Қоракўл мактаби тажрибаси: ЮТУҚЛАР СИРИ НИМАДА?

274

Қоракўл халқаро математика мактаби ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Ушбу мактаб 1990 йилда ҳозирда 75 ёшни қарши олган фидойи педагог, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби Тўхтамурод Жумаев ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, кўплаб математик ва зукко мутахассисларни етказиб бермоқда. Ўқитувчи ва мураб­бийлар куни арафасида Президентимиз ушбу мактаб тажрибасини атроф­лича ўрганиш ва кенг ёйиш зарурлигини таъкидлагани ҳам бежиз эмас. Ҳиндистон, Япония, Россия, Жанубий Африка, Австралия, Озарбайжон каби давлатларда ўтказилган халқаро фан олимпиадаларида иштирок этиб, олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритиб, юқори натижаларга эришаётган мактаб педагогларининг бошқалардан фарқи, ўзига хослиги ва сири бўлиши тайин. Мактаб директори ва устозлари билан мулоқотдан кейин бу сирни кашф этгандек бўлдик.

Шаффоф танловлар самараси

Бутун дунёда иқтидорли болалар танлаб олиниб, ихтисослашган мактабларда истеъдод қирраларига янада сайқал берилади. Ёшлар эса улғайиб, келгусида чинакам миллат бойлигига айланади. Шу боис, мактабда, аввало, энг муносиб ўқувчиларни танлаб олишга жуда катта эътибор қаратилади. Яъни, Давлат тест маркази томонидан талабгор ўқувчилар тест асосида синовдан ўтказилади. Бу йил мактабга 3 та синфга 30 тадан 90 та ўрин ажратилган.
– Яқинда тест синовларини ўтказдик, – дейди мактаб директори Темур Рўзиев. – «Иқтисод» синфига 30 нафар бола қабул қилинади. Аммо буни қарангки, 27-дан 37-ўрингача бўлган 10 нафар талаб­гор бир хил балл тўплабди. Энди улар учун яна қайта имтиҳон ташкил этилади ва энг юқори балл олган 3 нафар номзод ўқувчиликка қабул қилинади «Юқори балл олишибди-ку» деб, бали бир хил ўқувчиларнинг ҳаммасини қабул қилолмаймиз. Чунки ўқувчилар сонининг 30 нафардан ошиши таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади. Бош мақсадимиз – энг иқтидорли ва билимли ўқувчиларни танлаб олиб, улар билан чуқур шуғулланиш. Мактабга ўқувчилар 6-7 синфдан қабул қилиниб, 3 та йўналишда ўқитилади: математика-физика, математика-инглиз тили ва кимё-биология.

Моҳир педагоглар ҳамда рақобат муҳити

Иқтидорли ўқувчилар танлаб олингач, уларга сабоқ бериш учун энг билимдон, маънан юксак ва моҳир педагогларни жамоа сафига тортишга жиддий эътибор қаратилади. Таълим даргоҳига синов асосида фақат биринчи ва олий тоифали педагог­лар қабул қилинади. Яна бир шарт борки, агар устоз ҳар қанча билимли бўлса-ю, аммо ўқувчилар қалбига йўл тополмаса, бундай педагог билан хайрлашилади. Таълим сифатини «ушлаб» турувчи яна бир муҳим жиҳат, мактаб ўқувчиларидан ҳар ойда фанлардан синов тестлари олинади ва унинг натижаларига қараб синф ўқувчиларининг ўзлаштириши, илғорлиги ёки қайси синфда сустлашишлик юз бергани аён бўлади. Қолаверса, бу мониторинг орқали педагог билим-маҳоратига ҳам холис ва муносиб баҳо берилади. Мониторинг натижалари доим мактаб фойесига илиниб, ўқувчилар иштирокидаги ва педагогик йиғилишларда алоҳида муҳокама қилинади. Шу сабаб мактабда педагоглар ва ўқувчилар, синфлар ўртасида соғлом рақобат муҳити юзага келган. Бу муҳит барчани ҳаракатлантириб, тинимсиз ўз устида ишлашга ундайдиган таянч кучдир.

Телефон, дарс соатлари ва куни узайтирилган гуруҳлар

– Мактабимизнинг ўз ички тартиб-қоидалари бор, – дейди директорнинг ўқув ишлари ­бўйича ўринбосари Ғайрат Куллиев. – Ўқувчиларнинг қўл телефонидан фойдаланишига рухсат берилмайди. Биринчидан, бу уларнинг хаёли ўқишдан чалғишига олиб келса, иккинчидан, тарбиясига салбий таъсир қилади. Педагоглар ҳам дарс вақтида қўл телефонидан фойдаланишмайди. Буни мунтазам текшириб турамиз. Бош мақсадимиз – дарсларнинг сифатли, мазмунли ва қизиқарли ташкил этилишига қаратилган бўлиб, бутун диққат-эътибор фақат машғулотга йўналтирилсагина бунга эришиш мумкин.
Ихтисослашган мактабда дарс­лар 14:00, 14:30 гача давом этади. Шундан сўнг болалар бир оз дам олишгач, куни узайтирилган гуруҳларда 15:00 дан кечки 19:00 гача ўзлари қизиққан спорт ва фан тўгаракларида машғул бўлади. Кимдир инглиз тили ва футбол, яна биров эса инглиз тили ва биология, бош­­қа ўқувчи математика ва баскетбол каби машғулотларни танлаши мумкин. Фан тўгаракларида ўзлаштиришга қийналаётган ўқувчилар билан алоҳида, халқаро олимпиадаларга тайёрланаётган ўқувчилар билан алоҳида машғулот ўтказилади. Математика йўналишидаги илмий журналлар, махсус тестлар, халқаро илмий журналлардан олинган мисоллар ишланади. Бўлиб ўтган халқаро олимпиадаларнинг саволлари ечилади. Халқаро олимпиадада иштирок этиб келган ўқувчилар ўз тажрибалари билан ўртоқлашади. Хуллас, куни узайтирилган гуруҳда ўқувчилар билан индивидуал ёндашув асосида ишланади. Чунки айнан болага алоҳида ёндашувгина очилмаган қирраларни кашф этишни тезлаштиради.

Ўз вақтида кўрилган тадбир

Дониёр Исмоилов – шу мактабнинг 11-синф ўқувчиси. «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиби. Қоракўл туманидан бироз олисда бўлган Мирзақалъа қишлоғида туғилиб, ўша ердаги 48-мактабда илк таҳсилни олган. Ўқитувчилари ва синфдошлари Дониёрнинг математикага бўлган қизиқиши ва қобилияти юқорилигини яхши билишгани боис унинг ота-онасига Дониёрни ихтисослашган мактаб­­га юбориш фикрида эканини айтишди.
Дониёр тестдан муваффақиятли ўтиб, ҳақиқатдан юқори балл билан ихтисослашган мактабга ўқишга кирди ва бу ердаги синф раҳбари Шерназар Саломовнинг эътиборига тушди. У оғир-босиқ, мулоҳазали, математикага ниҳоятда истеъдодли эди. Аммо бир йилдан сўнг Дониёрнинг онаси Шерназар Саломовга оиласида моддий қийинчилик юзага келгани, боласининг мактабдаги овқат пули, ҳар ҳафта уйга келиб-кетиши учун қилинадиган харажатларни қоплашга имкони йўқлиги, шу боис ўғлини яна ­қишлоқ мактабига олиб кетишини билдирди.


Тўғри-да, оилада фақатгина ота заводда ишлар, ўша пайтда заводдаги ишлар ҳам бироз «тортилиб» қолгани дард устига чипқон бўлганди. Яхшиямки, мис билан олтинни яхши фарқлай оладиган Шерназар Саломовдек фидойи педагог­ларнинг борлиги. У шартта мактаб директори олдига кириб, ўқувчининг истеъдодлилигини, аммо ўқишга оилавий шароити йўл қўймаётганини, шу боис уни тўловлардан озод қилишни, шанба-якшанба кунлари эса болани ўз уйига олиб кетиб, ўзи қараб туришини айтди. Директор бу таклифни қўллаб-қувватлади. Шу билан ўқувчи мактабда қолди.
Дониёр шароитига қараб ­уйига бориб турар, асосан шанба-якшанба кунлари устозиникида у билан шуғулланар, дам оларди. Кўп ўтмай халқаро олимпиадага тайёрланаётган ўқувчилар гуруҳига қўшилди. 2017 йил Ҳиндистонда бўладиган халқаро олимпиадага кетиши аниқ бўлгач, устозининг уйида ёзги таътилда ҳам қаттиқ шуғулланди. Илмий журналлардан мисоллар, интернетдан олинган тестлар, халқаро тоифадаги математикларнинг тавсия ва маслаҳатлари, дарс­лари… Буларнинг барчаси Дониёрни янада тоблади.
Ниҳоят, ниятлар, мақсадлар, ғалаба нашидаси бир-бирига уланиб кетди. Дониёр ва унинг яна бир синф­доши математика бўйича халқаро олимпиадада мамлакатимизга илк олтинларни олиб келди. Ундан олдин ҳам мамлакатимиз вакиллари халқаро олимпиадаларда иштирок этар, аммо натижалар фақат кумуш ва бронза билан тугаётган эди. Бу гал эса узоқ ва машаққатли меҳнат, ҳақиқий истеъдодни ўз вақтида ­қадрлай билган жамоа чинакамига ғалаба нашидасини сурди. Ўшандан бери Дониёр ва унинг тенгдошлари яна кўп мусобақалардан олтин ва кумуш медалларни келтирди. Ҳозирда Дониёр мактабнинг фахрий ўқувчиларидан бири. Келгусида иқтисод йўналишида таълим олиб, ўз олдига мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшадиган инсон бўлишни мақсад қилган.

Хулоса

Дарҳақиқат, бу даргоҳда ишлаётган педагоглар ўз ишининг усталари, ҳақиқий фидойи инсонлардир. Улар устозлик нигоҳи билан боладаги истеъдодни сеза олишади. Шу боис, мураккаб ва нозик вазиятлар юзага келганда, қалб амрига қулоқ тутиб, энг аввало, истеъдодни асраб қолишга киришади. Агар Шерназар Саломов Дониёрнинг қишлоққа қайтишига томошабин бўлиб турганида, шанба-якшанба уйига олиб кетишни бўйнига олиб, у билан қунт билан шуғулланмаганида, ёзги таътиллар ҳақиқий «дам олиш»га айланганида мактабнинг олдинги кумуш ва бронзалари олтинга айланармиди? Албатта, йўқ!
Демак, иқтидорлар билан муттасил ишлаш, устозлар фидойилиги ва болажонлиги, мактабда ўрнатилган қатъий тартиб-интизом ҳамда соғлом рақобат муҳити каби жиҳатлар мазкур мактабга муваффақият олиб келмоқда. Яқинда ХТВ ходимлари ушбу мактаб ишини бутун юртимизга тарғиб этиш устида бош қотириб, мактаб ҳақида махсус видеофильм, методик қўлланма тайёрлаш хулосасига келишди. Бундан ташқари, ҳар бир вилоят марказида мактаб тажрибаси асосида математикага ихтисослашган мактаблар ташкил этиладиган бўлди. Турли вилоят ва туман ҳокимлари, ХТБ раҳбарлари ва ўқитувчилар ҳар куни ушбу мактаб тажрибасини ўрганишга келмоқда. Яқин йилларда мамлакатимизда яна ­кўплаб истеъдод ғунчалари очилса, не ажаб! Зеро, бугунги ҳаракатлар ана шундай умидлар уйғонишига асос бўлмоқда.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар