ЭЗГУЛИК БАРҲАЁТ

75

Навоий вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси, «Шуҳрат» медали соҳибаси Назира Тоғаева билан суҳбат

– Назира опа, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар турмушимизни тубдан ўзгартирганини бугун халқаро жамоатчилик ҳам тан олмоқда. Тараққиёт сари дадил одимлар истиқболимиз янада порлоқ эканидан далолат бераётир. Суҳбатимиз бошида шу ҳақда фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?

– Ҳозир бизнинг юрт равнақи учун амалга оширилган бир кунлик ишимиз ёки бир лаҳзалик ғалаба нашидамиз эртанги авлодлар қўлига улкан бир китоб бўлиб етиб боришига заррача шубҳа қилмайман. Синчковлик билан мушоҳада қиладиган бўлсак, юртимизда ўзгармаган, янгиланмаган соҳа қолмади ҳисоб. Энг муҳими, инсоннинг қадр-қиммати ошди. Ҳақ-ҳуқуқларимизни таний бошладик.
Мени беҳад қувонтираётган ўзгаришлардан бири шуки, жамият қўрғони ҳисобланмиш оилаларга файз-у барака, тинч-тотувлик, маънавий юксаклик кириб келмоқда. Ажримлар сони камайди, тирик етим қолаётган гўдакларнинг юз-кўзларида беғубор табассум пайдо бўлди. Мен ҳам аёл, ҳам она сифатида бу ҳолдан ҳар қачонгидан-да кўпроқ куч-қудрат, баҳра оляпман.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­сида хотин-қизлар муаммолари бўйича ташкил қилинган «Ишонч телефони»га сўнгги йилларда Навоий вилоятидан 1890 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг барчаси тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда назоратга олинди. Ушбу мурожаатларнинг 81 фоизи тўлиқ ўрганилиб, муаммолар ҳал қилинди.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 406 нафар хотин-қизга касаба уюшмалари ва ҳамкор ташкилотлар қисқа даврда 854,2 миллион сўм ­маблағ моддий ёрдам сифатида берди. 312 нафар опа-сингилларимизга уй-рўзғор ишларида фойдаланиладиган маиший-техника воситалари тақдим этилди. 45 нафар замондошимизнинг уй-жойи қурилиши ва таъмирланиши учун 354,5 миллион сўм пул ажратилди.
Республика ишчи гуруҳи ташаббуси билан 110 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш мақсадида Нав­баҳор туманида 3 та йирик янги бизнес ­лойиҳа учун 2 миллиард 100 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди. Навоий вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси, унинг қуйи тармоқлари кейинги 5 йилда аҳолини қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш, мажбурий меҳнатдан озод қилиш, тўланмай қолган иш ҳақларини ундириш, иш берувчилар билан тузилган шартнома шартлари бажарилмаслигига йўл қўймаслик, бизнес лойиҳаларни моддий рағбатлантириш ва айнан шу масалага бошқа жамоат ташкилотларини жалб этиш борасида қилинган ишларнинг, уюштирилган тадбирларининг салмоғи анчайин катта бўлди. Бироқ ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Бу, демакки, янада тиғиз ишлашимизга тўғри келмоқда.

– Кейинги йиллар касаба уюшмалари фаолиятига катта ўзгаришлар олиб кирди. Хусусан, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Бу йил эса барча даражадаги касаба уюшма ташкилотларида ҳисобот-сайловлари ўтказилди. Табиийки, ушбу ижтимоий-сиёсий воқеалар соҳа мутасаддиларидан фаолиятга янгича ёндашишни талаб этади.

– Шундай бўляпти ҳам. Янги қабул қилинган қонунга кўра, ҳар бир касаба уюшма ташкилоти фақат моддий ёрдам кўрсатадиган, дам олиш учун йўлланмалар тақдим этадиган, турли тадбирлар ўтказадиган идора эмас, балки халқимизнинг, ҳар бир аъзонинг ҳақиқий ҳимоячисига, кўмакчисига айланиши лозим. Аввалги қонун бундан 27 йил илгари қабул қилинган эди. У пайтларда Навоий вилоятида кўпи билан 1300 та корхона ва ташкилот рўйхатга олинган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони ўн баробарга ошди. Шунга яраша касаба уюшма ташкилотлари зиммасига юкланган вазифалар салмоғида ҳам ўсиш кузатилди. Янги қонун шу ва шунга ўхшаш масалаларни том маънода қамраб олган. Шунинг­дек, у эскисига қараганда уч баробар катта қамровга эгалиги билан ҳам аҳамиятлидир. Қонун кучга киргач, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си меҳнат инспекцияси иш бошлади. Вилоятларда ҳам ушбу инспекциянинг фаолияти илк натижаларини бера бошлади.
Яқинда бўлиб ўтган ҳисобот-сайловлари борасида шуни айтишим мумкинки, тизим таркибида катта ўзгаришлар юз берди. 1361 та бошланғич касаба уюшма ташкилотида ҳисобот-сайловлари ўтказилиб, уларнинг 160 тасида янги раислар сайланди. Уларнинг 57 нафарини аёллар ташкил қилса, аксарияти ёшлардан иборат. Демак, сафимизга ўзгача руҳдаги фарзандларимиз, ука-сингилларимиз ҳам кириб келди. Улардан турли ташаббуслар чиқишидан барчамиз умид­вормиз ва уларни бу борада ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

– Сиз касаба уюшмалари тизимида 2010 йилдан буён раҳбар сифатида ишлаб келмоқдасиз. Тизимдаги бундан ўн йил олдинги вазият билан ҳозиргисининг ўртасида қандай тафовутлар бор?

– Бугун талаб буткул бошқача. Янгиланиш­лар бизни доимо сергак туришга, бехато ишлашга ундамоқда. Илгари бир ойда қилган ишларимизни айни паллада бир кунда бажаришимизга ҳам тўғри келяпти. Яратганга шукр, шунга яраша тақдирланяпмиз ҳам. Ҳаётимиз илгаригидан бир неча баробарга тўкислашгани ҳам бор гап. Зотан, камроқ гапириб, кўпроқ ишлаш таомилга айланган жойда, албатта, ўсиш бўлади.

– Бугун касаба уюшма ташкилотларининг ҳамкорлари, давлат ташкилотлари билан биргаликда белгилаб олган вазифаларининг бажарилишидан қониқиш ҳосил қилиш мумкинми?
– Тўғриси, Навоий вилояти кенгаши раҳбари сифатида вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, туман ҳокимиятлари, Ёшлар агентлиги, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси билан аввалдан режалаштирган ишларимизнинг амалда бажарилишидан хурсандман. Бироқ бу ҳали кам. Ҳамкор ташкилотлар, маслакдош­ларни янада кўпайтиришимиз, меҳнат жамоалари билан келишувларни орттиришимиз лозим.
Бугун бирлашманинг қуйи тизими раҳбарлари фаолиятидаги муаммоларни тезроқ бартараф этишимиз шарт. Туман, шаҳар кенгашлари, меҳнат жамоаларидаги бошланғич ташкилотлар раҳбарларининг ишини янада жонлантиришимиз керак. Ҳуқуқий ҳимоя борасидаги ишлар ҳам талаб даражасида, деб бўлмайди. Мурожаатларни ўрганиш, муаммоларни ҳал этиш борасида сусткашликка йўл қўйилаётганидан, айниқса, ташвишланаман. Баъзи бир туман ва шаҳар кенгашлари мутасаддилари ҳаттоки мурожаатларни рўйхатга олиш дафтарларини юритмаётганига гувоҳ бўлдим. Хуллас, ҳаракат ва кутилган натижа уйғунлигига эришишимиз даркор.

– Сизга яна беш йилга ишонч билдирилган. Бу давр давомида нималарни ўзгартиришни кўзлаяпсиз?

– Бирлашма ва унинг қуйи тизимларига мурожаат қилганларнинг муаммоларини зудлик билан бекам-у кўст бартараф этишни ният қил­япман. Ишчи-ходимлар манфаати масаласида ҳуқуқий органларга мурожаат қилишдан олдин биз билан маслаҳатлашишини, беминнат ёрдамларимиздан манфаатдор бўлишини истайман.
Ходимларнинг меҳнатини, соғлиғини муҳофаза қилиш борасида ҳам алоҳида режаларимиз бор. Маълумки, Навоий вилояти саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш соҳаси жадал ривожланаётган истиқболли ҳудуд. Муҳофаза ва хавфсизлик борасидаги мавжуд қоидаларга амал қилмаслик ёмон оқибатларга олиб келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Кейинги 5 йиллик ҳисоботдан мисол келтирадиган бўлсам, меҳнат жамоаларида 46 та бахт­сиз ҳодиса юз берган. Бунинг натижасида 32 нафар киши оғир тан жароҳати олган бўлса, 15 киши бевақт ҳаётдан кўз юмган. Хўш, уларнинг етим қолган фарзанд­лари учун бугун ким қайғуриши керак? Биз, албатта. Бундай савобли ишга ҳаммамиз қўлдан келганча ҳисса қўшсак, асло кам бўлмаймиз. Хуллас, бугун соҳада қиладиган ишларимиз жуда кўп. Вақт эса кутиб турмайди. Ҳаммасига улгуришимиз керак.

– Вилоятлар касаба уюшма ташкилотлари раҳбарлари орасида биргина аёл сизсиз. Ҳам раҳбарлик, ҳам оналикнинг юки оғирлик қилмайдими? Бунинг устига бугунги раҳбарлар олдига ­қўйилаётган вазифалар янада тиғиз ва масъулият билан ишлашни тақозо этаётган бир пайтда…

– Бугун қай раҳбарга осон деб ўйлайсиз? Энг муҳими, сизни кимдир кунига сўраб-суриштириб турса, ишингизни, фаолиятингизни назорат қилса, вақтида илҳомлантирса, юртга керакли инсон эканингизни ҳар дам эсингизга солиб турса, бундан ортиқ бахт борми кишига? Йўқ, менимча!

– Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош:
Нормурод МУСОМОВ,
«ISHONCH»


Бошқа хабарлар