз тарихида не-не буюк ишларни шараф билан амалга оширган халқимизнинг интеллектуал ва маънавий салоҳияти, куч-қудрати ва олижаноб фазилатларига таяниб, ўз олдимизга қўйган улуғ ва эзгу мақсадларимизга албатта эришамиз.»
Шавкат Мирзиёев бугунгача давлат раҳбари, Президент сифатида ўнлаб маърузалар қилди. Бироқ бу галги нутқ моҳият-эътибори билан илгаригиларидан кескин фарқ қилади. Гап шундаки, айнан мана шу нутқда Янги Ўзбекис­т­он­­­­нинг миллий ­мафкурасига тамал тоши ­қўйилди десам, хато қилмаган бўламан. Зотан, янги давлатчилигимизда биз миллий жамият ва давлат барпо этиш, мамлакат устунларини миллий идентитет – соф ўзлик платформалари устига қуриш ва бир давлат ўлароқ миллий ва руҳоний орнаментларимизни очиқ-ошкор унинг асоси этиб белгилашга ҳеч қачон бундай яқин келган эмасмиз. Мен бу ўринда МИЛЛИЙ МАФКУРА сўзини алоҳида бўрттириб ёзишни истар эдим. Негаки, бугунгача биз амал қилган мафкуралар, «Миллий ғоялар» қайсидир маънода умуминсоний деб бўрттирилган ва байналмилал чимматга ўралгани учун ҳам соф эмас ва эҳтимол, шунинг учун ҳам сиёсий «даҳлиз»ларда бор-у, жамиятда маргинал эди. Миллийлик феноменидан қўрқув, халққа ўзлигини танитишдан тайсаллаш ва керагидан ортиқ эҳтиёткорлик миллий жамиятда икки хавфли тенденция томир отишига замин яратди. Булар узоқ йиллар онг-у шууримиз, дунёқарашимиз ва ҳатто ахлоқимизга сингиб кетган колониал сиёсат таъсири бўлса, иккинчиси, неоколониал-глобаллашган, маданият ва қадриятлар қоришиб кетаётган учинчи минг йиллик «ахлоқи» – «оммавий маданият» хуружи билан боғлиқ эврилишлардир. Айтиш мумкинки, жамиятимиз узоқ йиллар мана шу уч унсур – колониал, неоколониал ва иккаласининг ўртасида ­пажмурда бўлиб қолган анъанавий ахлоқ-­одоб доирасида яшади. Ва таассуфки, улар чатишувидан янги бир гибрид қадрият «ўсиб» чиқди. Бугун бунинг ҳисобини тўлаяпмиз. Бугун бу кучларнинг, таъсирларнинг миллий ўзлигимизга, келажагимизга ва миллат сифатида яшаб қолишимизга хавф туғдиришини англаб етдик. Биз худди боболаримиздай дунёни ақл-у заковатимиз, юксак маънавият ва маданиятимиз билангина лол қила олишимиз мумкинлигини тушундик…
Президентимизнинг мазкур, айтиш мумкин бўлса, тарихий, инқилобий руҳдаги нутқи шу жиҳатдан миллий давлатчилигимиз тарихида ҳам, жамиятимиз ҳаётида ҳам тарихий ҳодиса бўлди десам, адашмаган бўламан. Давлатимиз раҳбари маърузасида «Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз. Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз. Мен ишонаман – ҳурматли ота-оналар бу ташаббусни албатта қўллаб-қувватлаб, янги Ренессанснинг бешинчи халқаси, бешинчи устуни бўладилар. Ва бу маънавий-маърифий ҳаётимиздаги энг мус­таҳкам устун бўлади, десам, ўйлайманки, сизлар тўла қўллаб-қувватлайсизлар» дея масалани кескин ва узил-кесил қўяр экан, бу Ўзбекистоннинг чин маънода янги йўлга кирганини, мамлакатда давлатчилик ва ҳукмрон сиёсат миллий ва тарихий-анъанавий ўзанларга бурилаётганини, мухтасар айтганда, азиз Ватанимиз замонавий дунёга постсовет бир ўлка эмас, ЯНГИ ЎЗБЕКИС­ТОН бўлиб юзланаётганидан дарак беради.

КЕЧА ВА БУГУН: БИЗГА МАФКУРА КЕРАКМИ?

Моҳиятан олиб қараганда, Президент стратегик вазифа сифатида ўртага қўяётган миллий ғоя концепцияси ўтган замонда ҳам бор эди. Хўш, у мавжуд экан, бунинг нимаси тарихий, унинг қай жиҳати инқилобий, деган ҳақли эътирозлар туғилиши табиий, албатта.
Буни изоҳлашдан олдин, узоқ йиллар хаёлларимизда айланиб юрган, ўзига жавоб излаётган мана бу мулоҳазаларга тўхталсак ўринли бўлади. Яъни янгиланаётган Ўзбекистон замонавий ҳамжамиятга ўз миллий қиёфаси билан юз тута оладими, ва умуман, маданиятлар қоришиб кетаётган бугунги глобал дунёда мафкуранинг ўзи керакми? Умуммиллий тараққиётимизда мафкуранинг ўрни қандай? Зиёлилар, раҳбарлар, оддий одамлар учун миллий мафкура нима? Мамлакатимизда миллий мафкура шакллантириш ва тарғиб этиш сиёсати мавжуд­­ми?..
Бу саволлар моҳият-эътибори билан 130 йил қарамликда бўлган миллий тафаккуримизни «қутқариш»да муҳим аҳамият касб этади. Кечаётган 30 йилга яқин вақт ичида жамият «сийрати» ўзгариши қийин кечди. Бу бир томондан, ўтиш давридаги маҳдудлик билан баҳоланса, иккинчи томондан, юқорида айтганимиздай, давлатнинг ўзи жамиятнинг миллийлашувидан чўчиди, уни кескин назоратда ушлаб турди.
Бугунги Ўзбекистон ҳукумати ҳаракатлари эса бу борада қозиликни эмас, мазкур ижтимоий жараёнга рағбатни назарда тутади. Зотан, жамиятни ҳукумат, ҳукмрон сиёсат истак-хоҳишига қараб эмас, балки миллий анъаналар ва тарихий ўзликка мос тарзда модернизациялаш кўзланаётган мақсад – давлатнинг миллий қиёфасини шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Масалага мана шу жиҳатдан ёндашсак, давлат раҳбарининг Миллий ғоя масаласига нега қайта мурожаат қилгани ойдинлашади.
Албатта, ўтган даврни қоралаш, ҳаммаси нотўғри бўлган, дея уни инкор қилиш адолатдан эмас. Қолаверса, бугун ҳеч ким ундай деяётгани ҳам йўқ. Бироқ хатолардан сабоқ чиқариш, турли сабаб ва важ-корсонлар туфайли ёпиқлигича қолиб кетган муаммолар, давлат ва миллат тараққиётига тушов бўлиб турган ижтимоий-сиёсий омилларга ечим топиш бугунги ривожланган ва мудом тараққий этаётган замонавий дунёда бекам-у кўст яшаб қолишнинг муҳим шартидир.
Мафкура масаласи, энг аввало, илм-фанда, маорифда шаклланади ва палак ёяди. Шу маънода, Президентимиз мазкур маърузаларида янги Ўзбекистоннинг миллий мафкурасига ҳам пойдевор қўйди десам, адашмайман. Бугун Учинчи Ренессанс дея олқишланаётган концепция соф этнолингвис­тик, мустабидлик таъсирларидан ҳоли, ривожланган дунё илм-фани, маданияти ва санъати дурдоналарини ўзида жо қилган МИЛЛИЙ ЖАМИЯТ ва ДАВЛАТ барпо этишимизда муҳим платформа вазифасини ўтайди. Зотан, Шавкат Мирзиёев бу борада замонавий илм-фан ва дунё тажрибалари билан бирга, ўз ўтмишимиз, анъаналаримиз ва юз йиллардан буён эътибор қилинмаган тарихий қадриятларимизга юз бурди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бу борада шундай деди:
«Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак.
Тарихга назар солсак, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган она заминимиз азалдан юксак цивилизация ва маданият ўчоқларидан бири бўлганини кўрамиз. Халқимизнинг бой илмий-маданий мероси, тошга муҳрланган қадимий ёзувлар, бебаҳо меъморий обидалар, нодир қўлёзмалар, турли осори атиқалар давлатчилик тарихимизнинг уч минг йиллик теран илдизларидан далолат беради.
Ҳаммангизга яхши маълум, антик даврда Юнонистонда ёнган илм машъаласи тўққизинчи – ўн иккинчи асрларда Марказий Осиё ҳудудида қайта порлади. Бу даврда юртимиз ҳудудида биринчи Ренессанс юзага келди ва у бутун дунё тан оладиган машҳур даҳоларни етиштириб берди. Хусусан, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий сингари ўнлаб буюк алломаларимизнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига беқиёс таъсир кўрсатди.
«Ислом маданиятининг олтин асри» деб эътироф этиладиган бу даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби улуғ уламолар бутун мусулмон оламининг фахру ифтихори ва чексиз ғурури ҳисобланади.
Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди.
Донишманд халқимиз ҳар икки Ренессанс даврида жаҳоннинг энг илғор, тараққий этган халқлари қаторида бўлгани барчамизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Бир ўйлаб кўрайлик, аждодларимиз бундай юксак чўққиларга қандай эришганлар? Улар, энг аввало, жаҳолатга қарши маърифат байроғини баланд кўтариб, ўз ақл-заковати ва салоҳиятини башарият яратган илм-фан ютуқларини чуқур ўрганиш ва бойитишга бағишлаганлар».
Президент маърузасида бир халқона иборани жуда ўрнида қўллаган: «Оққан дарё – оқаверади». Йиллар давомида ўз исботини топавериб, деярли ҳикматга айланиб кетган ушбу калом азиз тупроғимизда Учинчи Ренессанс, албатта, юз беражагини, баъзи валломатларнинг «ўзбек ёки бу минтақада яшовчилар фақат қора меҳнат-у мол боқишга ярайди, илм-фан-у ҳисоб-китобни уларга ишониб бўлмайди» деган таҳқиромуз хитобларига тортилган бир чизиқдай тез орада бўртиб чиқса, ажаб эмас. Зотан, бизга беписанд қараётган қавм аслида тараққиётни қайдан олганини, ўрганганини мудом бекитиб келади. Бу борада Умумтурк дунёсининг етук мутафаккири, жадидчи зиёлиларимизнинг маънавий пири, Шарқ халқлари маънавий ҳаётида, хусусан, мактаб-маорифида чинакам инқилоб ясаган, «усули жадид» номи билан тарихга кирган «усули савтия»ни бошлаб берган, ХХ аср Шарқининг энг машҳур, энг тараққийпарвар ҳаракатчилигига – жадидчиликка асос солган Исмоилбек Ғаспралининг фикрлари ғоят ўринлидир. Жумладан, у «Бир халқ(н)инг ё бир қавм(н)инг ахлоқ касб этмаса истеъдод-у ақлиясиндан туғар. Ноқис ақлдан мақбул ахлоқ ва адаб туғмас», деб ёзади. Сўнг мисолларга ўтади: «Олами исломиятда машҳур ва Оврупо Фарангистон уламосина маълум «муаллими соний» номини касб этмиш Абунаср Форобий ҳазратлари турк ўғли турк­дирки, ҳам биринчи уламодан, ҳам биринчи ҳукамодандир. Али Ҳусайн Ибн Сино ҳазратлари Оврупода «Ави-Сена» номи ила машҳур ўлан экан. Турк ўғли туркдир. Юнон қавми Буқрот каби табиб ва Арасту каби филўсўф ила ифтихор эдар. Ибн Сино эса, ҳам табиби машҳур, ҳам филўсўфи нодир эди. Ибн Сино Арастунинг акси дагил эди ва лекин Арас­тунинг шогирди ўлмаюб ўзининг истеъдоди ақлия ва зеҳнияси ила Арастуя баробар келмишдир. Ибн Сино Бухоро мевасидир… Ғазнавийларинг ва Темурийларинг саройлари уламо ва ҳукамо жамиятлари ила шарафландиги тарихларда ёзилмишдир…» дейди.
Албатта, бу фикрлар «бизда қанақа ренессанс бўлиши мумкин?» дея бурун жийирувчи, тафаккур доираси тор, ичи ғараз ва хусуматга тўлиб кетган ёки ғарбпараст ва космополит одамлар учун етарли бўлади, деб ўйлайман. Нима бўлганда ҳам, мазкур концепция умумий фабуласи, мазмун-моҳияти, ғоя ва ечимига кўра мутлақо МИЛЛИЙ бир программадир. Айниқса, механизм «иш мурватлари» сифатида бизда шу пайтгача тўлиқ тан олинмай, тан олинса-да, бегонасираб, ҳуркиб қараб келинган жадидчи боболаримизнинг қарашлари, методикалари асос қилиб белгилангани буни яққол тасдиқлайди. Зотан, Президент бу иш билан жаҳолат ва қабоҳат, қатағон сиёсат сабаб қарийб бир аср ортга сурилиб кетган уйғониш даври пойдеворига қайта ғишт қўйиб, орзулари армонга айланиб, шаҳид кетган жадид боболаримизнинг муборак руҳи пок­ларини ҳам шод қилгани шубҳасиздир.
Президент айни шу борада маърузасида ичкин бир дард билан гапириб ўтди:
«Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда Учинчи Ренессансни йигирманчи асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрларини миллий уйғониш ғоясига бағиш­лаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар. Шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилдилар. Улар «Илмдан ­бош­қа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас» деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар. Миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонликка, аввало, маърифат орқали, дунёвий ва диний билим, замонавий илм-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкин, деб ҳисобладилар.
Бу даврда Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Ибрат домла, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ашурали Зоҳирий, Ҳожи Муин ва бошқа яна юзлаб улуғ инсонлар миллий уйғониш ва миллатпарварлик ҳаракатининг олдинги сафларида турдилар. Улар янги усул мактаблари билан бир қаторда, одамларнинг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартиришга қаратилган газета-журналлар, нашриёт ва кутубхоналар, театрлар ташкил этдилар.
Минг афсуски, жадид боболаримиз ўз олдига қўйган эзгу мақсадларни амалга оширишга мавжуд вазият, ижтимоий тузум йўл бермади. Маърифат фидойилари ўша даврнинг турли жоҳил кимсаларининг туҳмат-маломатларига дучор бўлдилар. Аввал чор ҳукумати, кейинчалик совет ҳукумати уларни аёвсиз қувғин ва қатағон қилди. Шу тариқа миллий уйғониш ва тараққиёт ҳаракати эл-юртимиз учун армон бўлиб қолди.
Ватанимиз озодлиги ва халқимиз бахт-саодати йўлида жонини фидо қилган жадидларнинг илмий-маърифий, адабий-бадиий мероси биз учун бугун ҳам беқиёс аҳамиятга эга».
Ўтган аср бошларида замонавий мактаб ғоя­ларини тарғиб қилиш, кенг омма олдига олиб чиқиш анчайин мушкул замонда Маҳмуд­хўжа Беҳбудий сингари жадидларимиз ўз ҳисобларидан мактаблар очди. Ёш авлодни саводли қилиш, ҳақ-ҳуқуқларини билиш, дунё ҳамжамияти саҳнасига олиб чиқиш йўлида хизмат қилди.
Айтишларича, кўҳна Самарқанднинг «Намозгоҳ» жоме масжиди атрофида Маҳмудхўжа Беҳбудий аждодларига қарашли кенг ва обод боғ бўлган. Катта ҳудуддаги олмазор ва токзорга, албатта, Самарқанднинг иқлими ижобий таъсир кўрсатган. Боғдан келган даромадни Маҳмудхўжа самарқандлик болалар учун дарсликлар олиш, янги мактаб қурилиши ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш учун сарф қилган.
«Усули жадид», «Усули савтия» номлари билан шуҳрат топган мактаблар учун адабиёт, жуғрофия, ислом тарихи каби дарсликлар ёзган. Мактабларда шеър ва мақолалар, саҳна асарлари орқали миллий онгни ­шакллантиришга, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини сингдиришга уриндилар. Замон талабига мос равишда Туркис­тон мусулмонларининг шаъну-шарафини ҳимоя қилдилар…
Давлатимиз раҳбарининг ушбу тантанали йиғилишда жадид боболаримиздан уч киши – Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхоновларни «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланганини эълон қилгани, айниқса, бу борадаги йўл ва қараш собит эканига яна бир ишорадир.

МИЛЛИЯТ ЙЎЛИ – ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДИР

«…Ҳозирги мадрасалар илмхона эмас, қорихона. Мақсад ҳам, усул ҳам қорилик, кўр қорилик. Унинг зах ҳужраларида 15-20 йилда олинадиган билимни замонавий ўқув юртларида 3-4 йилда эгаллаш мумкин. Инсоннинг умри шу қадар қадрсизми?»
Бу иқтибос 18 асрларда яшаб ўтган машҳур тарихчи олим Шихобиддин Маржонийга тегиш­ли. Инсоний қадр-қиммат, шаън ва ор-номус учун кураш, эҳтимолки, жадидчилик ҳаракатга келишига сабаб бўлган. Ўша маҳаллар чор ҳукумати истилосида бўлган Шарқ халқлари, хусусан, туркий қавмлар жамиятлари таълим-у маориф, ва умуман, илм соҳасидаги консерватив қарашлар, онгдаги ақидавий стереотиплар туфайли таназзул ёқасига келганини тарихдан хабари бор одамлар яхши билади. Албатта, тафаккур ва миллий онгдаги бундай фалажлик истилочилар учун айни муддао бўлган. Агар биз жадидчи боболаримиз фаолияти ва ҳаётига шу ракурсдан қарасак, улар миллат ва ватан учун нақадар керакли ва зарур ишга қўл урганини осонроқ пайқаймиз. Бироқ таълим тарбия ва маориф соҳасидаги концептуал ёндашув бу ўлкалар жилови ҳаммага жаннат ваъда қилган коммунистлар қўлига ўтгач ҳам ўзгаришсиз қолди. Айниқса, миллий масалаларда. Жадидлар таърифи билан айтганда, «социализм меҳнатда синалган қардошликдан бошқа на динни, на ирқни, на миллатни, на тилни тан олади. Уларнинг қоидаси ва мақсади: «Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!». «Социалистлар» ва «социал демократ»ларнинг «адолат», «мусовийлик» ҳақидаги шиорлари ташқаридан жуда жимжимадор, кишини маҳлиё қилувчи бўлиб кўринади. Аслида бу назария уни туғдирган сабабларга мувофиқ иш тутади… инқилобий курашга, қон тўкишга чақиради…»
Мен меҳнат фаолиятим давомида педагогика-муаллимлик соҳасида ҳам ишлаганман. Шу боис, мактаб ҳаёти, ўқитиш дастурлари ва услубидан бир мунча хабардорман. Шу ўринда мени ҳайрон қолдирадиган жиҳат шуки, мус­тақил бўлганимизга 30 йил бўлаётган бўлса-да, кўплаб дарсликлар мундарижаси, ўқитиш методологияси ҳамон эскичалигича давом этмоқда. Бунга мен невараларим дарс­ларини, вазифаларини назорат қилиш давомида кўп бор дуч келганман. Қаранг, барибир қизиқ-да, эркинликка чиққанингга 30 йил бўлаётган бўлса-ю, ҳамон совет методология­­си «миллий таълим» деб аталмиш маориф соҳамизни «гуллатиб» турса…
Мен фурсатдан фойдаланиб, бу борада яна шуларни қўшимча қилмоқчиманки, бу фикрларим Президентимиз илгари сурган ғояга ҳамоҳанг. Назаримда, мактаб дастурларини тўлиқ қайта кўриш бугун муҳимдир. Зеро, дарсликлар савияси, сифати ва мазмун-моҳияти кескин ислоҳга муҳтож. Айниқса, болаларимизга ўқитилаётган тарих, она тили ва адабиёт китоблари мундарижаси ва дарс соатларини ўйлаб кўриш, хусусан, адабиёт дарсликларини қадимги туркий халқлар оғзаки ижоди ва ­фольклори, ёзма адабиёти намуналари билан янада бойитиш, туркий халқлар тарихини, тилини изчил ўргатиш лозим. Негаки, бизнинг аждодларимиз шу заминда палак ёйган. Бизнинг чин тарихимиз умумтуркийлар тарихидир. Биз энди туркий халқ ва давлат эканимизни баралла айтишимиз, бундан чўчимаслигимиз керак. Болаларимизга биз «кўпмиллатли» ягона совет оиласида етишган, қурама бир қавм эмас, балки ботирлари дунёнинг ярмини измига бўйсундирган буюк бир миллатнинг ворислари эканимизни уқтиришимиз зарур. Шундагина миллий онг, миллий ғурур, ватанпарварлик ва миллатпарварлик деган туйғулар шаклланади, болаларимиз тафаккурида, қалбида томир ёяди.
Биз нима қиляпмиз? Афсуски, ҳали-ҳамон қўрқиб-пусиб ўтирибмиз. Энг ачинарлиси, бугунги мактаб дарслик­ларининг аксарияти совет даври педагогикаси методологиясидан тўлиқ воз кечолгани йўқ. Ваҳоланки, бу методологиянинг бош мақсади миллат болаларини миллийликдан бегоналаштириш эди… Юқорида келтирганим, тарихчи Шихобиддин Маржонийнинг ­фикрлари бекорга эмас эди. Зотан, ҳаракатсизликка учраган ҳар қандай жараён таназзулга маҳкумдир.
Таассуфки, мустақиллик йилларида бизда таълим соҳаси шундай тушкунликни бошидан кечирди. Замон шиддат билан ривожланаётган, илм-фан соат сайин тараққий этаётган бир пайтда биз ўзимизга маҳлиё бўлиб ва аждодларимиз тарихий мероси билан ғурурланиб, шундай ботқоққа ботиб қолдик. Ҳолбуки, бугун биз энг аъло, деб қараётган таълим дастурлари ҳам кун сайин янгиланиб бораётир. Хусусан, Alibaba корпорацияси асос­чиси Жек Ма Москва давлат университетида ўқиган маърузасида шундай деган эди:
«Замонавий таълим бугунги куннинг асосий муаммоларидан биридир. Ўқитиш усулларини ўзгартириш керак, акс ҳолда келажакда бизни жиддий муаммолар кутмоқда. Икки юз йил олдин бизга ҳозиргидай ўргатилган.
Бу билимга асосланган усул. Aммо болаларга машиналар билан рақобатлаша оладиган жуда кўп маълумот бера олмаймиз. Шунинг учун, биз уларга ҳеч қандай машина қила олмайдиган нарсаларни ўргатишимиз керак…
Дунё ITдан DTга қараб ҳаракатланмоқда. Кўпчилик DT нима эканини тушунмайди (худди шундай IT нима эканини кўпчилик билмайди). Ахборот технологиялари (IT) аста-секин маълумотлар технологияси (data technology, DT) томон илдам кетмоқда. Гап энди бошқа технологик янгиланишлар ҳақида кетмаяпти, гап фалсафа ҳақида, вазифаларни бажаришга бўлган ёндашувимиз ҳақида кетмоқда…
Агар келажакка тайёрланмоқчи бўлсангиз, кечаги ўқув методларидан воз кечинг: кўр-кўрона ёдлаб олишга уринманг – компьютер барибир кўпроқ нарсани эслаб қолади. Тезроқ ҳисоблашга уринманг – сиз учун буни компьютер амалга оширади. Ижодкор ва конструктив бўлишни ўрганинг».
… Дарвоқе, шундай. Бу гапларни мен эмас, ахборот ва технологиялар асри, деб бонг урадиган бугунимиз ҳақида шу соҳанинг энг олд мутахассиси айтаётир. Афсус­ки, бизда кейинги йигирма беш йил ичида нафақат Ма айтаётган истиқболдаги режаларга яқин ўйлаш, балки ривожланган дунё амал қилаётган таълим стандартларидан ҳам бир неча ўн йил ортда қолиб кетдик. Йиллар давомида бебаҳо меросимиз бўлган, Шарқшунослик институтида сақланаётган боболаримиздан қолган нодир қўлёзмалардан етарли даражада фойдалана олмаётганимиз эса юракда бир дарддир. Айни шу масалани давлатимиз раҳбари ҳам ўз маърузаларида ўкинч билан тилга олди:
«Тан олиш керакки, биз ана шундай бебаҳо меросга кўпинча фақат тарихий ёдгорликка қарагандай муносабатда бўлиб келмоқдамиз. Бундай тенгсиз бойликни амалий ҳаётимизга татбиқ этишда бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўймоқдамиз. Ваҳоланки, бундай ноёб мерос камдан-кам халқларга насиб этган. Биргина Фанлар академия­сининг Шарқшунослик институти фондларида сақланаётган 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзмаларга дунё аҳли ҳавас қилади. Биз бу ҳақиқатни ҳар томонлама теран англашимиз зарур.
Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак. Бунинг учун олим ва мутахассисларимиз, ҳурматли уламоларимиз бу маънавий хазинани бугунги авлодларга содда ва тушунарли, жозибали шаклларда етказиб беришлари зарур.»
Таълим ва илм соҳасига бундай ёндашув, албатта, мамлакат ҳаёти ва турмушимизда ўз изини қолдирди. Бунинг таъсирини ҳаётимизда, кундалик турмушимизда кўриб турибмиз. Шу маънода, бугун Президент Мирзиёевнинг янги Ўзбекистон келажагини маориф ва таълим ҳамда илм-у фанда кўраётгани, Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида кун тартибига қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтараётгани мамлакатимиз том маънода янги йўлга ўтаётганини, тарихий шавкати оламни ларзага солган тупроқларимизда яна қудратли бир давлат ва дунё саҳнасида ўз сўзини айта оладиган, жаҳон аҳлини ўзига қарата оладиган буюк бир миллат камол топишига қўйилган дадил қадам бўлди десак, муболаға қилмаган бўламиз…

ТАРИХНИНГ ИЗМИ ШАХСЛАР ҚЎЛИДАДИР

Тарих шундай тилсимли, ажойибки, боши берк кўчага кириб қолган, кишилик жамияти жоҳилият ва ёки таназзулга юз бураётган бир пайтда унинг ғилдирагини тўғри йўлга солиб юборадиган куч доим ўртага чиққан.
Буни тарихчилар соддагина қилиб «тарихий зарурат» дейди. Ньютоннинг қарийб афоризмга айланиб кетган эллинлар даврига оид «агар Клеопатранинг бурни озгина қийшиқ бўлганида тарих тамоман бошқа йўлдан кетарди» деган ҳазиломуз таъкиди тагматнида ҳам ўша «тарихий зарурат» зоҳир эканини кўриш мумкин.
Бу ўринда Ньютонни инкор қилиб бўлмайди. Зотан, маликанинг ақл-­идроки дунё тарихига Рим ва Миср тамаддуни деган қўш марваридни бергани айни ҳақиқатдир. Албатта, бу каби буюк уйғониш ва цивилизациялар оёқланишига бундай енгил ва юзаки қараш, ёндашиш ҳурматсизликдай бўлиши мумкин. Бироқ ҳақиқат шундаки, аксарият ҳолларда дунёни ўзгартирган, унга тартиб ва фасоҳат берган, қуриб бораётган ниҳолга сув қуйиб, унга жон берган «тарихий зарурат» ҳам худди биз унга қараётганимиз каби содда, самимий ва таъмасиз бўлади…
Президент Шавкат Мирзиёев «ренессанс» масаласига фавқулодда бугун юзланиб қолгани йўқ. Бу масала, яъни таълим ва илм-у фанни мамлакат ва жамият тараққиётининг лейтмотиви (асосий ҳаракатлантирувчиси) этиб белгилаш фикри унда азалдан бўлган. Хусусан, у давлат раҳбари сифатида иш бошлаган илк даври, 2016 йилнинг 30 декабрида мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашуви айнан шунга ишора эди. Қолаверса, бунинг тарихий асослари ҳам бор. Юртбошимиз ўз нутқларида келтирган 12 ва 15-асрларда порлаган икки ренессанс – уйғониш даври ҳам айнан шу тупроқ – бизнинг ватанимизда бўй кўрсатганини эътироф этган эди.
Амир Темур эл-улусни мўғул истилосидан халос этиб, одил ва беқиёс салтанат тузгани, салоҳиятли ҳарбий мактаб яратгани, бутун бир Уйғонишни бошлаб бергани, шунингдек, Европа тамаддунига йўл очгани ҳам жаҳон муаррихлари томонидан бирдек эътироф этилади.
Абу Али Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» XII асрда Европа тилларига таржима қилинганини, университетларда табобат илми беш юз йил давомида шу китоб асосида ўқитилганини ким инкор эта олади?
Хилда Хукхэм «Етти иқлим соҳиби» китобида ёзишича, Британияда XVII асрда қиролнинг биринчи мунажжими иш бошлаган. У Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний» асарига таянган ҳолда тадқиқот олиб борган…
Бундай мисоллар кўпдан-кўп.
Форобий, Беруний, Хоразмий заковати ўша замондаёқ бутун бир оламга ёруғлик улашган. Ёки бўлмаса, Ислом оламининг устунлари бўлган Имом Бухорий, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд Замахшарий, Баҳовуддин Нақшбандни эсга олайлик. Бу ёқда – Термизий, Мотурудий, Марғиноний… Шоирлар султони ҳазрат Навоий…
Бу мўътабар сиймолар кишилик жамияти бешигини тебратиб, тарих ғилдирагини тўғри йўлга солиш учун дунё юзини кўрган десак, хўш, буни ким рад эта олади?! Бугун дунё Ўзбекистонни том маънода «янги Ўзбекистон» деб атаётгани, Президент Мирзиёев амалга ошираётган сиёсат ва ислоҳотларни тан олаётгани, олқишлаётгани ва ҳатто ундан улгу олишга интилаётгани одамни хурсанд қилади, албатта.
Юқорида айтганимиздай, тарихни худди сиз-у бизга ўхшаган оддий одамлар қурган, ўзгартирган. Бундай шахслар одатда қатъиятли, фидойи, миллат ва юрт ори, бахт-у саодати учун керак бўлса, ширин жонидан кеча оладиган мард ўғлонлар бўлгани равшанлашади тарих китобларини варақлаганингизда.
Бугунги серташвиш ва долғали кунларимизда ҳаётимизга ўша олис ўтмишдаги буюк уйғониш насимлари эсмоқда, миллатнинг мард бир фарзанди муборак байроғимизни кўтариб, дунё саҳнасига чиқмоқда дейилса, мен бунга ишонаман. Зеро, ҳар бир қаричи бир азиз авлиё, бир улуғ аллома, ёки бўлмаса Тўмарис-у Широқдай бир ёвқур ватанпарварларнинг хоки покини бағрига босган шу мўътабар замин ва улуғ миллатимиз минг бора бунга ҳақлидир!

Қудратилла РАФИҚОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
сиёсатшунос

Бошқа хабарлар