Меҳнат ҳам ижоддек бўлсин

41

Ихтиёрийлик касб этмаган фаолиятнинг ҳар қандай турида унум, барака ва сифат бўлмайди. Мажбурий меҳнатга барҳам бериш тамойили диёримизда устуворлик касб этаётгани ҳам бежиз эмас. Айнан шунга кўра, пахта йиғим-терими иштирокчилари фаолияти юзасидан кенг жамоатчилик назорати ўрнатилган.

Теримчилар учун яратилган шарт-шароит, мавсумда болалар меҳнатига йўл қўйилмаслик ҳолати жиддий кузатув остида бўлиб, Миллий мониторинг ­бўйича ҳудудий ишчи гуруҳи кенг миқёсли ўрганишлар ўтказмоқда.
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан кунлик белгилаб берилган кординатлар бўйича кузатувлар ташкил этилаётир, – ­дейди Касаба уюшмалари Миллий мониторинг гуруҳининг Самарқанд вилояти бўйи­­ча ­масъул вакили Шерзод Неъматов. – Оқдарё, Пастдарғом, Иштихон ва яна бир қатор туманларда ҳашарчиларга яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдик. Эътироф этиш жоизки, аксар пахта терими иштирокчилари фаолияти белгиланган тартиб асосида ташкил этилган. Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича мутлақо муаммо йўқ. Аммо меҳнатни ташкил этишнинг ҳуқуқий жиҳатлари баъзи ҳолларда унутилганлигига гувоҳ бўляпмиз. Чунончи, гуруҳ ташриф буюрган Пастдарғом тумани «Янги авлод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Олти уй» фермер хўжалиги далаларида отрядга уюшмаган ҳолда меҳнат қилаётган ҳашарчилар аниқланди. Гарчанд иссиқ овқат, ҳақ тўлашда муаммолар бўлмаса-да, терим иштирокчилари фаолиятини расмийлаштиришда камчиликлар бор. Масалан, гуруҳни ­шакллантириш, отряд пас­порти, теримчилар рўйхати, отряд ва теримчи ўртасидаги меҳнат шартномаси тузилмаган. Ушбу жамоани шакллантирган отряд мутасаддисига меҳнатни ташкил этиш юзасидан касаба уюшмалари ишлаб чиққан услубий қўлланма етказилганига қарамай, уни амалга жорий этишда лоқайдликка йўл қўйилган. Тумандаги «Гумбаз» фермер хўжалиги далаларида меҳнат қилаётган ҳашарчилар фаолиятини ташкил этишда ҳам ана шундай камчиликлар борлиги маълум бўлди.
Иштихон туманидаги ўрганишлар жараёнида ҳам эътиборсизликка йўл қўйилаётганига дуч келинди. Мақсуджон Маҳмудов номидаги фермер хўжалигида «Чиғатой» маҳалласининг 70 нафар уюшмаган аҳолиси пахта тераётгани аниқланди. Отряд ва фермер хўжалиги раҳбари дала бошида бўлса-да, теримчилар учун ҳеч қандай шароит яратилмаган. Меҳнат қилаётганлар фаолиятини ҳимояловчи ҳужжатлар тузилмаган. Боз устига, бу ерда на иссиқ овқат, на қайнатилган сув, на тиббий кўмак учун бирон-бир восита йўқ. Фермер хўжалиги раҳбари Маҳмуд Имомов эътиборсизлик қилгани учун изза тортди.
Меҳнат муносабатларида устуворлик касб этадиган ҳолатларга беписандликни ҳеч бир нарса билан хаспўшлаб бўлмайди. Ачинарлиси, ҳали-ҳануз фуқаролар билан ­мустақил равишда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаси ёки фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар тузиш аҳамиятини ­англаб етмаётганлар борлигидир. Тўғри, меҳнатга ҳақ тўланаётир. Аммо фаолиятнинг ҳуқуқий асослари ҳам тўлиқ яратилмоғи шарт. Шундагина меҳнаткашнинг амалдаги ҳуқуқи ўз ифодасини топган ҳисобланади.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар