Дўст бошга иш тушганда билинади

187

«Муборак иссиқлик электр маркази» акциядорлик жамиятида юкчи бўлиб ишлайдиган Иброҳим Муҳаммадиев уй-жой қурмоқчи бўлди. Корхона касаба уюшма қўмитаси қарори билан ходимга моддий ёрдам ажратилиб, қурилиш ашёлари олиб берилди. Ҳовлисини ободонлаштириш учун техника ажратилди. Махсус трактор ҳовлининг паст-баландини текислаб берди.

Корхона касаба уюшмаси бундай хайр­­ли ишларни анъанага айлантирган. Хусусан, касалманд фарзандини ёлғиз боқаётган оналарнинг дардига малҳам бўлиш мақсадида Сайёра Рўзиқулова ҳамда Раъно Муртазиловага корхона ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилди.
Олти нафар фарзанди бор Жаҳонгир Соибов оиласига 1 миллион 358 минг 660 сўм ажратилди. Корхонанинг кимё цехи ходимаси Ҳуррият Музаффарова соғлиги ёмонлашганидан шикоят қилган эди. Унга ҳам даволаниши учун зарур ­маблағ берилди.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. 23 нафар ногиронлиги бор ходим, 8 нафар кам таъминланган оила вакили, олти нафар байналмилал жангчи ҳам давлат дастурига асосан моддий ёрдам олишди. 9 нафар юбилей ҳамда бир нафар пенсия ёшига етган фахрийга эҳтиром кўрсатилиб, қимматбаҳо совғалар топширилди.
Бу йил 3 нафар ходим оила қуриб, янги ҳаётга қадам қўйди. Албатта, улар ҳам белгиланган тартибда рағбатлантирилди. Бундан ташқари, сув ташиш ва юк ташиш машиналари, корхона автобуси тўй соҳибларига хизматда бўлди.
Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, касаба уюшма қўмитасининг юқори ташкилотларга бир неча бор қилган мурожаатлари эътиборга олиниб, жорий йилда ходимларимизга зарарли шароитда ишлагани учун маошига қўшимча тўлов пули берилиши яна тикланди. Ваҳоланки, сўнгги икки-уч йилда бу тўлов берилмаётган эди. Ҳозирги вақтда заҳарли ва зарарли шароитда ишлаганимиз учун ойлигимизга 500 минг сўмдан қўшимча оляпмиз.
Айни кунларда корхона маъмурияти билан биргаликда ходимларнинг қишки мавсумга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиши ва озиқ-овқат захирасини яратиб олиши учун галдаги моддий ёрдам маблағларини тарқатишни мўлжаллаб турибмиз.

Тошболта АВАЗОВ,
«Муборак иссиқлик электр маркази» АЖ
касаба уюшма қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар