Юрак – барча аъзога тиргак

61

Юрак шунчалар муҳим аъзоки, бутун организм фаолияти у билан чамбарчас боғлиқ. Бирор нохуш ҳодиса юз берганда ёки киши қаттиқ хафа бўлса «юрагига олди» ибораси ишлатилганидек, танадаги ҳар қандай муаммо билан ушбу аъзо курашади, изтироб чекади, азобланади. Юрак хасталиклари келиб чиқишининг сабаби ҳам шунда.

ТАНАНИНГ АСОСИЙ ҲАМКОРИ

Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарида бу қонуният бир жумла ила ифодаланган, «Юрак бошқа аъзоларга ҳамкорлик қилади». Маълумот берилишича, жигар кучсизланса, юракка озиқ юборолмай қолади ва юракда дард бошланади. Чунки муаммоли жигар юракка иссиқ ёки совуқ, қуюқ, мухтасар айтганда, ёмон қонни юборади. Мия кучсизланса, нафас олувчи мушак қийналади ва бунда ҳам юрак зўриқади. Зотилжам ва ўпка яллиғланишидаги хилтлар, гижжалар, кўп қусиш ҳам юрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Юракнинг аҳволини 8 та омил – томир уриши, нафас, кўкракнинг тузилиши ва кўкракдаги мўйлар, бадан ҳолати, кучли ёки кучсизлик, холлар, хулқ, турли хаёллардан билиш мумкин. Кишининг бетоқат бўлиши нафас олиш жараёнига зарар етказади. Шодлик, орзу, яхши умидларга мойиллик юракнинг бақувватлигини ­англатади. Хафа қилиш, азобланишга яқин хаёллар, қўрқиш, ғамгинликка мойиллик эса аксинча ҳолатдан даракдир.

Мизож ҳақида

Сиз кишининг мизожи, иссиқ мизож ва совуқ мизож инсонлар ҳақида эшитгансиз, албатта. Буни қарангки, юрак ҳам иссиқ ва совуқ мизожли бўлади. Юрак мизожи совуқ бўлса, киши тез ғазабланмас, гинахонликка мойил бўлади. Юраги иссиқ мизожга мансуб кишиларнинг кўкраги мўйли, гавдаси қуруқлиги билан ажралиб туради.
Юрак хасталигининг белгилари: заифлик, хафақонликнинг пайдо бўлиши, ҳушдан кетиш, томирнинг тез уриши, нафас кетма-кетлиги, ташналик, салқинда роҳатланиш, баданнинг умумий озиши, қўрқиш, ғамгинлик ва беҳузурлик.
Юрак касалликларини даволашда дам олиш, кам ҳаракат қилиш, сув ичиш, кўп ухлаш, мўътадил бадантарбия, пешоб ҳайдовчи воситалар ёрдам беради. Юракни даволовчи табиий воситаларга ёқут, феруза, олтин, кумуш, мушк-у анбар, ипак, марварид, маржон, қизил гул, олма, кашнич киради.

Хафақоннинг сабаби

Қолаверса, хафақон касаллиги замонавий тиббиётда гипертония, яъни артериал қон босимининг кўтарилиши деб юритилади. Асарда унга «юракда пайдо бўладиган учганга ўхшаш бир ҳаракат» дея таъриф берилган. Юракка азият берувчи ҳар қандай нарса хафақонни пайдо қилиши мумкинлиги таъкидланган.
Унинг сабаблари асосан хилт, мизож, шиш, қаттиқ ҳиссиётга бориб тақалади. Вақтида даволанилмаса, ҳушдан кетиш ва ҳатто ҳалок бўлишга олиб келади.
Хафақон тинкани қуритадиган оғриқдир. Унда томир нотекис уради, сўлак оқади, кишини ғамгин, ташвиш­ли кайфият чулғаб олади. Бемор овқат миқдори ва сифатини меъёрда ушлаши, енгил овқатлар еб, юракни кучайтирувчи дорилар ичиши лозим. Турп суви, тарвуз эти, дарахт пўкаги, олма, беҳи, нок, арпа, янги соғилган сутни наҳорда қабул қилиш наф беради. Хафақонга чалинганлар хушбўй нарсаларни ўзи билан бирга олиб юриши, вақти-вақти билан ҳидлаб туриши лозим.

Дурдона АЛИМОВА
тайёрлади

Бошқа хабарлар