Саломатлик посбонлари саёҳатда

64

Карантин қоидалари бир мунча юмшатилгани инобатга олиниб, бир гуруҳ жиззахлик тиббиёт ходимлари учун Хоразм ҳамда Бухоро вилоятларининг диққатга сазовор жойлари бўйлаб саёҳат уюштирилди.

Сайёҳлар дастлаб Урганч ва Хива шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари билан танишди. Хива шаҳридаги Ичан қалъа ­мажмуаси ҳамда Урганч шаҳрида жойлашган Ниёз Мухаммад охун бобо жомъе масжиди, Жалолиддин Мангуберди мажмуаси ва Авесто боғи меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
– Қадимий обидалар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилар эканман, беихтиёр қалбимда бой тарихимиз, буюк аждодларимиз қолдирган бетакрор меросдан фахр-ифтихор туйғулари жўш урди, – дейди Жиззах вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юристконсульти Миртозоқул Эргашев.
Саломатлик посбонлари, шунингдек, қадимий ва навқирон Бухоронинг қадимий обидалари Баҳовуддин Нақшбандий, Мир Араб мадрасаси, Масжиди Калон, Исмоил Сомоний мақбараси, Арк қалъаси, Лаби Ҳавуз мажмуаси, Ситораи Моҳи Хоса саройи каби бетакрор ва гўзал иншоотларга ҳам ташриф буюрдилар.
– Ушбу саёҳатни уюштирган касаба уюшмаларидан миннатдормиз, – дейди Фориш тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Гулбаҳор Сирлиева. – Меҳмонхонадаги шарт-шароит ва кечки маданий дастур ҳам барчамизни хушнуд этди.
– Бугунги синов даврида шифокорлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари фидойилик намуналарини кўрсатмоқдалар, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Жиззах вилояти бўйи­­ча масъул ташкилотчиси Мелитож Юсупов. – Коронавирус пандемия­­си даврида қатор соҳа ходимларининг ўз саломатлиги ва ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да, касалланганларни даволаш, карантинда сақланаётганларга хизмат кўрсатиш, умуман, касаллик юқиши ва тарқалишининг олдини олиш борасидаги ишларини миннатдорлик билан эътироф этмасликнинг асло иложи йўқ. Шундай тиббиёт ходимларининг 174 нафари Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларида бўлиб қайтдилар.

Бошқа хабарлар