«Касаба уюшмалари устозларга»

76

Шу кунларда «Касаба уюшмалари устоз­ларга» акцияси доирасида Қашқадарё вилоятининг туман ва шаҳарларидан келган 34 нафар таълим фидойиси «Қашқадарё соҳили» санаторийсида ҳордиқ чиқармоқда. Биз сиҳатгоҳда бўлиб, устозларнинг таассуротлари билан қизиқдик.

– Мен яшайдиган Абди қишлоғи Яккабоғ тумани марказидан салкам 50 километр олисда, тоғлар қўйнида жойлашган, – дейди дам олувчи Абдишукур Бухоров. – Шу қишлоқдаги 88-мактабда 40 йилдан буён ишлайман. Ўттиз йилки, таълим муассасасида директорман. Аммо ўйлаб кўрсам, бирор марта ҳам санаторийда дам олмаган эканман. Яқинда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Яккабоғ тумани кенгаши раиси Алишер Хонназаров «Сиз ҳам бир дам олинг. Касаба уюшмалари педагогларни бепул дам олдир­япти», деб қолди. Келганимиздан тиббий кўрикдан ўтказишди ва муолажаларни ­бошлаб юборишди. Бу ерда Қашқадарё вилояти касаба уюшма фаоллари билан учрашув ҳам бўлди. Байрамона тадбир уюштирилиб, устозларга совға-саломлар тақдим этилди. Санаторийдаги саранжом-саришталик, ходимларнинг меҳрибонлиги, хилма-хил муолажалар сабаб гўё ёшаргандек бўлдим, куч-қувватга тўлдим. Билдимки, инсон вақти-вақти билан шундай дам олиш масканларида ҳам ҳордиқ чиқариб туриши керак экан.
– Ёшим 63 да, – дейди яккабоғлик педагог Шавкат Газизов. – 21-мактабда жисмоний тарбия фанидан дарс бераман. Мен ҳам шу вақтгача сиҳатгоҳда дам олмаган эканман. Невропатолог Элдор Рўзиев текшириб кўриб, зарур муолажаларни белгилади. Ҳозир бошимдаги ғувиллашлар йўқолди. Дам олувчилар ҳам бу ердаги спорт майдончаси, тренажёр залидан унумли фойдаланишмоқда. Санаторий жуда ёқди. Шунинг учун энди турмуш ўртоғимни ҳам шу ерда дам олдирмоқчиман. Кексайган чоғимда қадр топдим. Бунга ўз ҳиссасини қўшган барча-барчага чин дилдан миннатдорлик билдираман.
– Биз Китоб туманидан келдик, – дейди Нигора Сатторова. – Хоналардаги қулайликлар, бош шифокордан ҳамшираларгача, барча ходимларнинг ўз ишининг ҳақиқий устаси экани бизни бағоят қувонтирди. Гўзал табиат руҳиятимизга кўтаринкилик бахш этади.
– Бошим оғрир эди, – дейди Китоб туманидаги 12-мактабнинг физика фани ўқитувчиси Дилфуза Қувондиева. – Асабларим толиққан эди. Муолажалар, хилма-хил маданий-маърифий тадбирлар, ошхонадаги парҳез ва дармонга бой, мазали таомлар сабаб чарчоқларим тарқади. Ўзимни қушдек енгил ҳис қиляпман.
– 43 йилдан буён Миришкор туманидаги 9-мактабда ўқитувчилик қиламан, – дейди галдаги ҳамсуҳбатимиз Ҳасан Сафаров. – Бу ерда воҳанинг барча туманларидан, қолаверса, Қарши давлат университети ҳамда Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтидан келган ўқитувчилар билан биргаликда ҳордиқ чиқармоқдамиз. Ҳамкасблар билан фикр алмашяпмиз. Рост, кўпгина санаторийларда дам олганман. Аммо «Қашқадарё соҳили»да амалга оширилган бунёдкорлик ва таъмирлаш ишларидан сўнг шароитлар тубдан ўзгаргани шундоқ кўзга ташланиб турибди. Сиҳатгоҳда ҳар оқшом маданий тадбир уюштирилади. Кундузги пайт, муолажадан бўш вақтларда Қарши шаҳри ва яқин туманлардаги ­зиёратгоҳ қадамжоларга саёҳатлар ташкил қилинаётгани ҳам айни муддао бўляпти. Дам олувчилар ҳам ўз саломатликларини тиклашяпти, ҳам саёҳат қилиб, ўтмишимиз, алломаларимиз ҳақида бой таассуротларга эга бўлишаётир. Масалан, ҳар қандай ҳамюртимиз Абу Муин ан Насафий ва Абу Убайда ибн Ал Жарроҳ каби аждодларимиз мақбарасини зиёрат қилишни хоҳлайди. Санаторий маъмурияти уларга ана шундай имкониятни тақдим этишди…
Тан олайлик, фидойи ўқитувчиларимиз камдан-кам ҳолларда ўзларини ўйлашади. Дам олишга ё вақтлари бўлмайди ёки имконият. ­Фикримизча, шундай паллада уларни бепул дам олдириб, устозларга соғлигини қайтараётган, улкан шижоат ва шиддатини манбаини тақдим этаётган ажойиб акциянинг бундан буён ҳам давом эттирилиши кўпнинг дилидаги гап десак муболаға бўлмас.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар