Шижоатга ундаган ташаббус

70

Янгиерлик Фотима Маликова тиббиёт ҳамшираси бўлиб ишлаб келаётган эди. Турмуш ўртоғининг сурункали касалликка чалиниб, меҳнат қобилиятини йўқотгани уни бирдан улғайтирди. Катта рўзғорда икки нафар ёши улуғлар, 3 нафар фарзанд бор. Топган-тутгани тиббий кўрик, дори-дармонга сарфланиб, қозон ҳам тузукроқ қайнамай қолди.

Ана шунда ўсмирлигида тикув курсида ўқигани, ўрганган ҳунаридан фойдаланиш фурсати етганини тушунди. Уйдаги қўл машинаси билан тикишни бошлаб юборишга жазм этди. Лекин тикув учун дурустроқ шароит топа олмади. Қолаверса, алоҳида хона ажратилмагани учун мижоз келмаслигини ўйлаб, боши қотди. Бунинг устига бемори бор – «тақ-туқ»и билан беҳол қилгиси келмади. Мана шундай паллада касаба уюшмалари ажратаётган кредит ҳисобига фаолиятини кенгайтираётган якка тартибдаги тадбиркор раҳбари Ойгул уни қўшимча иш билан таъминлади.
– Болалигимда бувимдан тикиш-бичиш ҳунарини ўргандим. Тикканим сайин қизиқишим ҳам ортаверди. Шаҳар марказида кичик жойим бўлишини, ишимни кенгайтиришни истадим, – дейди Ойгул Мавлонова.

Шу каби ниятлар билан тадбиркорлик остонасига қадам қўйган Ойгул дастлаб якка тартибдаги тадбиркор мақомида иш бошлади. 30 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағи орзуси ушалиши учун муҳим омил бўлди. Ёнига олган 5 нафар қиз билан бу ерда тўй ва никоҳ маросими учун либослар, махсус кийим, болалар либослари тикишни йўлга қўйишди.
Ойгул чинакам тадбиркор бўлиб чиқди. Фаолиятини кенгайтириш, тайёр маҳсулотларини бозор дўконларида сотиш, маҳсулот турини кўпайтиришни мақсад қилди. Табиийки, ишловчи аёллар сони ҳам сезиларли даражада ортди.
Ойгулнинг лойиҳаси истиқболли деб топилиб, унга Касаба уюшмалари Федерациясининг хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли дастури асосида 200 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
– Ишхонамизга янги тикув машиналари келтириб, яна 10 та иш ўрни яратиб, 15 нафар опа-сингил бирга ҳамжиҳат меҳнат қиладиган бўлдик, – дейди Ойгул Мавлонова. – Тиббий ниқоб, ҳимоя кийимлари, кўрпа-тўшак маҳсулотлари тикишни режалаштирдик.
Эндигина 30 ёшни қаршилаган синглимиз тадбиркорликда янги поғонага кўтарилгани, «FARANGIZ-FAZLIDDIN TEXTILE» МЧЖ эгаси бўлганини айтиб, севинчига бизни ҳам шерик қилди.
Касаба уюшмаларининг 300 миллион сўмлик кўмаги билан шаҳарда «Нозигул нафис гуллари» МЧЖ ҳам иш бошлади. Бу ерда мебель ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ускуналар хориждан келтирилмоқда. Янги 10 та иш ўрнида эркаклар ва аёллар иш бошлайди. Тадбиркор Нозигул Жонжигитова иш юритиш бўйича малакани водий корхоналарида оширгани, бундай фаолиятда аёллар ҳам бемалол ишлай олишини таъкидлади.
– Бир қарашда аёллар бандлигини таъминлаб бўлмайдигандек туюлади. Бироқ, мижозлар дидини ўрганиш, мос дизайн яратиш ва танлаш, безак ва бўёқ бериш ишларида аёлларимизнинг диди анча нозик эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак.
Кези келганда, вилоятда аниқланган ишсиз аёлларга жами 135, 8 миллион сўмлик тикув машинаси, маиший техника воситалари ва чорва моллари олиб бериш билан 178 нафар хотин-қизнинг банд­лиги таъминланганини ҳам айтиб ўтишни жоиз, деб билдик.
Айни пайтда касаба уюшмаларининг маблағлари ҳисобига вилоятнинг Янгиер шаҳри, Боёвут ва Сирдарё туманларида ҳам тадбиркорликка имтиёзли кредитлар ажратилиб, тикувчилик, мебель ишлаб чиқариш, қандолатчилик, ёғоч ўймакорлиги, қадоқланган сув ишлаб чиқариш, балиқчилик йўналишларида қўшимча 105 та иш ўрни яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Касаба уюшмаларининг ушбу ташаббуси яна қанчадан-қанча кишиларни чинакам шижоатга ундашига шубҳа йўқ.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар