АФҒОНЛАРАРО ТИНЧЛИК ЖАРАЁНЛАРИ

45

Биз Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қиламиз. 2018 йил март ойида ўтказилган Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент конференцияси афғон муаммосини ечиш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишда янги босқич бўлди.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида минтақа ва дунё учун муҳим ҳисобланган ўндан зиёд ташаббус ҳамда таклифларни илгари сурди. Улар орасида алоҳида банд сифатида Афғонистон масаласига эътибор қаратилди. Бу бежиз эмас.

Расмий Тошкент Афғонистонни минтақанинг ажралмас қисми деб ҳособлайди. Бинобарин, ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш бўйича саъй-­ҳаракатлар жуда долзарбдир. Чунки Марказий Осиёнинг мустаҳкам ривож­ланиши Афғонистондаги вазият барқарорлашуви билан бевосита боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев бир неча бор таъкидлаб ўтганидек, афғон муаммосини ҳал этмай туриб, тинч ва юксак даражада тараққий этган Марказий Осиё ҳақида гапириб бўлмайди.
Дарҳақиқат, Афғонистон ва «Толибон» ҳаракати ўртасидаги тинчлик музокараларининг ўтказилиши минтақамиз, қолаверса, бутун жаҳон аҳли учун ҳам бирдек муҳим воқеа саналади. Шу боис, дунё тинчликпарвар кучларининг пировард мақсад – бу заминда ўт очишни тўхтатиш ва кафолатланган тинчликни таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган.
Очиғини айтиш керакки, «Афғон можороси» юзага келган бутун ўтмиши – деярли 40 йил мобайнида мамлакатда тинчлик ўрнатиш жараёнига бу қадар яқин келмаган эди. Афғонлар ўртасида бундай илиқлик, ўзаро ишонч, энг муҳими, тинч­лик учун бирдамликнинг қарор топишида янги Ўзбекис­тоннинг роли, ҳиссаси жуда катта эканини дунё ҳамжамияти якдил эътироф этмоқда.
Доҳа музокараларининг ижобий якун топиши «Қўшнинг тинч, сен тинч» деган нақлни устувор биладиган ўзбек халқи учун бошқалардан кўра, ўн чандон тушунарлироқдир. Шу боис расмий Тошкент сиёсий жараённи фақат афғонлар амалга ошириши лозим, деган асосий тамойилга содиқ бўлиб келмоқда ҳамда томонларнинг миллий ярашувга эришиш йўлидаги ­саъй-ҳаракатлари, интилишларини қўллаб-қувватлаяпти.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан афғон заминида тинчлик ўрнатиш мақсадида бир неча йил олдин бошланган халқаро миқёсдаги музокаралар бугунга келиб ўз самарасини бермоқда.

УЗОҚНИ КЎЗЛАЁТГАН СТРАТЕГИЯ

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018 йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги халқаро конференция Ўзбекистоннинг афғонлараро тинчлик жараёнини фаоллаштиришга қўшган ҳал қилувчи ҳиссаси бўлди. Тадбирда Ўзбекистон ва Афғонис­тон Президентлари, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий ­аъзолари бўлган мамлакатлар, минтақанинг етакчи давлатлари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Президенти Тошкент конференциясида чиқиш қилар экан, Афғонистондаги можорони ҳал қилиш йўлларининг аниқ стратегик ечимларини кўрсатиб, расмий Тошкентнинг «афғон сиёсати»га доир устувор йўналишларини белгилаб берди. Булар эса Афғонистон Ислом Республикасида тинчликни таъминлаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш асосига айланди.
Тошкент декларациясининг якдиллик билан қабул қилиниши форумнинг муҳим мантиқий якунига айланди. Зеро, унда Афғонистонда узоқ муддатли тинч­лик ва барқарорликни қарор топтиришнинг асосий принцип­ларига нисбатан минтақавий ҳамда глобал даражадаги тўлиқ муроса ўз ифодасини топди. Тошкент декларация­­си асосида қарийб икки йил халқаро миқёсда давом этган саъй-ҳаракатлар натижасида шу йилнинг 29 февраль санасида Қатар пойтахти Доҳада Америка Қўшма Штатлари ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тинчлик битими имзоланди.
Мазкур анжумандан сўнг дунёнинг ривожланган «ақл марказлари», нуфузли экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўз тахминларини баён қилишди. Хорижлик меҳмонлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон ­бўйича юқори даражадаги халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси ўз вақтида бўлгани ва долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлашди. Негаки, Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон минтақада барқарорлик, изчил тараққиёт ҳамда яхши қўшничилик анъаналарининг тикланиши ва ривож топишида прагматик ташқи сиёсатни амалга оширмоқда. Мисол учун, ўша ­пайтда халқаро анжуманни ёритган АҚШнинг энг кўҳна ва таниқли журналларидан бири – «The Atlantic» (1857 йили Бостонда ташкил қилинган) чоп этган мақолада «Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига умид пайдо бўлди» дейилади. Ёки Нью-Делида жойлашган Сиёсий тадқиқотлар маркази директори Удай Бхаскар Ҳиндистоннинг марказий газетаси – «Hindustan Times»да мазкур масала ҳақида сўз юритиб, томонлар ўртасида мулоқотни бош­лаш ҳақидаги таклифни «расмийлаштириш» ва келажакда бевосита музокаралар жараёнини бошлашга хизмат қиладиган механизм сифатида баҳоланмоқда» дея фикр билдирган эди.
Халқаро кузатувчиларнинг умум­эътирофича, Президент Шавкат ­Мирзиёевнинг ташаббуси бугунги жараёнларда фавқулодда муҳим роль ўйнамоқда.

ТАРИХИЙ УЧРАШУВ

Тўғри, Афғонистонда узоқ йиллардан буён кузатилаётган зўравонликларга қисқа муддатда буткул чек қўйиш имкони йўқ. Аммо бунга босқичма-босқич эришиш мумкин. Буни нафақат Афғонистон, балки халқаро ҳамжамият ҳам истамоқда.
Доҳада бўлиб ўтаётган тинчлик музокараларининг навбатдаги раундини халқаро кузатувчилар тарихий аҳамиятга эга дея баҳоламоқда. Нима учун? Чунки Доҳада узоқ кутилган воқеа – афғонлараро тинчлик музокараларида Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати расмийлари юзма-юз мулоқот қилмоқда. Мақсад ягона – муросага келиш.
Айтиш жоизки, ушбу музокараларга узоқ вақт тайёргарлик кўрилди. Бундан бир неча вақт илгари иккала томон ҳам муроса учун ўз талабларини илгари сурди ва бу борада ўзаро келишувга эришди. Унга кўра, афғон ҳукумати «Толибон» ҳаракатининг ҳибсда сақланаётган беш минг нафарга яқин аъзосини озод қилди. Бундан ташқари, «Толибон»лар томонидан ушлаб турилган мингга яқин одам қўйиб юборилди.

ДИПЛОМАТИК ВА ТИНЧ ЙЎЛ

Афғонлараро тинчлик музокараларининг очилиш маросимида нафақат Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати расмийлари, балки Ўзбекис­тон, АҚШ, Германия, Норвегия, Индонезия давлатларининг афғон масаласи бўйича махсус вакиллари, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Қатардаги дипломатик корпус вакиллари ҳам иштирок этди. Дастлаб анжуманга мезбонлик қилаётган Қатар давлатининг расмий вакили қатнашчиларни самимий қутлаб, халқаро ҳамжамият афғон муаммосига бефарқ бўлмаслиги, ушбу музокаралар эса томонлар ўртасида ўзаро муроса қилишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Бундан ташқари, Афғонис­тон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати расмийлари сўзга чиқиб, бугунги кунда мақсадга зўравонлик билан эмас, балки дипломатия ва тинчлик йўли билан эришиш ҳар томонлама самарали эканини таъкид­лашди.
Маросимда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ҳам нутқ сўзлаб, афғон заминидаги барқарор вазият нафақат Афғонистон ёки Марказий Осиё, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам муҳимлигини ва айнан шу боис расмий Вашингтоннинг Доҳа учрашувидан умиди катта эканлигини билдирди.
Анжуман қатнашчилари Аф­ғонис­тонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлида Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар муҳим ва қимматли эканини алоҳида таъкид­лашди.

Исматилла ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича
махсус вакили:

– Мамлакат Президенти Ашраф Ғани ва сиёсий раҳбар доктор Абдулла Абдулла Афғонистон келажагини, афғон халқи тақдирини ўзларининг режаларидан устун қўйиб, ўзаро келишувга эришишди. Чиндан ҳам бу жуда катта воқеа бўлди. Албатта, ушбу келишувсиз тинчлик жараёнини тасаввур қилиб бўлмасди. Ўзбекистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашиш нияти йўқ. Ўзбекистоннинг яккаю ягона орзу умиди – бу Афғонистонда тинчликни ўрнатиш. Афғонистондаги тинчлик бутун Марказий Осиёда, шу жумладан, Ўзбекистонда тинчлик демакдир. Афғон ҳукумати маъқуллаган ва уларнинг ­саъй-ҳаракати ва ёрдамларига ишонган беш мамлакат бор. Бу Ўзбекистон, Қатар, Индонезия, Германия ва Норвегия. Мана шу беш мамлакат махсус вакиллари муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этдик. Бунинг натижасида, албатта, мана шу тарихий воқеанинг шоҳиди бўлиб турибмиз.
Президентимизнинг Афғон муаммоси бўйича ўз режаси бор. Давлатимиз раҳбари Афғонистон орқали коммуникация соҳасини ривожлантириш, электр энергияни фақатгина ушбу мамлакатга эмас, Жанубий Осиё давлатларига етказиб бериш бўйича катта лойиҳаларни илгари сурди. Ушбу лойиҳалар аксарият халқаро ҳамжамият, хусусан, Афғонистон ҳукумати томонидан яхши қабул қилинди. «Толибон» ҳаракати раҳбарияти бу лойиҳаларни Афғонистонда тинчлик ўрнатишига яхши замин яратади, деган фикрни билдирди.

Шундай натижаларга ўзбекистон президентининг доимий саъй-ҳаракатлари туфайли эришилмоқда

Залмай ХАЛИЛЗОД,
АҚШ Президентининг Афғонистон бўйича
махсус вакили:

– Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати вакиллари юзма-юз афғон муаммосига ечим изламоқда. Бу эса, ўз навбатида, афғон заминида узоқ йиллардан буён кузатилаётган уруш якунига етишига ишора. Афғонис­тонда тинчлик ўрнатиш жараёнида Ўзбекистон доим фаол. Мен ўзим бир неча бор Тошкентда расмий ташриф билан бўлганман. Жаноб Мирзиёевнинг бу борадаги қарашлари, қатъияти, қолаверса, сиё­сий фаолиятидан хабардор одам сифатида айтишим мумкинки, бугунги натижаларга эришишда Ўзбекистон Президентининг афғон масаласига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш йўлидаги доимий саъй-ҳаракатлари жуда катта туртки берди десам, муболаға қилмаган бўламан. АҚШ ҳам Афғонистонда тинч­лик ўрнатилиши тарафдори. Ёдингизда бўлса, шу йилнинг февраль ойида АҚШ ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тинчлик шартномаси имзоланган эди. Шунинг ўзи ҳам расмий Вашингтоннинг бу борадаги позиция­сини яққол намоён қилади. Ушбу музокаралар Афғонистон учун бир имконият деб ўйлайман. Афғон томони ҳам, «Толибон» ҳаракати ҳам ўтмишдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда муросага келиши зарур. Биз Афғонистонда тинчлик ҳукмрон бўлишини истаймиз. Жафокаш Афғон халқи билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа йўналиш­ларни ривожлантириш жараёнида ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Халқаро ҳамжамият Афғонистонда тинчлик бўлишини истайди

Маркус ПОТЦЕЛ,
Германия Федератив Республикасининг
Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили:

– Бугунги кунни тарихий деб бемалол айтиш мумкин. Афғонлараро тинчлик музокараларига эришиш учун узоқ вақтдан буён тайёргарлик кўрилган эди. Доҳа музокараларининг очилиш маросимида иккала томон ҳам тинч­лик тарафдори эканини маълум қилди. Шу боис, ушбу анжуман келгусида кўзланган натижага эришишга, афғон заминида вазият барқарорлашигига хизмат қилишига катта ишонч уйғотади.


Ўзбекистон – Афғонистон билан чегарадош мамлакат. Бугун расмий Тошкент ҳам афғон муаммосини ҳал этишда ўзининг қатъий позициясига эга. Ўзбекистон мазкур ташаббуслар­­ни қўллаб-қувватловчи Қатар, Германия, Индонезия, Норвегия каби мамлакатлар билан биргаликда самарали натижаларга эришиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Бу борада Германия томони Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик ўрнатган. Жумладан, Афғонистонда энергетика, сув таъминоти, соғлиқни сақлаш, таълим каби қатор йўналишларда йирик лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Афғон халқи бугун ҳар қачонгидан-да кўмакка муҳтож. Халқаро ҳамжамият Афғонистонда тинчлик бўлишини истайди.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Афғонистон масаласига устувор вазифа сифатида қараши ҳам таҳсин лойиқ. Бугунги музокаралар 2018 йили Тошкентда айнан шу масалада ташкил этилган халқаро музокараларнинг узвий давоми бўлмоқда. Агар афғон заминида тинчлик ўрнатилса, бу Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади, минтақа давлатлари Форс кўрфазига хавфсиз чиқиш имкониятига эга бўлади. Бу денгиз йўлларига эга бўлмаган минтақа иқтисодиёти учун жуда муҳим омил саналади. Қолаверса, Афғонистоннинг минтақа билан интеграциялашуви узоқ йиллик урушларда силласи қуриган ушбу мамлакатда ҳаётнинг тезроқ изга тушишига кўмак беради.

Афғон муаммосини ҳал этишда Ўзбекистон асосий ҳамкорларимиздан бири

Мутлоқ Бин Мажид ал-Қаҳтоний,
Қатар ташқи ишлар
вазирининг Терроризмга қарши кураш, можароларни ҳал қилиш бўйича махсус вакили:

– Мазкур жараёнда ҳар икки томон ҳам музокараларга ижобий муносабат билдирди. Шунинг ўзиёқ афғон заминида тинчлик ўрнатиш учун яна бир қадам ташланганини кўрсатиб туради. Бизнинг вазифамиз томонларни музокаралар столи атрофига ­тўплаш ва мулоқотни амалга ошириш эди. Бу жараёнда Ўзбекистон томони бизга ҳар томонлама кўмак кўрсатмоқда. Шу боис афғон муаммосини ҳал этишда Ўзбекис­тонни асосий ҳамкорларимиздан бири сифатида тилга оламиз.

Музокараларнинг навбатдаги босқичи Самарқандда бўлади

Афғонлараро музокараларни қатор давлатлар ташқи ишлар вазирлари онлайн шаклда кузатиб, бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маросимда қилган видеомурожаатида Доҳа музокаралари афғон заминида тинчлик ўрнатишда ­мустаҳкам пойдевор вазифасини ўташига ишонч билдирди. Бундан ташқари, Ўзбекистон томони афғонлараро тинчлик музокараларининг навбатдаги босқичини қадимий шаҳарларимиздан бири бўлган Самарқандда ўтказишга тайёр эканини маълум қилди.
Очиғи, бугунги замонавий ­дунёда Афғонис­­тон терроризм ва гиёҳванд моддалар ўчоғи сифатида тилга олинади. Аслида шундайми? Ўтмишни варақласангиз, Афғонистон ва афғон халқининг шонли ва ибратли тарихига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Мамлакатда тинчликнинг ўрнатилиши ва у ерларда ҳам ҳаёт оқими ўз ўзанига тушиб кетиши Афғонистон ҳақидаги ножоиз қарашларни парчалаши билан ҳам аҳамиятли. Бу йўлда Ўзбекистон томонининг ташаббуслари алоҳида ўрин тутади. Жумладан, расмий Тошкент дунё ҳамжамиятини Афғонистонга терроризм ва наркотик полигонлари деб эмас, кўп тармоқли иқтисодий ва маданий, жумладан, туризм салоҳиятига эга мамлакат сифатида қарашга чақирди ва бунга эришди ҳам. Бу эса, ўз навбатида, ўзбек дипломатиясининг ютуғидир.

АФҒОНИСТОН ҲУКУМАТИ ВАКИЛЛАРИ ҚАНДАЙ ФИКРДА?

Саид Саодат
Мансур НОДИРИЙ,
Афғонистон Ислом Республикасининг
Тинчлик масалалари бўйича вазири:

– Бу биз – афғонлар учун муҳим аҳамиятга эга воқеалардан бири ҳисобланади. Тўғри, биз ҳали мамлакатда тинчлик ўрнатиш йўлидамиз. Томонлар тинчлик мулоқотига рози. Зўравонликка чек қўйиш ва барқарорликка эришиш – бош мақсадимиз. Қувонарли томони шундаки, қўшни мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон бизга бефарқ бўлмай, бу жараёнда жуда фаол қатнашмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Афғонистоннинг муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ўзбекис­тон Президенти томонидан юртимизда тинчлик ҳукмрон бўлиши учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар, амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, афғон халқи фаровонлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.


Фавзия КУФИЙ,
Афғонистон парламенти депутати:

– Афғонистон ҳукуматининг музокаралар гуруҳи қарийб етти ой олдин тузилган бўлиб, ҳар бир масалани синчковлик билан чуқур ўрганишга ҳаракат қилди. Энг аввало, афғон халқининг демократик тамойилларидан бири бўлган сайлаш ва овоз бериш ҳуқуқини сақлаб қолиш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, айниқса, хотин-қизлар муҳофазаси масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Ушбу музокараларда ўзим аёл бўлганим учун афғон аёллари манфаатини ҳимоя қилиш, музокаралар гуруҳи вакили сифатида афғон халқи фаровонлиги учун муҳим масалаларни илгари сурмоқдаман. Шу ўринда Доҳа музокараларида Ўзбекистон томонининг ҳам фаол иштироки бизни қувонтирмоқда. Умуман олганда, кейинги йилларда Ўзбекистон билан яхши қўшничилик алоқалари ўрнатилмоқда.
Коронавирус пандемияси дунё иқтисодиётига жиддий зарар етказди. Пандемия даврида Афғонистонда ҳам кўплаб кутилмаган муаммолар туғилди. Ана шундай мураккаб даврда Ўзбекистон ўзининг Афғонистонга ҳақиқий дўст эканини яна бир карра исботлади. Расмий Тошкент Афғонистон билан чегараларни ёпмади. Бу озиқ-овқат маҳсулотларининг бизга кириб келишида катта ёрдам бўлди. Айни пайт­­да Ўзбекистон ташаббуси билан Мозори-Шариф-Қобул йўналиши ­бўйича темир йўл лойи­ҳаси амалга оширилмоқда. Марказий ва Жанубий Осиёни бир-бири билан боғловчи ушбу темир йўл Афғонистон иқтисодиёти ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшади.

Ботир ДЎСТУМ,
Афғонистон парламенти аъзоси:

– Шу вақтгача Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати вакилларининг бир стол атрофида рўбарў ўтириши катта бир масала эди. Томонлар тинч­лик йўлида катта бир даврада ўзаро музокараларни бошлагани муҳим воқеа саналади. Ўзбекистон Президенти Шавкат ­Мирзиёев томонлар ўртасида мулоқотнинг амалга ошишига катта ҳисса қўшди. Ўзбекис­тон – Афғонистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда улкан режаларга эга. Мана шу музокараларнинг йўлга ­қўйилишида ҳам Ўзбекистоннинг ҳиссаси катта бўлди, деб ўйлайман. Расмий Тошкент музокараларнинг нав­батдаги босқичини тарихий шаҳар – Самарқандда ўтказишни таклиф қилди. Бундан жуда мамнунмиз. Дунё шунга тарафдорки, Афғонистондаги тинчлик учун мулоқот зарур.

«Толибон» ҳаракати расмийлари
муносабати

Абдул Салом ҲАНАФИЙ,
«Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси аъзоси:

– Бугун барча афғонлар, қўшни давлатлар, дунё учун тарихий аҳамиятга эга кун саналади. Ўзбекистон муҳим қўшниларимиздан бири. Мамлакатингизнинг саъй-ҳаракатлари алоҳида эътирофга лойиқ. Минтақада тинчлик барқарор бўлиши учун кўплаб ташаб­буслар амалга ошириляпти. Ўзбекис­тон томони Афғонистоннинг ички ишларига аралашмайди. Иноқ, яхши қўшни сифатида ўзини намоён ­қиляпти. Биз ҳам шуни хоҳлаймизки, тинч­лик бўлсин. Ўзбекис­тоннинг Афғонис­тонга кўрсатаётган ёрдамини алоҳида эътироф этамиз.

Муҳаммад
Жаҳонгир ВОЛИД,
«Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси аъзоси:

– Биз Ўзбекистоннинг Афғонис­тон масаласи бўйича тутган ўрнини, жумладан, Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича юритаётган сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз. Чунки мамлакат раҳбарияти Афғонистон муаммосини ҳал этишда ўзининг самимий ва прагматик ёндашуви билан эътиборимизни қозонди. «Толибон» ҳаракати Ўзбекистоннинг Афғонис­тон бўйича илгари сураётган лойиҳаларини доимо қўллаб-қувватламоқда. Бу лойиҳалар афғон халқи учун жуда катта фойда келтиради ва мамлакатимизда тинчликни қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳаммад НАИМ,
«Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси матбуот котиби:
– Ўзбекистон Президентининг Афғонис­тон бўйича амалга ошираётган сиёсати бизни мамнун қилмоқда. Чунки Ўзбекистон ҳеч қачон Афғонистонга зарар етказадиган хатти-ҳаракатларни қилмаган, ички ишларига аралашмаган. Биз Ўзбекис­тонни ўзимизга дўст, яхши қўшни давлат сифатида кўрамиз. Ўтган йили «Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари Абдул Ғани Бародарнинг Ўзбекистонга сафари муносабатларимизда алоҳида ўрин тутади. Албатта, ўзбек халқининг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича эзгу интилиш­лари бизда катта таассурот қолдирди ва бундан жуда хурсанд бўлдик. Ўйлаймизки, бўлиб ўтган афғонлараро тинчлик музокаралари 40 йилдан ортиқ давом этаётган урушга якун ясашга йўл очади. Бу уруш афғонларнинг ўзлари тарафидан келиб чиқмаган, зўравонлик билан киритилган. Биз ҳам бу урушни хоҳламаган эдик. Ушбу музокаралар афғон халқига мақбул бўладиган, яхши ҳаёт кечиришни таъминлаб берадиган тизим яратишга ёрдам беради.

Абдулла АБДУЛЛА,
Миллий келишув бўйича
олий кенгаш раиси:

– Афғон халқи тинчликни истайди. Шу боис, мазкур музокаралардан умидимиз катта. Зўравонликлар ҳеч бир томонга наф келтирмайди. Бугун ҳар икки тараф ҳам буни англаб етган. Тинчликка эришиш қанчалик қийин бўлмасин, тарафлар муроса йўли билан жуда катта натижаларга эриша олади. Бу жараёнда Ўзбекистон афғон ­муаммоси ижобий ҳал этилиши учун ҳар томонлама кўмак бериб келмоқда. Афғонистонни ривожлантириш, иқтисодиётини қайта тиклаш учун расмий Тошкент ташаббуси билан йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мана, масалан, «Сурхон-Пули-Хумри» электр узатиш тармоғи қурилишини олайлик. Бу лойиҳа Афғонистоннинг чекка қишлоқларидаги оддий одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади. Ушбу ҳудудларга электр энергияси етиб бориши билан аҳолининг ҳаёти ўзгаради. Бу уларнинг соғлиғи, таълим олиши, бир сўз билан айтганда, турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Бундай мисоллар жуда кўп. Бугун Афғонистон ва Ўзбекистон чегаралари ҳам очиқ. Бу эса иқтисодий ва ижтимоий йўналишларда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш имконини бермоқда. Қандайдир муаммолар юзага келса-да, қисқа вақтда бартараф этиляпти. Бу жараён жаноб Президент Шавкат Мирзиёев назоратида. У киши афғон заминида барқарорлик ва фаровонлик бўлиши учун нимаики зарур бўлса, амалга оширмоқда. Бундай эътибор ва кўмак савдо-иқтисодий, саноат, транспорт-логистика йўналишлари ривожига хизмат қилмоқда ва бунинг учун Ўзбекистонга ташаккур деймиз.

Фредрек СТАРР,
АҚШ Ташқи сиёсат кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти
асосчиси ва раиси:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Доҳадаги Афғонис­тон бўйича учрашувда ўзбек томонининг муҳим роли билан табрикламоқчиман. Ҳақиқтан ҳам бу жуда муҳим воқеа ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонга яқинлашиш, уни яхши қўшни ва минтақанинг бир қисми сифатида кўришга қаратилган стратегиясининг бевосита натижасидир. Мен Ўзбекистоннинг ушбу учрашувлардаги ролига жуда оптимистик қарайман. Чунки мамлакатингиз Афғонистондаги вазиятни яхши билади. Ўзбекистон томони афғонларга яхши маълум ва уларнинг ҳурматига сазовор. Ишончим комилки, ушбу учрашув Ўзбекистон вакилларининг иштирокидан фақат ютади.
Ўзбекистон стратегияси бир неча йиллардан буён шу мақсадга қаратилган бўлиб, ўз самарасини бермоқда. Бу секин ва узоқ вақт давом этадиган жараён. Бир кунда содир бўлиши мумкин эмас эди. Лекин Ўзбекистон ўз қўшнилари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, олға илдамламоқда. Бу Марказий Осиёни тўлақонли мулоқотга яқинлаштиряпти. Шуни таъкидлашни истардимки, ушбу учрашувда Ўзбекистоннинг иштирок этиши мамлакат ва унинг раҳбариятига бўлган ишонч намунасидир. Қўшма Штатлар Ўзбекистонни учрашувда фаол иштирок этишга қўллаб-қувватлаётгани ҳам бунинг тасдиғидир.

Дурдона Алимова
тайёрлади

Бошқа хабарлар