ҲАЛОЛ МЕҲНАТНИНГ НОНИ ШИРИН

64

ёхуд чекка қишлоқдаги бахт фариштаси

«Осмон – олис, ер – қаттиқ». Иложсиз қолган паллаларда бу ибора кўп такрорланади. Аммо Гулчеҳра Қипчоқова инсон матонати, шижоати ва ҳаракати уни иложсизлик, имконсизлик­лардан омон-эсон олиб чиқишини исботлаган марди-майдонлар сирасига киради.

Чироқчи тумани Айритом ­қишлоғида яшаётган замондошимиз оиладаги етти фарзанднинг тўртинчиси, олти қизнинг учинчиси. Отаси Жуманазар ака бутун умрини лой чангаллаб, турли мавсумий ишларни бажариб ўтказгани, қолаверса, рўзғорнинг ҳам каттагина экани ёшгина Гулчеҳрани эрта улғайтирди.
– Мактабда 2-синфга кўчганимда онам пиширган сомсаларни сотишда акамга ёрдамлашганман, – дея эслайди Гулчеҳра. – Ўқишдан бўш вақтларда уйимиз ёнидаги касб-ҳунар коллежи ҳовлисида сомса сотардик. Икки опам мактабни тугатиши билан турмушга чиқиб кетди. Сингилларим ёш. Рўзғорнинг кемтиги эса ҳеч тўлай демайди. Шунинг учун отам, онам, акам ва мен тиним билмасдик. Иккита молга қарасак ҳам иш. Ҳовлимиздаги деҳқончилик юмушлари, фермернинг даласига пахтага чиқиш… Бу кундалик юмушларимиз эди. Афсусларким, кутилмаганда бахтсиз ҳодиса туфайли бир қўлимдан ажралиб қолдим. Ўшанда коллежда зўр иштиёқ билан ўқиётгандим. Жарроҳлик амалиёти пайтида кетма-кет «наркоз» олганим, қолаверса, тенгқурларимнинг орқаваротдан битта қўлим йўқлигини гапира бошлагани туфайли ўқишларимда сусайиш юз берди. Аммо ҳаёт тўхтаб қолмайди-ку. Мен жисмонан имкониятим чекланиб қолган бўлса-да, аслида кўп ишлар, фойдали ишлар қўлимдан келишини исботлашни истардим. Қалбим «Бўш келма, сен ногирон эмассан. Ортга чекинма, умидсиз бўлма» деб ҳоли-жонимга қўймасди…
18 ёшли Гулчеҳра шу тариқа ўз руҳиятини кўтара олди ва жўжабирдай сингилларини боқишда ота-онасига қарашишда давом этди.
– Беш йилдан буён воҳамизнинг чўл туманларига пахта йиғим-теримига ҳашарга бораман, – дейди у. – Қанча кўп терсам, оиламиз корига шунча яхши-да. Шундай экан, нега қараб туришим керак?! Шунинг учун жон-жаҳдим билан ишлардим. Масалан, ўтган йили бир кунда 130 килогача пахта тердим. 60 килодан кўп терганларга рағбат сифатида 1 литр ўсимлик ёғи беришарди. Мен эса меҳнатим ортидан кунига иккитадан ёғ олардим. Бир ой пахта тердим. Терим тугагач, уйга анчагина пул, бир дунё пахта ёғи билан ­қайтдим. Ёғлар бутун бир қишлигимизни кўтарди.
Бекор ўтиргим келмайди. Айниқса, пахта далаларида ҳашарчиларга яратилган қулай шароитлар, терим пулларининг пешма-пеш берилиши сабаб чидаб туролмадим. Пахталар қийғос очилган. Қолаверса, яхшигина пул тўлашгандан кейин терган сайин тергингиз келаверар экан. Ўтган йили энг кўп терганим 130 кило эди. Бу йил ғайратим жўшиб, энг кам терганим 130 кило бўлди. Баъзи кунларда 150 килогача пахта тердим. Худога шукр, меҳнатимиз муносиб қадр топяпти. Ўтган йили илғорлик кўрсатганим учун Миришкор тумани ҳокими электр печ билан мукофотлаганди. Бу йил вилоятимиз ҳокими Зоир Мирзаев телевизор билан тақдирлади.
– Тўрт мучаси соғ одамлар 100-120 кило пахта теришини эшитганмиз. Сиз 150 килони қандай теряпсиз? Бунинг бирор сири борми? – сўрайман Гулчеҳрахондан.
– Илгари икки қўлим билан 200 килогача терардим, – дейди у. – Бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Терим пулининг вақтида берилиши, қанча кўп терсангиз, оилангизга шунча даромад келтириши ишимизга унум беради. Бир қўлим бўлмаса-да, кам пахта тера олмайман. Кам терсам, худди биров менинг имкониятим чекланганини юзимга солаётгандай бўлаверади. Бир куни сал мазам қочиб 60 кило пахта тергандим, ўзимни жуда ноқулай ҳис қилдим. Анча хижолат чекдим.
Юртимизда хотин-қизларга яратилаётган шароитлар, уларга берилаётган имтиёзлар бошқа ҳеч бир мамлакатда бўлмаса керак. Масалан, кам таъминланган оилалар вакили бўлган хотин-қизларга олий ўқув юртларига кириш учун маълум бир имтиёзлар ҳам жорий этилди. Ана шу имтиёзлардан фойдаланган Гулчеҳра Қипчоқова бу йил Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиалига ҳужжат топшириб, тест синовларидан ҳам яхши ўтди ва «Мактабгача таълим» йўналиши бўлимига талабаликка қабул қилинди.
Болалигимда шифокор бўлишни орзу қилардим, – дейди Гулчеҳра. –Аммо ҳозирги танлаган соҳам ҳам ёмон эмас. Университет филиалида яхши ўқиб, малакали мутахассис бўлмоқчиман. Биз яшайдиган Айритом қиш­лоғида болалар боғчаси йўқ. Ўқишни тугатиб, балки қишлоқда мактабгача таълим ташкилоти ишларини ҳам юргизарман. Юрагим орзуларга, иштиёққа тўла…
– Гулчеҳра қизим бошқа опа ва сингилларидан анчайин фарқ қилади, – дейди онаси Ирис опа Каримова. – Ҳеч ўзини ногиронман, демайди. 30-40 нафар қиздан иборат бригада тузиб олган. Эрта баҳордан бошлаб ғўзани чопиш, ўташ, ягана қилиш, ғўза чилпиш каби ишларни бажариб, фермерларнинг оғирини енгил қилмоқда. Кунликда ишлагани учун 40-50 минг сўм иш ҳақи олган қизлар ҳам рўзғорига озгина бўлса-да, наф келтиришяпти. Ҳозир ишламаса бўларканми?
Айниқса, карантин даврида ҳар бир рўзғорда қийинчилик кузатилди. Қизим Гулчеҳра эса ўзининг тиниб-тинчимаслиги билан шу синовли кунларда отасига, акасига кўмакчи бўлди.
«Инсон меҳнати ортидан бахтга эришади» деган ҳикмат рост экан. 23 ёшли Гулчеҳра меҳнат қилиб, оиласига, меҳрибон ота-онаси-ю, сингилларига ва яна ўзининг беғубор ҳаётига-да ёруғлик улашмоқни мақсад қилган.
– Ойнаи жаҳонда кўриб қоламан. Пул топиш йўлида ҳаётнинг енгил йўлларига кириб кетган, бот-бот ножўя ишлардан қайтмаётган опа-сингилларимизни. Аслида ана шундай маънан ожиз кимсаларни, танбаллик этагини тутган одамларни ногирон, деб ҳисоблайман, – дейди куюнчаклик билан қаҳрамонимиз. – Акам «Ишлама» ­дейди. Нега ишламай ахир!? Отам ёши элликдан ошиб, умр бўйи лой чангаллаб ўтди, ҳозир олдинги шижоати йўқ. Уям бир этак болани катта қиламан, деб чарчади. Акамнинг ҳам икки боласи, рўзғори бор. Бу ёқда уч хонали лойсувоқ ­уйимизни таъмирлашимиз керак. Сингилларим мактабда ўқийди. Уларнинг ҳам кийим-кечаги бор. Бу ёғи пандемия сабаб нарху-наво кўтарилиб кетди. Шунинг учун фақат меҳнат қилиб, бу ташвиш­ларни енгиллатиш мумкин, деб ўйлайман. Қолаверса, ҳалол меҳнатнинг нони ширин бўлади.
Биз матонатли қизга олдиндаги пок орзуларига эришишида омадлар тиладик ва меҳнатсеварлиги ортидан тилларга тушишга лойиқ бу беғубор қиздан бошқа замондошларимиз ҳам ўрнак олишини жуда-жуда истадик…

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар