«ДАВРНИНГ ШАҲДИДАН ИЛҲОМ ОЛАМАН»

83

Йўл юрган йўловчи бир манзилга етгач, ортга қарайди. Бир босиб ўтган йўлини сарҳисоб қилса, бир борар манзилини кўзлайди. Инсон умри ҳам йўлга ўхшайди. Ҳар бир довон ошилганда, шу ҳолат ­такрорланади. Қандай яшадим, нималарга эришдим, бошга тушган синовлар қандай енгиб ўтдим, деган саволларга жавоб излайди.

Олтмиш ёш – ана шундай улуғ довонлардан бири. Кимдир бу довонда ортга узоқроқ тикилиб қолади – ёш ўтди деб ҳисоб­лайди. Кимдир эса ҳамон шаҳд-у шижоат билан янада юксак марраларни кўзлайди. Айни дамда айтиш мумкинки, бу довон донишмандлик даври ҳамдир. Мақсадни улуғ қўйганлар ана шу донишмандлик билан янги довонлар сари дадил одимлаб кетади.
Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациси раиси ўринбосари, «Дўстлик» ордени соҳиби Сайфулла Аҳмедов тимсолида биз бунга амин бўламиз.

– Сайфулла ака, вақт ҳақида фикрларингиз? Кўнглингиз тўладими умрни сарҳисоб этганда?..

– Бежиз умрни оқар сувга менгзашмас экан. Буни қарангки, «хаш-паш» дегунча ­олт­мишни қоралабмиз. Энди ўйга толаман: Хўш, шу умрим давомида нималарга эришдим? Эришганларимдан кўнгил тўлдими ёки умримни беҳуда ўтказдимми, деган саволлар мени қийнайди.
Ирригация институтига талабаликка қабул қилинган йилларимдан то бугунги кунгача, айтиш мумкин бўлса, қайноқ жараёнларда юрибман. Умр сўқмоқларида қалби қайноқ тафтдан ёнидаги дўст-у ёронининг-да қалбини жўштириб юбора оладиган, бир сўзда айтса, Ватан учун туғилган одамларга ёндош қилиб яратганига Аллоҳга беҳисоб шукурлар қиламан. Яхши ўқитувчилардан, бебаҳо устозлардан улгу олдим. Бугун шукр билан айтаманки, кам бўлганим йўқ.
Шу билан бирга, тўғри гап шуки, ҳамиша ҳам одам қарорни тўғри қабул қилиши қийин экан, шу маънода бундан ўн беш, йигирма йил олдин қилган баъзи ишларимга бугунги салоҳиятим ва дунёқарашим билан қарасам, бироз шошгандек, бироз тезоблик қилгандек бўлган жойларим ҳам йўқ эмасдек туюлади. Мана шуниси билан қизиқ эканда бу ҳаёт деганлари…
Охирги тўрт йил эса мен учун ўзгача шиддатли кечган давр бўлди. Бу Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг жамият ҳаётидаги тобора фаол иштироки, зиммасига олаётган улкан ишларида озми-кўпми иштирок этаётганим билан боғлиқ. Даврнинг шаҳдидан илҳом ва қувват олиб, йигитлардек ғайрат ва шижоат оғушидаман. Мен айни дамдаги ҳолатимни шундай тарифлаган бўлардим.

– Кейинги йилларда касаба уюшмалари фаолиятида кескин жонланиш кузатилмоқда. Ўтган бир неча йил ичида кўп­лаб халқаро анжуманларнинг ўта юксак даражада ташкил этилгани, жамиятдаги ушбу энг йирик жамоат ташкилотининг ижтимоий лойиҳаларга тобора кўпроқ кириб бораётгани ҳам барчанинг диққат марказида. Федерация хотин-қизлар муаммолари билан ҳам изчил ва тизимли шуғуллана бошлади. Сиз ҳам бу жараёнлардан четда турганингиз йўқ. Айтингчи, айниқса, аҳолининг ижтимоий муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш борасидаги ишлардан нечоғли қониқяпсиз?

– Биласизми, бугун давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарларининг халқнинг ичига кириб, унинг дардига қулоқ солиши, ариза ва шикоятларни ҳал этиши одатий ҳолга айланди. Бу бир тарафдан яхши. Чунки бу ишлар ўша оддий, узоқ йиллар дард-у ташвишлардан қутулолмай яшаган минглаб одамларга ҳам руҳан ва ҳам маънан далда бўлмоқда. Иккинчи тарафдан, бу Президент Мирзиёевнинг ўзига хос ташриф қоғози бўлиб, жамият таомилига кирди. Эсланг: «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак!»
Бу борада касаба уюшмалари қилган ишлар ҳам кўп. Федерация айни шу таомилни фаолиятга 2017 йилнинг январь ойида Самарқандда ўтказган анжуманда бошлаган эди. Кейин уни турли қарор ва фармонлар, Ишчи гуруҳлари фаолияти шаклида давом эттириб келиняпти. Бунинг натижасида минглаб хонадонлар бу эзгу ишлардан манфаат топди. Энг муҳими, бу тадбирлар одамларнинг ҳаётга муносабатларини, эртанги кунга, давлатга, атроф­дагиларга ишончни ўзгартирди. Булар ўз-ўзидан ва осонгина бўладиган ишлар, натижалар эмас.
Мени бир нарса кўп ўйлантиради. Мана шу жараёнда дуч келганимиз – жуда кўпчилик аҳоли берилаётган ёрдамни минг истиҳола билан қабул қилади, яна денг, шукур қилади, тезгина ундан фойдаланиб оёққа туриш тадоригини кўради. Минг афсуски, ҳаётда бунинг бошқача шаклини ҳам кўп кўрдик. Шу боис, Президентимиз қўяётган талаблардан бири –одамларга тайёр балиқ эмас, уни тутиш йўлларини ўргатиш, қармоқ бериш керак, деган­фикрда жуда катта маъно бор.
Ўзбекистон касаба уюшммалари Федерацияси, ҳурматли раисимиз Қудратилла ­Рафиқов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари юртимизнинг турли ҳудудларида ўша чор-ночор кун кечираётган юзлаб аёллар, оилаларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга яқин дарддош, кўмакдош бўлаётгани ижтимоий ҳаётда муҳим воқелик саналади.
Шу жараёнларда шахсан ўзим ҳам қатнаш­дим. Нафақат олис, балки пойтахтдаги айрим ёрдамга муҳтож аёлларни кўриб, уларнинг дард-дунёсига қулоқ тутиб, чиндан ҳам кўпчилигимизнинг оёғимиз ердан узилиб қолган экан, деган хулосага келдим. Томи йўқ, тагида гилам у ёқда турсин, ҳатто солишга шолчаси йўқ, уйда беш нафар вояга етмаган фарзанди билан яшаётган, оғир дардга йўлиққан фарзандиини даволатиш учун шу бошпанасидан ҳам кечишга тайёр турган аёлларни кўрганда, очиғи, юрагим ларзага келди. Президентимизнинг «Халқ қалбини тинглаш керак» деган даъватида қанчалар катта маъно борлигини англаб етдим…

– Ўтган йили «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги янги қонун қабул қилинди. Бу эса, шак-шубҳасиз, соҳада тарихий воқеа бўлди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши соҳага қандай янгиликларни олиб киради?

– Аввало, қонун учун катта бир эҳтиёж йиллар давомида етилиб келганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Соҳани тартибга солувчи қонунларнинг қабул қилинганига кўп йиллар ўтгани боис, улар бугунги давр нуқтаи назаридан талабга жавоб бермай қолгани кундай аён эди. Шу маънода, ушбу қонуннинг ­лойиҳаси «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарида эълон қилиниб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлгани ҳам бежиз эмас. Шаҳар бирлашмаси барча фаол соҳа ходимлари билан ушбу ­лойиҳани кенг муҳокама қилиб, ўнлаб таклифлар берди. Энг муҳими, бу ташаббус самарасида халқаро жамоатчилик эътирофига муносиб топилган мукаммал қонунчилик базамиз пайдо бўлди.
Янги қонун, мухтасар айтганда, касаба уюшмаларининг бугунги жамиятдаги реал ўрни, салоҳияти, фаолиятига мос ҳужжатга айланди.

– Яқинда Президентимизнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган анжуманда қилган мурожаати кўпчиликнинг диққат марказида турибди. Бу фақатгина ўқитувчи ёки устозларга йўлланган мурожаат бўлмади, балки унда ҳар бир жамият аъзоси учун айтилган муҳим фикрлар, керак бўлса эслатмалар, топшириқлар ҳам мужассам топган десак, муболаға бўлмайди. Сиз бу маърузадан қандай хулосалар қилдингиз?

– Очиғи, бу саволдан беихтиёр ёшлигим эсимга тушиб кетди. Ўша вақтларда оила даврасида ҳамма жамулжам бўлмаса, дастурхонга овқат тортилмасди. Ота-онамиз ўқитувчиларимизнинг ҳар бирининг исм-шарифини ёддан билган. Таълим-тарбияга жиддий эътибор берган. Ўғил-қизининг ҳар бир қадамидан хабардор бўлган. Халқона ибора билан айтганда, бир болага етти маҳалла ота-она бўлган.
Нега? Чунки ҳаммаси оиладан бошланади. Президентимиз агарким эртанги кунимизни ёруғ ва фаровон, равшан бўлишини истар эканмиз, боалаларни илмли, маърифатли, тарбияли қилиб вояга етказишнинг нечоғли муҳим шарт эканини қатъий қилиб кун тартибига қўйди. Ўзбекистон раҳбари дунё пандемия балоси билан овора бўлса-да, дунё талотўп­лар гирдобида қолаётган таҳликали давр­­ни бошдан кечираётган эса-да, эртанги кунга одамларни ишонч билан бошламоқда. Кўзингизни очинг, фарзандингиз, набирангизга илм беринг, унинг эртанги кунига бефарқ бўлманг, деяпти. Боланинг истиқболи отанинг ғурури, онанинг тарбияси билан тўлақонли бўлишини айтяпти.
Айни мана шу талабни ҳаётга олиб киришимиз керак. Биз йиллар давомида жуда кўп нарсани йўқотдик. Миллий мафкура, миллий уйғониш, миллий тарбия масалаларида…

– Ўзингизнинг мисолингизда бу ҳолатлар қандай акс топган?

– «Қуш уясида кўрганини қилади» деганларидек, мен ҳам худди ота-онам сингари фарзандларим тарбиясига катта эътибор қаратдим.
Афсуски, ҳозир ҳамма оилада ҳам шундай деб бўлмайди. Айрим ота-оналар фарзандининг ўқитувчиси тугул, қайси мактабда ўқишини ҳам билмайди. Дўсти ким, қаерга боради, нима иш қилади – иши йўқ. Аксариятимиз моддий ҳаёт билан ўралашиб қолдик. Аслида ҳар бир ота-она фарзандининг тарбияси билан жиддий шуғулланиши керак. Зотан, буюк мутафаккир Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир». Шундай экан, бугунги шиддатли даврда фарзандларга ниҳоятда эътиборли бўлишимиз зарур. Чунки ҳар бир ота-она кексайганда фарзандига суянади. Унинг ширин сўзига, меҳрига маҳтал бўлади. Улар билан қанча кўп вақт ўтказсак, шунча яхши.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Сайфулла АҲМЕДОВ

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»

Таҳририятдан: Сайфулла Аҳмедовни кўпчилик «далли-ғулли одам», ­дея таърифлайди. Бу хислати самимияти билан янада чиройли кўринади. Федерациядагилар Сайфулла Норматовичнинг бирор ишни чала ташлаб қўйганини эслолмайди. Унинг эътиборчил одамлиги эътиборни тортади. Ходимлар раҳбарнинг бугунги аччиқ гапни эртага унутиб юборадиган, кек сақламас раҳбарлари борлигидан хурсанд. Янаям муҳими, оилапарварлиги ҳавас қиларлик.
Унинг фаолияти давомида амалга оширган эзгу ишлари, хайрли ташаб­буслари, умр йўлидаги матонат ва саботини кўриб, унга беихтиёр ҳурматингиз ошади.
Олижаноб инсон, самимий дўст, касаба уюшмалари фидойиси Сайфулла Аҳмедовнинг навқиронлик фаслида унга мустаҳкам соғлик, юрт равнақи йўлидаги ишларида куч-қувват тилаб қоламиз. Донишмандлик даври муборак!

Бошқа хабарлар